2019 йилда 110 млн долларга тенг инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

14:16 16 Апрель 2019 Жамият
353 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш соҳасида биринчи Халқаро инвестициявий форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурини ижросини таъминлаш, соғлиқни сақлаш соҳаси ва фармацевтика саноатида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, тиббиёт соҳасининг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва бу соҳада халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган форумда Россия, Хитой, Франция, Греция, Ҳиндистон, Беларусь, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва яқин қўшниларимиз – Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжон сингари ўндан зиёд мамлакатлардан хорижий компаниялар ҳамда Ўзбекистон тиббиёт ва фармацевтика саноатининг вакиллари фаол иштирок этишмоқда.

Мазкур форумда қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, умумий қиймати 600 миллион АҚШ долларидан зиёд 17 истиқболли сармоявий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда жами 23 миллион АҚШ долларига тенг тўртта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Жумладан, Туркиянинг “Cani Med Health” компанияси сармоядорлари билан биргаликда лаборатория марказини, Ҳиндистоннинг “Pratiksha Hospital Group”билан ҳамкорликда кўп тармоқли марказни ташкил этиш, “Khalifa Bin Zayed AI NahyanFoundation” араб компанияси кўмагида “Она ва бола” клиникасини қуриш ва жиҳозлаш, Германиянинг KfW банки томонидан эса минтақавий тиббиёт марказларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш каби лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Айни пайтда хорижий сармоядорлар иштирокида нафақат пойтахтда, балки мамлакатнинг барча ҳудудларида 50 га яқин йирик хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда.

Агар 2018 йилда соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро молия институтлари кўмагида 24 млн. АҚШ доллари олтита лойиҳани амалга оширишга сарфланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич бир неча бараварга ошиб, йил охиригача 110 млн. АҚШ доллари қийматида саккизта лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган.

Фармацевтика саноатига инвестицияларни йўналтиришга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўтган йилда фармацевтика саноатида 96 млн. АҚШ долларига тенг 34 та инвестициявий лойиҳа, шу жумладан, 7 та эркин иқтисодий зонада 61 млн. АҚШ доллари қийматидаги 8 та лойиҳа амалга оширилди. Бундан ташқари, ушбу зоналарда 169 миллион АҚШ долларига тенг 30 лойиҳани амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда жами 485 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳалари амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш истиқболлари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноатининг сармоявий салоҳияти, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асосида саноат ривожлантириш ва Ўзбекистонда тиббий туризмни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Форум доирасида B2B ҳамкорлик кооперацияси биржаси ҳам бўлиб ўтади. Шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзэкспомарказ”да “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2019” 24 – Халқаро соғлиқни сақлаш кўргазмаси ташкил этилиб, унда 22 мамлакатдан 250 компания ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тиббий жиҳозлар, лабораториялар, фармацевтик ва стоматологик асбоб-ускуналар, дори-дармон маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда. Кўргазма доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистонда тиббий туризм салоҳияти” мавзусида тақдимоти ҳам ўтказилади.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов, Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов иштирок этди ва сўзга чиқди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019