2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида

09:11 18 Апрель 2019 Ҳужжатлар
643 0

​Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Қарори​

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил сиёсат амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди, 13 та санитария жиҳатидан тозалаш давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 172 та филиали, шунингдек, 9 та маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари ташкил этилди. Кўрилган чора-тадбирлар аҳолининг деярли ярмини санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан қамраб олинишига имкон берди.

Шу билан бирга, қишлоқ аҳоли пунктларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларнинг етарли даражада таъминланмаганлиги, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги инфратузилманинг қониқарсиз ҳолатда эканлиги, мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонларининг санитария талаблари ва экологик меъёрларга мувофиқ келмаслиги мазкур соҳада комплексли чора-тадбирларни қабул қилишни талаб этмоқда.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш бўйича самарали тизимни яратиш, уларнинг фуқаролар соғлиғи ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини бартараф қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ — 5635-сонли “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишни назарда тутувчи, 2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси (кейинги ўринларда — Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга йўналтирилган санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмасини ривожлантириш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш;

полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини камайтириш, санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;

санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида нархлар шаклланишини такомиллаштириш ва тарифларни оптималлаштириш;

қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланиш.

2. Қуйидагилар Стратегиянинг асосий принциплари этиб белгилансин:

Стратегияни амалга оширишнинг барча босқичларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

қаттиқ маиший чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида улар билан амалга ошириладиган барча жараёнлар устидан назоратни таъминловчи қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланишини кўзда тутувчи, тегишли ҳуқуқий ва иқтисодий асосларни яратиш заруриятини белгиловчи “ифлослантирувчи тўлайди” принципини жорий этиш;

танлов асосида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги.

3. Стратегия қуйидаги босқичларда амалга оширилиши белгилансин:

биринчи босқич (2019 — 2021 йиллар)  қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базасини ва иқтисодий тартиботлар механизмларини такомиллаштириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида санитария жиҳатидан тозалашнинг моддий-техника базасини ва инфратузилмасини ривожлантириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида экологик таълим тизимини ривожлантириш учун методик ва ахборот таъминотини яратиш;

иккинчи босқич (2022 — 2028 йиллар)  қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш, полигонларни оптималлаштириш, қайта юклаш станциялари ва чиқиндиларни қайта ишлаш объектларини қуриш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, қуйидаги мақсадли индикаторларга эришиш:

аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олишни 100 фоизга етказиш;

ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60 фоизини қайта ишлашни таъминлаш;

ўзига хос қаттиқ маиший чиқиндиларни (таркибида симоб бўлган чиқиндилар, автошиналар, аккумуляторлар, ишлатилиб бўлинган мойлар, қадоқлаш чиқиндилари ва ҳ. к.) қайта ишлаш ҳажмини 25 фоизгача ошириш;

полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини 60 фоизгача камайтириш;

барча полигонлар ҳолатини ўрнатилган талабларга мувофиқлаштириш, ёпилган полигон ерларини тўлиқ рекультивация қилиш;

қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларида муқобил энергия манбаларидан 35 фоизгача фойдаланиш;

полигонлар ҳолати мониторингини (ер ости (сизот) сувлари ва атмосфера ҳавосининг ҳолати устидан назорат) 100 фоизгача таъминлаш.

4. 2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури (кейинги ўринларда — Ҳаракатлар дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги Ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини, шунингдек, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли молиялаштириш маблағларининг хусусий секторга жалб қилинишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси аҳолининг экологик маданиятини ошириш бўйича ишларни, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, кенг кўламли тарғибот фаолиятини ташкиллаштиришни кучайтирсин.

8. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири А. Ж. Раматовга — Стратегия ва Ҳаракатлар дастурининг амалга оширилишида масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкиллаштириш ҳамда мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Т. Кучкаров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига — Стратегия ва Ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган тадбирларнинг ўз муддатларида бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини ёритиш бўйича, шунингдек, Стратегия ва Ҳаракатлар дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисида мақолалар ҳамда мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси                  Президенти Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2019 йил 17 апрель


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019