2010-2018 йилларда 153 нафар чақалоқ одам савдоси қурбонлари деб тан олинган

11:12 01 Март 2019 Жамият
504 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

«Халқ сўзи ОНЛИНE»/Мунисхон Каримова. Омбудсман ўз ҳисоботида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг айрим ҳудудлардаги ижросига ҳам тўхталиб ўтди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Наманган, Андижон ва Навоий вилоятларида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан мониторинг ўтказилди. Мониторинг жараёнида 8 та туғруқхона комплексининг ва 8 та Халқ таълими вазирлиги тузилмасида туман ёки вилоят даражаларида ташкил этилган васийлик ва ҳомийлик органининг иши ўрганилди.

Ўтказилган мониторинг қуйидаги асосий жиҳатларни ажратиб кўрсатиш имконини берди. Васийлик ва ҳомийлик органлари васийлар ва ҳомийлар ўзларига юкланган мажбуриятларни бажариши устидан бир йилда камида икки марта назорат тадбирларини ўтказиш, васийлик остидаги шахсларга қараш, уларни тарбиялаш ва тиббий кузатиб боришни ташкил этишда уларга ёрдам кўрсатиш бўйича талабларни бажармаяпти. Мазкур ҳудудларда 2010-2018 йилларда 153 нафар чақалоқ одам савдоси қурбонлари деб тан олинди. Васийлик органларида уларнинг фақат 74 нафари ҳақида (48 фоизи) ахборот мавжуд. Хусусан, Хоразм вилоятида васийлик органи одам савдоси қурбонларининг 96 фоизи ҳақида, Андижон вилоятида 65 фоизи ҳақида, Бухоро вилоятида 57 фоизи ҳақида ва Фарғона вилоятида 50 фоизи ҳақида ахборотга эга эмас.

Туғруқхона комплекслари 2016-2018 йилларда 17 193 нафар чақалоқнинг туғилиши ҳақида Тиббий маълумотномалар бермаган. Маълумотнома берилмаган ҳар учинчи чақалоқ Самарқанд вилоятига тўғри келади. Яқинда туққан аёлнинг паспорти йўқлиги ёки унинг амал қилиш муддати тугаганлиги (46 фоизи), никоҳ рўйхатдан ўтказилмаганлиги (46 фоизи), никоҳдан ўтказилган аёл у билан никоҳ қурмаган эркакдан фарзанд кўриши (6 фоизи) бундай вазиятнинг сабаблари ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда яқинда туғадиган ёки туққан аёллар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз туғруқхона комплексларига келганда улар ходимларининг хатти-ҳаракатларини тартибга солиш, зарур маълумот олиш юзасидан уларнинг ички ишлар органлари билан алоқаси баён қилинмаган.

Суд органлари ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг олди-сотди ишлари тўғрисидаги жиноят ишларини кўриб чиқишда ҳукмларда мазкур шахс етим болалар ва ота-онасининг қарамоғисиз қолган болалар тарбияланадиган интернат муассасасига ўтказилганлигини кўрсатмайди. Бу эса мазкур муассасаларда болани расмийлаштиришда, туғилганлик ҳақида ўз вақтида гувоҳнома олишда, ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилиш, ўғил қилиб олиш, қиз қилиб олиш тўғрисида даъво киритишда, васийлик ва ҳомийлик ўрнатишда қийинчилик туғдиради.

Никоҳни бекор қилиш жараёнида, шу жумладан қонуний эр-хотинлар бошқа шахслар билан фуқаролик никоҳида яшаётган ва уларнинг ўзаро фарзандлари бўлган ҳолларда ҳам томонларни яраштириш учун суд томонидан муддат берилади. Бу туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ўз вақтида олмасликка, унда ота-оналар тўғрисида ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар кўрсатилишига, боланинг отаси ёки онаси бўлмаган шахсга алиментлар тўланишига олиб келмоқда.

Ўтказилган мониторинг натижалари бўйича «Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги мониторинг натижалари бўйича одам савдосига қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида» (2018 йил май) ва «Республиканинг айрим ҳудудларида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини амалга ошириш тўғрисида» (2018 йил июль) ахборот-таҳлилий материаллар тайёрланди. Омбудсманнинг мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини ва давлат органлари фаолияти амалиётини такомиллаштиришга доир материаллари ва таклифлари парламент палаталари ва Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия кўриб чиқиши учун киритилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019