2005 йил. “Вузгородок”. Шавкат Мирзиёев имконсизликда имкон топган эди (3-қисм)

20:50 15 Февраль 2019 Жамият
886 0

Иллюстратив фото

Халқ орасида “вузгородок” номи билан машҳур маскан пойтахтнинг мўъжазгина жойини эгаллаган бўлса-да, унинг довруғи мамлакатнинг ҳар бир бурчагига етиб борган, десак, адашмаймиз. Зотан, бугун юртимизда истиқомат қилаётган аксарият зиёлиларнинг тақдири, катта ҳаётдаги дастлабки қадамлари, ёрқин онлари айнан шу ер билан боғлиқ.

ХХ асрда бунёд этилган мазкур шаҳарча йиллар ўтиши билан абгор аҳволга келиб қолганини кўпчилик яхши эслайди. Бу ердаги инфратузилма, талабаларнинг яшаш шароити ва маданий-ижтимоий муҳит талабга мутлақо жавоб бермасди.

Мустақилликка эришганига кўп бўлмаган, шундоқ ҳам “иқтисодий муаммолар” (бу сўзларни нега қўштирноққа олганимизни кейинроқ тушуниб оласиз) гирдобида қолган мамлакатнинг эртанги келажагини белгилаб берадиган асосий куч — ёшлар камол топадиган масканга эътибор етарли эмасди.

Фақатгина 2003 йилда Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келгач, барча жабҳа қатори таълим соҳасига бўлган қарашлар ҳам ўзгарди. Хусусан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2005 йили “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига бориб, у ердаги аҳвол билан танишади. Мавжуд вазиятни кўриб, зарур чоралар белгилайди. Бироқ шаҳарчада амалга оширилган ишлар хамирдан қил суғургандек осон кечмаган эди...

Биз ўша даврда ушбу бунёдкорликда иштирок этган мутасаддилар билан суҳбатлашдик. Улар воқеаларни шундай эсга олишди.

Авазжон МАРАҲИМОВ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори:

— Талабалар шаҳарчасидаги илк бинолар ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган. Қатор таълим муассасалари, халқ тилида “ётоқхона” деб аталувчи ўнлаб талабалар тураржойлари, аҳоли яшайдиган объектлар жойлашган ҳудуд Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 11 февралдаги қарорига биноан “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси деб аталса-да, бу ердаги иншоотларнинг бирортаси таъмирланмаганидан, эскириб кетганидан, муҳитда қандайдир сўлғинлик, эски давр руҳи уфуриб турганидан ёшлар шаҳарчасини ўз номига мос, деб бўлмасди.

Деразаю ойналари синиб, эшигу деворлари путурдан кетган, зах анқиб ётган бефайз масканларда яшаётганидан норозилик кайфиятида юрган ёшларни ўша вақтларда ҳам олий таълим тизимида ишлаган инсон сифатида бир неча бор учратганман. Бироқ эндигина истиқлолга эришиб, оёққа тураётган мамлакат учун ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш осон иш эмасди. Шунга қарамай, ўша вақтларда Бош вазир бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиёев тараққиётга эришиш учун, аввало, ёшларни етук мутахассис қилиб тарбиялаш, бунинг учун барча шарт-шароитни яратиш керак, деган фикр ва ташаббус билан чиқди. Бунга ўша пайтдаги айрим амалдорлар қарши чиққан, амалга ошириб бўлмайдиган иш, деб қараган эди. Лекин Шавкат Миромонович фикрида қатъий турди ва мақсадини амалга оширди.

2005 йилнинг ёзини яхши эслайман. Шавкат Миромонович ҳудуддаги ҳар бир талабалар тураржойи биносига шахсан ўзи кириб, мавжуд муаммолар билан танишди. Иморатларнинг чордоғи ва ертўлаларигача кўздан кечириб бўлгач, “Бундай оғир шароитларда яшаб келаётган фарзандларимизга тасанно айтсак арзиркан... Бу ердаги муаммоларга зудлик билан ечим топмасак, эртага кеч бўлади”, деган эди.

Кўп ўтмай, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Шавкат Мирзиёев деярли ҳар куни ҳудудга келиб, олиб борилаётган бунёдкорликлар билан танишарди. Махсус штабда йиғилиш ўтказиб, “Фалончи, сен мана шу институтда ўқигандинг, анави тураржойда яшагандинг, бугун мана пистончи ташкилотнинг раҳбарисан, энди шу ҳудуднинг обод бўлишига ҳисса қўшиш бурчинг”, деб қурилиш ишларига ҳомий сифатида бириктирилган ташкилотлар, вазирлик ва идоралар раҳбарларини янада фидойи бўлишга, бунёдкорлик ишларини жонлантиришга даъват этарди.

Қисқа фурсатда шаҳарча бутунлай янги қиёфа касб этди. Замон талаблари асосида қайта қад ростлаган талабалар тураржойлари, спорт иншоотлари, хизмат кўрсатиш объектлари кўзни қувонтиради. Энг муҳими, бу ерга деярли ҳар куни келиб-кетадиган профессор-ўқитувчиларнинг ҳам, тураржойларда яшаётган ёшларнинг ҳам онгу тафаккурида, дунёқарашида, ҳаётга муносабатида ўзгариш рўй берди. Энди улар ўқиши, ишлаши учун яратилган шароитларга муносиб бўлишга интила бошладилар. Талабаларнинг катта мақсадларни олдига қўйиб, таълим олаётганидан, изланаётганидан уларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланганини сезиш қийин эмасди.

Шавкат Миромонович шаҳарчада, шунингдек, ҳар бир талабалар тураржойида ўзини ўзи бошқариш тизимини жорий этишда ҳам ташаббускор бўлди.

Ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам катта эътибор қаратилди. Бу ерга кўп йиллик ва мавсумий гул ниҳоллари, манзарали дарахтлар, тераклар, каштан, япон софораси кўчатлари экилди. Ҳар бир талаба ўзи таълим олаётган, истиқомат қилаётган ҳудудда дарахт ва гул кўчати экиб, уни мунтазам парвариш қилиши йўлга қўйилди. Бу ёшларимизда халқимизнинг эзгу қадрият ва анъаналарига ҳурмат-эҳтиром туйғулари шаклланишида, қалбида она табиатга меҳр уйғотишда катта аҳамият касб этмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар самарасида шаҳарчада инсонга хушкайфият бахш этувчи гулзорлар пайдо бўлди.

Шаҳарчада ёшларимизнинг порлоқ келажагини ўйлаб амалга оширилган бу эзгу ишлар талабалар билан бир қаторда ота-оналарнинг ҳам қувончига қувонч қўшди. Буни уларнинг самимий дил сўзлари, бу ерда амалга оширилаётган ишларга бўлган қизиқишлари тобора ортиб бораётганидан ҳам билиш мумкин.

Қаҳрамон ШОНАЗАРОВ, Олмазор тумани ҳокими ўринбосари, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими:

— Президентимизнинг ушбу саъй-ҳаракатини чинакам жасорат, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки ўша вақтларда шаҳарчамиздаги тураржойларнинг аксарияти, чиндан ҳам хароб аҳволда, инфратузилма ҳам ҳаминқадар эди. Умуман, талабаларнинг билим олиш ҳамда яшаш шароитлари яхши эмасди.

Мен ўша йиллари Тошкент давлат техника университетининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори бўлиб ишлардим. Ўзим шоҳиди бўлганман, Шавкат Мирзиёев қадам-бақадам ҳудудни айланиб чиқиб, тегишли вазифалар бўйича аниқ кўрсатмалар берардилар. Яъни Шавкат Миромоновичнинг талабаларга эътибори ўзгача эди.

Ўшанда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича махсус штаб ҳокимлигимизда жойлашган эди ва у ерда иш кеча-кундуз қизғин кечарди.

Энди бевосита бугунги кундаги ўзгаришларни қаранг. Қурилишни, ободликни кўриб, ҳавасингиз келади. Шаҳарчамиз янада чирой очяпти.

 

2005 йил. “Вузгородок”. Шавкат Мирзиёев имконсизликда имкон топган эди (1-қисм).

2005 йил. “Вузгородок”. Шавкат Мирзиёев имконсизликда имкон топган эди (2-қисм).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019