2005 йил. “Вузгородок”. Шавкат Мирзиёев имконсизликда имкон топган эди

18:47 15 Февраль 2019 Жамият
1343 0

Иллюстратив фото

Халқ орасида “вузгородок” номи билан машҳур маскан пойтахтнинг мўъжазгина жойини эгаллаган бўлса-да, унинг довруғи мамлакатнинг ҳар бир бурчагига етиб борган, десак, адашмаймиз. Зотан, бугун юртимизда истиқомат қилаётган аксарият зиёлиларнинг тақдири, катта ҳаётдаги дастлабки қадамлари, ёрқин онлари айнан шу ер билан боғлиқ.

ХХ асрда бунёд этилган мазкур шаҳарча йиллар ўтиши билан абгор аҳволга келиб қолганини кўпчилик яхши эслайди. Бу ердаги инфратузилма, талабаларнинг яшаш шароити ва маданий-ижтимоий муҳит талабга мутлақо жавоб бермасди.

Мустақилликка эришганига кўп бўлмаган, шундоқ ҳам “иқтисодий муаммолар” (бу сўзларни нега қўштирноққа олганимизни кейинроқ тушуниб оласиз) гирдобида қолган мамлакатнинг эртанги келажагини белгилаб берадиган асосий куч — ёшлар камол топадиган масканга эътибор етарли эмасди.

Фақатгина 2003 йилда Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келгач, барча жабҳа қатори таълим соҳасига бўлган қарашлар ҳам ўзгарди. Хусусан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2005 йили “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига бориб, у ердаги аҳвол билан танишади. Мавжуд вазиятни кўриб, зарур чоралар белгилайди. Бироқ шаҳарчада амалга оширилган ишлар хамирдан қил суғургандек осон кечмаган эди...

Биз ўша даврда ушбу бунёдкорликда иштирок этган мутасаддилар билан суҳбатлашдик. Улар воқеаларни шундай эсга олишди.

Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси:

— Бундан ўн беш йил аввалги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасидаги қониқарсиз аҳволни кечагидек жуда яхши эслайман. 2005 йилда, ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимида фаолият олиб борган Шавкат Мирзиёев мазкур шаҳарчага келиб, аҳволни ўз кўзи билан кўрди. Фарзандларимизнинг яшаш шароити, таълим олиши учун яратилган ҳолат билан танишди. Талабалар тураржойлари, ювиниш хоналари, ҳатто ертўлаларигача тушиб кўрди-да, жуда хафа бўлди.

“Болаларимиз қандай қилиб бундай ҳолатда яшаяпти? Шунча пул топсак, шунча олтинимиз, пахтамиз бўлса, нега фарзандларимиз бунақа хароб ҳолатда яшаши керак?” дея ниҳоятда қаттиқ куйинган эди. Шундан сўнг вазиятни ўнглаш мақсадида давлат раҳбарига таклиф киритади. Аммо Молия вазирлиги томонидан маблағ йўқлиги важ қилиниб, рад этилади.

Табиатан куйинчак, айниқса, ёшлар тақдирига бепарво муносабатга жим қараб туролмайдиган Шавкат Мирзиёев шаштидан қайтмади. Бу оғриқли масалани ҳал этишнинг бошқа йўлларини излай бошлади. Шаҳарчага барча давлат идоралари ва йирик корхоналар раҳбарларини таклиф қилиб, мавжуд аҳвол билан таништирди. Йиғилишда иштирок этганларнинг кўпчилиги қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун имкон доирасида ҳомийлик маблағларини ажратишга тайёр эканини билдирди.

Ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам узоқни кўзлаб, оқилона қарор қабул қила оладиган бир шахснинг ташаббуси билан мана шундай мураккаб муаммога ечим топилганди ўшанда. Бу нафақат ёшлар, балки улар тимсолида бутун халқимизни рози қилиш йўлидаги жасоратли қадам эди.

Ертўлалари сувга тўлган, нураб бораётган бинолар жадал суръатларда олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида қисқа фурсатда бутунлай янги қиёфа касб этди. Маънавият маркази барпо қилиниб, талабалар тураржойларининг ўзида кутубхона, дарс тайёрлаш, овқатланиш ва компютер хоналари, спорт билан шуғулланиш учун тренажёр зали, ҳатто кир ювиш учун алоҳида шароитлар яратилди.

Таъбир жоиз бўлса, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси қайтадан туғилди. Бу ерда турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, таниқли ижодкорлар билан ижодий учрашувлар, адабиёт кечалари мунтазам ўтказиладиган бўлди. Талабалар ҳаёти маданий мазмун билан бойиди. Шу саъй-ҳаракатлар мисолида “Обод маҳалла” дастури айнан талабалар шаҳарчасидан бошланган эди, десак, муболаға бўлмайди. 

Замон ўтгани сайин ҳар бир иш, ҳар бир ҳудуд муайян такомиллашув, янгиланишни талаб қилади. Шу маънода, жорий йил бошида Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети ва “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳудудида кенг кўламли қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишларига киришилди. Бу ердаги қайноқ жараённи кўриб, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор нақадар юксаклигини яққол ҳис қиласиз. Ҳудудда замонавий шаҳарсозлик талабларига мос ва ўзига хос архитектурага эга пиёдалар ҳамда велосипед йўлаклари, автотураргоҳлар барпо этилмоқда. Йўллар асфальтланиб, яшил ҳудудлар яратилди, ирригация тармоқлари янгиланди.

Бугун “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ёшларнинг ҳам кайфиятига ижобий таъсир этаётгани, шубҳасиз.

Навбатдаги мақоламизда 2005 — 2011 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими бўлган Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг ўша давр ҳақидаги эсдаликлари баён этилади.

Бизни кузатиб боринг!

 

2005 йил. “Вузгородок”. Шавкат Мирзиёев имконсизликда имкон топган эди (2-қисм).

2005 йил. “Вузгородок”. Шавкат Мирзиёев имконсизликда имкон топган эди (3-қисм).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019