200 миллион сўмлик уй учун 455 миллион сўм фоиз. Ипотека кредитини Испаниядан олсаммикан?

19:19 18 Июнь 2020 Иқтисодиёт
4832 0

Иллюстратив сурат

Испаниядаги банклар кўпроқ ўз халқини ва чет эл фуқароларини ўйлашар экан. Бизда эса банклар фойда олишни ўйлашади…

Испанияда ҳатто чет эл фуқаролари ҳам кредит олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

Испанияда ипотека кредитлари одатда 5 йилдан 30 йилгача муддатга берилади. Айрим хорижий давлатларда 40 йил муддатга ҳам берилади. Бизда энг кўпи билан 20 йил муддат.

Испания банклари Испанияда мулкни кредит асосида сотиб олаётган чет элликларга кредит бериш, қулай молиялаштириш шартларини таклиф қилишади. Шунингдек, уларда кредит бўйича фоиз ставкалари қатъий, ўзгарувчан ва аралаш бўлиши мумкин. Бизда фоиз ставкалари қатъий. Уни ўзгартира олмайсиз.

Энг қизиғи ва менга ёққан жойи ҳозирги вақтда Испанияда кредитлар бўйича фоиз ставкалари йилига 2,5 — 3.5 фоиз атрофида. Бизда эса энг ками Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидан олмоқчи бўлсангиз йилига энг ками 20 фоиз ва ундан юқори. Ўзимизда ҳар бир банкни расмий сайтида кредит калькулятори мавжуд. Ипотека банкининг расмий сайтидаги кредит калькулятори бўйича ўртача 200 000 000 сўмлик уй-жойни ҳисоб-китоб қилиб кўриб қўрқиб кетдим. 20 йилга тахминан уй менга 655 000 000 сўмга тушаркан. 455 000 000 сўмни банк қарз бериб тургани учун беришим керак экан. Буни нима деб аташни ҳам билмайман.

Шу ўринда савол пайдо бўлади. Банклар халқни оғирини енгиллаштириши, уларга қулай шароитлар яратиб бериши керакмасми? Нега кўплаб нарсаларда илғор хорижий тажрибаларни ўрганамизу, ипотека кредити берилишида амал қилинмайди бу қоида. Биздаги банкларнинг фаолияти оддий тилда айтганда, сутхўрлик кўринишидаги фаолиятга ўхшаб қолмаяптими?

Фарруҳбек ЖЎРАЕВ, ҳуқуқшунос.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?