200 йил олдин сув тошқини остида қолган ибодатхона яна пайдо бўлди

16:49 30 Июнь 2020 Дунё
163 0

Ҳиндистон шарқида жойлашган Одиш штати аҳолиси ғайриоддий ҳодиса ҳақида хабар беришди.

"The Daily Mail" хабарига кўра, тахминан 200 йил олдин сув босган қадимий ҳинд ибодатхонаси яна сув устида пайдо бўлган.

Маълумотларга кўра, 500 йил олдин қурилган ушбу бино бир пайтлар Маханади дарёси бўйида қад ростлаган. Аммо ХVIII асрда кузатилган кучли ёмғирдан сўнг дарё оқими ўз йўналишини ўзгартирган ва натижада ибодатхона ҳам, унга яқин атрофда жойлашган бир неча қишлоқлар ҳам бутунлай сув остида қолган.

Таъкидланишича, ибодатхона узоқ вақт давомида йўқолган деб ҳисоблаб келинган. Маҳаллий аҳоли ҳам унинг аниқ жойлашган жойини эслай олмаган. Ҳиндистон Миллий санъат ва маданий мерос жамғармаси томонидан ташкил этилган қидирув ишлари эса муваффақиятсиз якун топган.

Аммо бир неча кун олдин Маханадидаги сув сатҳи жуда пасайган ва қадимий меъморий ёдгорликнинг бир қисми сув юзасида пайдо бўлган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, бино бутунлай дарё остида жойлашган бўлиб, фақат энг юқори қисмгина кўриниб турган ва эҳтимолки, айни шу жиҳат ибодатхонани топишда амалга оширилган уринишларнинг муваффақиятсиз тугашининг сабаби бўлган.

Жамғарма мутахассисларининг қайд этишларича, ибодатхонанинг баландлиги 18 метрни ташкил этиб, умумий номи Сатапатана бўлган еттита қишлоқнинг ўртасида қад ростлаган.

Олимларнинг фикрига кўра, лой вайронагарчиликдан ҳимоя қилгани боис ибодатхона яхши сақланиб қолган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, бутун 18 метрли бинонинг 15 метрга яқин қисми чўкинди билан қопланган ва атиги 3-3,5 метригина очиқ қолган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?