17 май — Рамазон ойининг биринчи куни

13:02 11 Май 2018 Жамият
855 0
Фото: UzNews.uz

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан диний-маърифий соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари қайси ҳудудга ташриф буюрмасин, ўз сафарини энг аввало муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишдан бошлаши, масжидларни таъмирлашга эътибор қаратиши, жамиятимизда барқарорлик, меҳр-оқибат муҳитини таъминлашда диний уламолар, хусусан, имом-хатиблар ўрни муҳим эканлигига урғу бериб, уларга алоҳида ишонч билдириши бежиз эмас. Зеро, ушбу саъй-ҳаракатлар замирида фарзандларимизни намунали хулқ эгаси, маънавиятли этиб тарбиялашдек улуғвор мақсадлар мужассам.  

11 май куни Ўзбекистон мусулмонлар идораси мажлислар залида Рамазон ойига пухта тайёргарлик кўриш, ушбу муқаддас ойни диёримизда кўтаринки руҳда ўтказишга бағишланган анжуманда ҳам шу ҳақда таъкидлаб ўтилди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур, имом-хатиблар, журналистлар ва диний таълим муассасалари ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда Рамазон ойи фазилатлари ҳақида сўз борди, ифторлик масаласида кимўзарга беллашмаслик, исрофгарчиликка йўл қўймаслик сўралди. Шайх Абдулазиз Мансур томонидан Астраномия институти илмий хулосаларига асосан Рамазоннинг биринчи куни 17 май куни бўлиши билдирилди. Бу эълон бугун жума намозида имом-хатиблар томонидан аҳолига етказилиши ҳам таъкидлаб ўтилди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.


 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар