1590 нафар битирувчига икки мингга яқин бўш иш ўрни таклиф этилди

17:29 09 Апрель 2018 Жамият
621 0
Фото: Ҳаким Йўлдошев "Халқ сўзи".

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда республикамиз бўйича 100 дан ортиқ иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар 2 мингга яқин бўш иш ўринлари билан қатнашди.

— 2017/2018 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассислиги бўйича жами 1590 нафар талаба битиради, — дейди институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Баҳодир Мирзаев. — Ярмарка битирувчиларга ўз мутахассисликлари бўйича иш берувчилар билан ўзаро шартнома тузиш учун қулай имконият яратди. 
Тадбир доирасида кўплаб ёшлар ўз иш жойларини тайин қилиб олишди, уларга йўлланмалар берилиб, ўзаро шартномалар ҳам имзоланди. 

Фото: Ҳаким Йўлдошев "Халқ сўзи".

— Таклиф этилаётган иш ўринлари, меҳнат шароити билан яқиндан танишдим, — дейди Сайдулло Суюнов. — Мутахассислигим бўйича “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаштириш институтига ишга йўлланма олдим. Бундан жуда хурсандман. Биз, ёшлар жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз. 

Тадбирда Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги ташкилотлардан 13 та вакант иш жойи таклиф этилди. Уларга иқтидорли йигит-қизлар жалб этилмоқда. Сирдарёлик Ирода Наврўзова ушбу бошқармадан ўзига муносиб ишни топганидан мамнун. 

— Бугун ўзимга муносиб иш топдим, — дейди Ирода. — Ўқиш давомида мазкур бошқармада амалиёт ўтаб, шу ерда ишлашни орзу қилгандим. Сабаби, меҳнат шароити менга жуда маъқул келганди. Қолаверса, уйимга ҳам узоқ эмас, бемалол қатнаб ишлашим мумкин. Энди билдирилган ишончни оқлаб, сидқидилдан ишлайман.  

Ўтган йили ушбу олийгоҳни тамомлаган ёшларнинг деярли барчаси турли ташкилотларда фаолият кўрсатишмоқда. Жорий йилда ҳам шундай кўрсаткичга эришишда ташкил этилган меҳнат ярмаркаси катта майдон вазифасини ўташи, шубҳасиз. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар