15 миллион сўм. Она 5 яшар ўғлини шунча пулга баҳолади

15:51 23 Ноябрь 2018 Жамият
590 0

Иллюстратив фото

Ота-оналарнинг фарзандларига ғамхўрлик қилиши, меҳр бериши ҳар бир бола учун катта бахт. Бироқ, минг афсуски, ҳамма ҳам бундай бахтдан баҳраманд эмас. Болани бир буюм санаб, ўзгаларга сотиш фикрида юрганлар, жазм қилиб ушбу жирканч ишга қўл урганлар орамизда топилади.

Ҳозирги кунда глобал муаммога айланган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, унинг илдиз отишига чек қўйиш ва оқибатларини бартараф этиш юзасидан мамлакатимизда муттасил чора-тадбирлар кўриляпти.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида болалар савдоси, миллатимизга иснод бўладиган ана шундай жиноий ҳолатлар фош этилиб, мурғак қалбларнинг тақдирига бўлган таҳдидларнинг олди олинмоқда.

Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази берган маълумотларга кўра, шу йили департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари чақалоғини пул эвазига ўзгага сотаётган аёлни қўлга олишди. Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи 23 ёшли О. Жумабаева ўз дилбандини 4000 АҚШ долларига сотиб юбормоқчи бўлганида ушланди.

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи Чори Тоипов эса ўз қизининг эндигина дунё юзини кўрган ўғилини, яъни неварасини 1,5 миллион сўмга пуллаётганда қўлга тушди. Наҳотки, бола қадри шу арзимаган пул билан ўлчанса...

Яна бир жиноятга Яшнобод туманидаги кафелардан бирида чек қўйилди. Фуқаро Ёқубова эндигина атак-чечак қилишга ўрганаётган 11 ойлик ўғлининг энг ширин даврида ундан воз кечмоқчи бўлди. Албатта, шунчаки эмас, мўмай пуллар эвазига. Ёқубова боласини сотиб олмоқчи бўлган шахсдан 1000 АҚШ доллари олаётган вақтда ушланди.

15 миллион сўм. Фуқаро А. Қосимова 5 яшар ўғлини шу арзимаган пул билан ўлчаганига нима дейсиз? Боғчадан олиб кетишга борганида бағрига отилиб чиқадиган кўзининг оқу қорасини у осонгина бегонанинг қўлига тутқазди. Олиб борилган тезкор тадбир натижасида Олмазор туманида жойлашган “Арк” кафеси олдида ушбу жиноят ҳам ўз вақтида фош этилди.

Департаментнинг Яккасарой туман бўлими ходимлари эса бўйи чўзилиб, онасига дастёр бўлиб қолган қизини сотиб юбормоқчи бўлган Г. Ўткировани машъум йўлдан тўхтатиб қолишди. 11 ёшга тўлган фарзандини сочларини ўриб, унга одоб-ахлоқдан сабоқ бериш ўрнига, 25 миллион сўмга сотиб юбормоқчи бўлган она ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Жорий йилнинг ўтган даврида департамент органлари томонидан одам савдоси билан боғлиқ жами 21 та, шундан 15 таси айнан чақалоқларни пуллаш ҳолатлари бўйича ҳуқуқбузарликлар фош этилиб, уларнинг барчаси юзасидан тегишли жиноий ишлар қўзғатилган.

Фарзанд олий неъмат, уларнинг ҳар бири бу дунёга ўз ризқи билан келади. Насибасини “қирқиш”, ҳуқуқларидан мосуво этишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бундай жирканч ишга қўл урганлар эса, албатта, қонун олдида жавоб беришга мажбур.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019