1,5 миллион долларлик янги тиббий муассасага тамал тоши қўйилди

15:26 21 Октябр 2019 Жамият
360 0

Бағдодлик тадбиркор Элмурод Ҳайдаров туманнинг “Хўжақишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Осиё шифо-мед” диагностика маркази ва стационар даволаш муассасаси қурилишини бошлади. Бир гуруҳ нуронийлар иштирокида бино пойдеворига рамзий ғишт қўйилар экан, аҳоли саломатлиги йўлида кўзланган эзгу мақсад учун тадбиркорга самимий миннатдорлик билдирилди.

Келгуси йилнинг иккинчи ярмидан иш бошлаши мўлжалланган тиббий муассаса қурилиши учун тадбиркорнинг шахсий маблағи ҳисобидан 700 минг АҚШ доллари, бинони замонавий тиббий асбоб-анжомлар ва қўшимча воситалар билан жиҳозлаш учун эса 750 минг АҚШ доллари миқдорида банк имтиёзли кредити сарфланиши кутилмоқда.

– Режага кўра, муассаса 3 қаватли бўлади ва унда терапия ва хирургия йўналишлари бўйича диагностика, даволаш ва маслаҳат консалтинг хизматлари кўрсатилади, – дейди тадбиркор Э. Ҳайдаров. – Шунингдек, бу ерда лаборатория, УТТ, ЭКГ орқали юрак қон-томир, ички, онкологик ва бошқа касалликларни эрта аниқлаш, ташхис қўйиш, даволаш учун барча замонавий моддий-техник имкониятлар яратишни мўлжаллаб турибмиз. Қолаверса, чет элдан малакали мутахассисларни таклиф қилиш ниятимиз ҳам бор.

Эътиборли жиҳати шундаки, муассаса иш бошлагач, бунда 50 та янги иш ўрни яратилади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?