15 апрeлдан Сирдарёда аналог тeлeэшиттиришлар эфири тўхтатилади. Қолган ҳудудлардачи?

18:14 12 Апрель 2018 Жамият
638 0

Жорий йилнинг 15 апрелидан бошлаб Сирдарё вилоятида аналог телеэшиттиришлар эфири тўлиқ тўхтатилади. 

Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йилнинг 17 июлда қабул қилинган “Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда. 

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида ер усти аналог телеэшиттиришларни босқичма-босқич тўхтатиш жадвали тасдиқланган бўлиб, унга кўра, 2018 йилнинг 15 январидан бошлаб то 5 декабрига қадар бутун республика бўйлаб аналог форматдаги барча телеэшиттиришлар тўхтатилади. 

Шу  боис Сирдарё вилояти аҳолисига аналог форматида тарқатиб келинган “Ўзбекистон” , “Ёшлар”, “Спорт” ва “Сирдарё” телеканаллари дастурлари 15 апрелдан бошлаб тўхтатилади ҳамда ушбу теледастурларни фақатгина рақамли форматда кўриш мумкин бўлади. Рақамли теледастурларни кўриш учун эски русумдаги телевизорларга рақамли тюнер қурилмасини улаш талаб этилади. Замонавий телевизорларда эса қўшимча қурилмаларни улаш талаб этилмайди.

Маълумот учун жорий йилнинг 15 январидан Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида эфир орқали узатилаётган аналог форматдаги теледастурлар эфири тўлиқ тўхтатилганди.

Қарорга кўра, Жиззах вилоятида 15 майдан, Самарқанд вилоятида 1 июндан, Бухоро ва Навоий вилоятларида 15 июндан, Хоразм вилоятида 1 июлдан, Тошкент шаҳрида 15 июлдан, Қорақалпоғистон Республикасида 10 сентябрдан, Сурхондарё вилоятида 5 ноябрдан ва Қашқадарё вилоятида 5 декабрдан аналог телеэшиттиришлар эфири тўлиқ тўхтатилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар