124 ёшли онахон “Ўзбегим аёли“да қандай қилиб совриндор бўлди?

02:24 06 Март 2019 Жамият
848 0

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Кеча Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида “Ўзбегим аёли” Миллий мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

“Миллий” телеканали томонидан уюштирилган мазкур анжуманга адабиёт, санъат, фан, маданият, бадиий ижод ва бошқа жабҳаларда узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар, онахонлар, ёш ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида ўтказилган ушбу тадбир мамлакатимизда аёлларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг, давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсатда хотин-қизлар, уларнинг тақдири, жамият ҳаётидаги фаоллигини таъминлаш масалалари алоҳида ўрин тутишининг яна бир исботи бўлди, десак, асло муболаға эмас.

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Тадбирда 17 нафар ҳамюртимиз турли номинациялар бўйича тақдирланди. Қуйида барча номинация ва уларнинг соҳибалари хусусида батафсил маълумот берамиз.

“Энг жасоратли аёл” номинацияси — Наргиза Арслонова, “Toshkent City” қурилишида кран машинисти.

“Иродали аёл” номинацияси — Ирода Рапикова, альпинист, Ўзбекистон чемпиони.

“Қобилиятли аёл” номинацияси — Раъно Бобобекова, стюардесса. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ ходими.

“Саботли аёл” номинацияси — Латофат Рўзиева, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ходими, оддий аскар.

“Довюрак аёл” номинацияси — Зулхумор Алиева, ФВВ ходими.

“Фидойи аёл” номинацияси — Зоя Избосарова, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасида катта нарядчик.

“Бардошли аёл” номинацияси — Хушвақт Жўраева, Бухоро вилоятилик касаначи.

“Оилапарвар аёл” номинацияси — Зиёда Гадоева, тадбиркор, 30 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланади.

“Шижоатли аёл” номинацияси — Гулистон Жовлиева, фермер, 20 йилдан бери қишлоқ хўжалиги соҳасида трактор ва комбайн ҳайдайди.

“Курашувчан аёл” номинацияси — Дилфуза Мусаева, Хоразм вилояти перинатал марказининг асоратли ҳомиладорлар бўлими мудири.

“Матонатли аёл” номинацияси — Вазира Шокирова, тадбиркор, бундан 21 йил олдин онкологик хасталикка чалинган. Шифокорлар унга оғир ташхис қўйиб, яшашига умид кам эканлигини айтишган. 20 йилдан бери касалликни енгиб келмоқда.

“Ғамхўр аёл” номинацияси — Райҳон Рустамова, педагогика фанлари номзоди, халқ таълими аълочиси, сурдопедагог.

“Меҳрибон аёл” номинацияси — Муҳаррам Маҳмудова, Фарғона вилоятидаги “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи санитар энагаси.

“Қатъиятли аёл” номинацияси — Розия Эргашева, енгил атлетиканинг найза улоқтириш спорт тури бўйича 7 карра Ўзбекистон чемпиони, параосиё ўйинлари ғолиби.

“Зеҳнли аёл” номинацияси — Зарифа Эшмирзаева, олима, “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раҳбари, 600 дан ортиқ илмий мақолалар ва адабиётлар муаллифи.

“Бағрикенг аёл” номинацияси — Мунаввар Пардаева, нафақахўр, ҳаёти давомида 60 нафар болани асраб олиб, уларни катта ҳаётга кузатган, оилали қилган, ота-онасидек ғамхўрлик қилган бағрикенг аёл.

“Энг ёши улуғ онахон” номинацияси — Ҳувайдо Умарова — Фарғона вилоятида бутун умр оғир хўжалик ишлари, пахта етиштириш, деҳқончилик, пиллачилик билан шуғулланган меҳнаткаш аёл. 124 ёш.

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Ғолибларга статуэтка, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти ёзилган ваучерлар топширилди.

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Тадбирга эстрада хонандалари ҳамда санъат усталарининг концерти алоҳида файз бағишлади.

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Юлдуз Ўрмонова (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019