110 йилдан кейинги муносиб эътироф

12:17 28 Май 2018 Маданият
481 0

Ўзининг ноёб қобилияти туфайли тарихимизда ёрқин из қолдирган фарзандлари билан халқимиз ҳақли равишда фахрланади. Ана шундай инсонлардан бири — ўн тўққизинчи асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган нодир истеъдод соҳиби Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибратдир. Илғор дунёқараши билан замондошлари қалбидан мустаҳкам жой олган бу юксак тафаккур соҳибига бўлган эҳтиром давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган эътибор мисолида ёрқин намоён бўлмоқда.

Маърифат машъаласини баланд тутиб

Исҳоқхон Ибрат фаолият доираси кенг, Ватан, юрт истиқлоли учун азиз жонини фидо қилган миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири. Унинг ота-онаси ўз даврининг ўқимишли кишиларидан бўлган. Ибрат дастлаб ҳижо йўналишидаги қишлоқ мактабида ўқиди, аммо саводини онасининг қўлида чиқарди. Адабиёт ва санъатга меҳри баланд бўлганидан таҳсилни давом эттириши учун уни Қўқонга юборадилар. 1878 йилда Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасаси толиби бўлади. Унинг таҳсил йиллари ўзбек адабиёти, маданияти, таълимида туб ўзгаришлар юз бераётган даврга тўғри келади. Ёш Исҳоқхоннинг тил ўрганишга иштиёқи баланд, бу борадаги қобилияти тенгдошларига нисбатан анча зиёда эди. Шу боис ўқиш чоғида араб, форс, рус тилларини чуқур ўрганди, Шарқ олимларининг асарларини аслиятда мутолаа қилди. 1886 йилда мадрасани тамомлаб, қишлоғига қайтгач, ёшлар учун янги усулдаги, битта синфдан иборат мактаб очди. Ўзи дарслик ёзди. Лекин маҳаллий ҳукмдорлар ижтимоий билимларни ўргатишга ихтисослаштирилган бу мактабни тезда беркитишади. Шундан сўнг Ибрат саёҳат мақсадида Истанбул, София, Рим, Афина каби шаҳарларга йўл олади. Қизил денгиз ҳамда Ҳинд океани орқали Ҳиндистонга етиб боради. Сафарлар чоғида чет тилларини билиш жаҳон адабиёти, маданияти ва фанини ўрганишда катта имконият яратади, деган хулосага келиб, француз, инглиз, ҳинд тилларини ҳам ўрганишга муваффақ бўлди.

Жаҳонгашталик жону дили бўлган Исҳоқхон сафарлар чоғида нигоҳи тушган илғор технология, меъморий тажриба, илм-фан ютуқларидан ўзи баҳраманд бўлибгина қолмай, уларни халқига илинди.
— Катта бобом саёҳатлардан бошқалар сингари гилам ёки бошқа қимматбаҳо буюмларни қўлтиқлаб қайтмаган, балки кўпчиликка нафи тегадиган техника, замонавий ашё ёхуд маданий ҳаёт воситаларини олиб келишга одатланган экан, — дейди Ибратнинг чевараларидан бири, тўрақўрғонлик фахрий муаллима Жамилахон Низомова. — Буни, масалан, 1908 йили Оренбургга сафари пайтида матбаачилик ишига ишқи тушиб, литографик жиҳозлар тўпламини сотиб олгани ва Қўқонгача поездда, сўнгра қишлоғига от-аравада минг машаққат билан келтиргани ҳам тасдиқлайди. У кишининг Ҳиндистондан олиб келган совиткичи, Россиядан харид қилган фотоаппарати замондошлари учун мўъжизадек туюлган.

Наманганда биринчи бор барпо этилган “Матбааи Исҳоқия” босмахонаси Фарғона водийси матбаачилигининг илк корхонаси бўлиб, унда мазкур янгилик ташаббускорининг асарлари, дарсликлар ҳамда бир қатор газеталар чоп қилинган. Ўз ҳовлисида қурган гулбоғи, катта кутубхона, ҳаммом ва ғиштхумдон, кўпчиликни ҳайратга солган фаввора билан эса ҳамқишлоқларининг қарашларини ўзгартирди.

Булардан ташқари, Ибрат домладан бизга катта адабий мерос қолди. Ноёб иқтидор соҳибининг “Илми Ибрат”, “Бўлубтур”, “Саҳар вақти чаман ичра”, “Сийму зардур”, “Табрик Намангондин”, “Туркистон аҳлига хитоб”, “Тарихи манзумаи вагон Ибрат” сингари ижодий, олти тилда яратилган “Луғати ситта ал-сина”, шунингдек, “Жомеъ ул-хутуб”, “Тарихи Фарғона”, “Мезон ул-замон”, “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби илмий асарлари адабиётимиз олтин хазинасидан муносиб жой олгани бунинг тасдиғидир.

Мустабид тузумнинг яна бир қурбони

Илғор ғоялари ҳамда амалий ишлари билан эл ўртасида ҳурмати баланд бўлган Исҳоқхон тўранинг хатти-ҳаракатлари, табиийки, айрим амалдорларнинг ғазабини келтирар, унга тўсқинлик қиладиган кишилар ҳамиша топиларди. Улар аввалига қишлоқда ташкил этилган ва Ибратнинг ўзи муаллимлик қилган мактабни ёпишди. Сўнгра жорий этган янгиликларини қоралашди. Пировардида унга нисбатан тазйиқ кучайганидан-кучайиб, қора кучлар ниятига етди. Минглаб ўзбек зиёлиларининг ёстиғини қуритган қатағон машинаси тўрақўрғонлик маърифат пешвосини ҳам ўз домига тортди.

— Онамнинг 1937 йилда бобом қамоққа олингани ҳақидаги аламли хотирасини жуда кўп эшитганман, — дейди Ибратнинг кенжа қизи Афиқахон аянинг фарзанди Саноатхон Муҳиддинова. — У кишини тонг палласида уч қоп китоблари билан бирга юк машинасига ўтқазган ҳолда, номаълум томонга олиб кетишган экан. Алалоқибат бобомнинг дийдори барча яқинлари учун армон бўлиб қолган.

Маълумотларга қараганда, “халқ душмани” тамғаси билан авахтага тиқилган 75 ёшли Исҳоқхон домлани ҳибсхонада доимий қийноққа тутишган. Охир-оқибат камситишлару руҳий таҳқирларга дош беролмаган инсон ўша ерда вафот этади. Қамоқхона маъмурияти ўз тартиб-қоидаларига зид бўлса-да, авлиёсифат бу кишининг жасадини мусулмончилик тамойиллари асосида дафн қилиш учун унинг яқинларига беради. Халқнинг суюкли фарзанди ҳаётига жисман нуқта қўйилган бўлса-да, унинг минглаб юртдошлар қалбидан ўрин эгаллаб улгурган шарафли номи, хайрли ишларини ўчиришга ҳеч кимнинг қурби етмади.

Бобомиз орзусидаги гулбоғ

Бугун кўплаб бобокалонларимиз қатори Исҳоқхон Ибратнинг номи ҳам юзага чиқди: у миллатимиз равнақида муносиб ўринга эга бўлган улуғ кишилар қаторидан мустаҳкам жой олди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йили наманганликлар билан сайловолди учрашувида вилоятнинг азиз инсонлари ҳақида сўз очиб, биринчи галда Ибрат домланинг исмини тилга олган, Тўрақўрғон шаҳрида унинг номидаги хиёбон ва тил ўргатиш мактабини ташкил этиш таклифини ўртага ташлаганда, каттаю кичик буни мамнуният билан қабул қилган эди. Бугун вилоят марказига ёндош Тўрақўрғонни таниб олиш осон эмас. Тезкорлик билан бунёд этилган “Исҳоқхон тўра Ибрат” меъморий мажмуаси, унга уйғун ҳолда қурилган иншоотлар шаҳар қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Ибратнинг нурли сиймоси муҳрланган муҳташам ҳайкал, турфа ранг гуллар билан безанган хиёбон, мусиқали фаввора, шоир ғазалларидан намуналар, уч тилда ҳикматли сўзлари битилган айвон, тил ўргатиш мактаби, 1860 йилда қурилган ҳамда жорий йилда реконструкциядан чиқарилган ўойибназар қози мадрасасига жойлаштирилган музейдан иборат мажмуа бу ерга ташриф буюрган ҳар бир кишининг баҳридилини очади.

Мажмуа туман марказидан ўтган Косонсой соҳилининг шундоққина ёнида жойлашган. Унинг лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қурилиш ишлари чоғида сойнинг мазкур қисмини ҳамда соҳилни обод қилиш, бу ерда машҳур курортларники сингари сайилгоҳ яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудуддаги Тошкент маҳалласида замонавий ёпиқ бозор ва супермаркет қад ростлади. Унинг давомида қурилаётган тўртта кўп қаватли тураржой биносидаги хонадонлар яқинда ўз соҳибларини бағрига олади.

— Қишлоғи дунёнинг гўзал ҳамда бетакрор, юксак маданиятли шаҳарлари қаторидан жой олиши Ибрат домланинг энг катта орзуларидан бири эди, — дейди Наманган вилояти телерадиокомпанияси директори Муҳаммаджон Мақсудов. — Бугун тобора яшнаб бораётган Тўрақўрғон ўша орзунинг ижобатига айланди. Маърифатпарвар инсон хотирасини абадийлаштиришга қаратилган ишлардан барчамиз миннатдормиз.

Дарҳақиқат, Исҳоқхон Ибрат бир асрдан кўпроқ вақт муқаддам Тўрақўрғонни маънавияти ва маърифати юксак масканга айлантириш ҳаракатини бошлаган эди. Унинг ғоялари, элни бахтли-саодатли, фарзандларни билимдон кўриш йўлидаги интилишлари бугун рўёбга чиқди.

Ибрат мактабида нечта тилни ўргатишади?

Мажмуадаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат Ибрат домла бошлаган ишнинг давоми, ёшлар инновацион усулларда таҳсил оладиган маскан бўлди. Илм даргоҳида инглиз, немис, француз, корейс, араб, хитой ҳамда рус тиллари чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилади. Олий ўқув юрти тизимида иш олиб бориладиган мактабга ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади. Жорий ўқув йилида қабул қилинган 80 нафар ўғил-қиз тажрибали мураббийлар сабоғини муваффақиятли ўзлаштирди. Улардан бири Моҳинабону Раҳимжонова бу ерда яратилган шарт-шароит, таълим жараёнининг ташкил этилиши ҳақидаги фикрларини шундай ифодалайди:

— Исҳоқхон бобомиз деярли шароит бўлмаган даврда хорижий тилларни сабот билан ўзлаштирган. Ўша давр ва бугунги кун имкониятлари ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, десам, янглишмайман. Илғор мезонларга таянган илм даргоҳидаги таълим технологияси жаҳон андозаларига асосланган. Масалан, электрон тармоққа жойлаштирилган база орқали керакли дарсликни бемалол топа оламиз. Унга жойлаштирилган етти тилли луғат ёрдамида истаган тил бўйича сабоқ олиш мумкин.

Наманган давлат университети қошида фаолият юритаётган мазкур мактаб-интернатдаги тил ўргатиш марказида мамлакатимиз пойтахтидаги тилларга ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари билан онлайн тарзида боғланиш имконияти ҳам яратилган.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу мактаб-интернат фаолияти билан яқиндан танишиб, педагог ва ўқувчи-ёшлар билан мулоқотда бўлди. Бу ердаги имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, таълим даражасини юқори босқичга кўтариш юзасидан ўз тавсияларини берди. Пировардида мактаб битирувчиларининг тилшунослик йўналишидаги олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳақидаги хушхабар билан барчани қувонтирди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, атоқли маърифатпарвар аждодимиз ўзига Ибрат тахаллусини бежиз танламаган экан. Унинг эл-юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона 
ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда. Тўрақўрғонда бунёд бўлган мажмуа эса дилларга ёруғлик улашиб, маърифат зиёсини таратаверади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар