11 та қонун ва 2 та кодекс талаблари Солиқ кодексига мослаштирилмоқда

12:11 21 Октябр 2020 Сиёсат
164 0

Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Мазкур Қонун билан амалдаги 11 та қонун ва 2 та кодекс талаблари Солиқ кодексига мослаштирилмоқда.

Жумладан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги каби қонунлар ва Бюджет кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг амалга киритилиши тадбиркорлик субъектлари учун қатор қулайликларни яратмоқда.

Хусусан «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритилиб, тадбиркорлар ва фермер хўжаликларини текширишнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, текшириш талаби Солиқ кодексига мослаштирилмоқда.

Энди тадбиркорлик субъектларини текшириш «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Бундан буён солиқларнинг камерал текширувидан бошқа барча текширишлар электрон тизимда рўйхатга олинади.

Қонуннинг маъқулланиши амалда бир-бирига зид бўлган қонунчилик талабларига барҳам берибгина қолмай, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига қулайлик яратади ва хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?