Сармишсой, Хонбанди, Зараутсой қоятош расмлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилади

16:49 08 Январь 2019 Маданият
326 0

Сармишсой дарасидаги қоятош битикларидан бири | Архив фото

Дилшод КАРИМОВ, "Халқ сўзи online"/Тошкент. Сармишсой, Хонбанди, Зараутсой қоятош расмлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 2018 йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар ва 2019 йилда кўзланган режалар юзасидан ўтказилган анжуманда маълумот берилди.

Бу борадаги ишлар Миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”да ўз аксини топган.

Таъкидланганидек, халқимизнинг умуммиллий бойлиги бўлган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Катта ашула”, “Аския”, “Палов маданияти ва анъаналари” номзодлари Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисол бўла олади.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш мақсадида вазирликнинг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақавий давлат инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик изчил давом эттирилади. Яқин келажакда юртимиздаги Сармишсой, Хонбанди, Зараутсой қоятош расмлари билан бирга “Саҳродаги қасрлар”, “Қадимий Термиз” объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш чораларини кўрилади. Шунингдек, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хорижий давлатлардаги номоддий маданий мерос элементларини ёзиб олиш, улар асосида “Ўзбекистон номоддий маданий мероси” тўпламини нашр этиш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий мусиқа асарлари орасидан маданий қимматга эгаларини саралаб, миллий мусиқий асарлар фонотекасини яратиш режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Матёқуб Матчонов: “Олтиндек қимматли, Ҳумо қуши сингари сарбаланд...”

Хўш, бу қандай анжуман ўзи? Уни ўтказишдан кўзланган мақсад нима? Келгусида мазкур кинотақдимот кино олами ва олам киноси ичра ўз ўрнини топиб кета оладими ёки салафлари каби йўқликка юз тутадими (закий ўқувчи нима демоқчи эканимизни тушунганига шубҳа йўқ, албатта)?

23 Январь 2019