Миллий гвардия суриштирув олиб борувчи ҳамда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшилмоқда

15:12 15 Май 2019 Жамият
809 0

Зиёда Ашурова, “Халқ сўзи Online”. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари “Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишда тайёрланган таҳририни кўриб чиқдилар.

Бош прокуратура томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилиб, яқинда Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган ушбу ҳужжат лойиҳасида Жиноят-процессуал кодексида Миллий гвардияни суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлган, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодекси 2501-моддасининг биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) ва 2591-моддасида назарда тутилган жиноятлар бўйича суриштирув Миллий гвардия суриштирувчилари томонидан олиб борилиши назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Миллий гвардиянинг мансабдор шахслари томонидан бир қатор ҳолатларда, яъни 1851-моддада (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) ва 2101-моддада (ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, баённомани илова қилинадиган материаллар билан биргаликда кўриб чиқиш учун судга юборилишини белгилашга оид янги нормалар мустаҳкамланмоқда.

Қўмита аъзолари иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган қонун лойиҳаси барча сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда тегишли эксперт ва мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этдилар.

Яқин кунларда мазкур қонун лойиҳаси маромига етказилиб, депутатлар муҳокамасига иккинчи ўқишда киритилиши кутилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019