Минерал вата ишлаб чиқаришда минтақа лидери бўладиган Angren Insulation заводи ташкил этилди

16:28 22 Oktyabr 2019 Jamiyat
173 0

Бу ҳақда Тошкент вилоят ахборот хизмати хабар берди. Минерал вата – қурилиш саноатида бино деворлари, шифтидан тортиб пойдеворигача иссиқликни сақлаш воситаси сифатида доимий фойдаланилмоқда. Чунки шундай қопламалар исталган бинонинг иссиқликни сақлашида яхши натижа кўрсатади ва бинони иситиш учун камроқ энергия сарфланишига сабаб бўлади.

Масалан, кондиционер, иситиш батареялари, иситиш қозонларини камхарж вариантларга алмаштиргандан кўра, уйдан иссиқлик чиқиб кетадиган жойларни минерал вата билан таъмирлаш кўпроқ фойда беради. Шунингдек, халқаро статистикаларга кўра, энергияни сақлаш давлатнинг энергия тежашдаги харажатларини 30 фоизга арзонлаштиради.

Завод шу маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш бўйича Ўзбекистонни минтақа етакчилигига олиб чиқиши кўзда тутилган. Минерал вата маҳсулоти биргина Ўзбекистоннинг ўзидаги қурилиш ишларида кенг масштабда фойдаланилса, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, йилига 10 миллиард метр кубдан кам бўлмаган табиий газ тежаб қолинади. Бу пул миқдорида йилига 1 миллиарддан ортиқ АҚШ доллари бўлади.

Қўшма корхона маҳаллий инвесторлар ҳамда хорижий ҳамкорларнинг бошланғич 15 миллион АҚШ доллари инвестициялари ҳисобига қурила бошланди ва 2020 йил бошида ишга туширилади. Шунингдек, босқичма-босқич жами киритиладиган инвестициялар миқдори 42 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Завод етакчи халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг автоматлаштирилган ускуналари билан жиҳозланади ва йилига 50 минг тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқара олади.

Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистоннинг МДҲ бозорларида машҳур бўлган иситиш қопламалари сафи яна бир маҳсулотга кенгаяди ва тез орада халқаро етакчи ўринларга чиқиб олади.


Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?