Касби туманидаги ёшлар етакчиларидан бири ижарага олган цехида қалбаки пуллар ишлаб чиқараётгани аниқланди

15:08 21 Noyabr 2019 Jamiyat
1968 0

Қашқадарё вилояти Касби тумани Қўриқ қишлоғида яшовчи, муқаддам судланмаган, Касби тумани 36-мактаб ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти  етакчиси бўлиб ишловчи, 1995 йилда туғилган Бобоев Аброр Алишер ўғли қалбаки пуллар ишлаб чиқараётгани аниқланди.

Гап шундаки, у Касби тумани “Муғлон” МФЙ ҳудудидаги ўзи ижарага олган тикувчилик цехида турли хил купюрадаги қалбаки пулларни ясаш билан шуғулланиб келган. Ундан 172 дона 50.000 сўмлик купюрадаги пуллар, рангли принтердан тўлиқ чиқарилмаган 84 дона 50.000 сўмлик купюрадаги пуллар, “EPSON” русумли рангли принтер ва “LENOVA” русумли ноутбук тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Касби туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, А.Бобоевдан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган АВ0304117 серия рақамли 172 дона 50.000 сўмлик купюралар “Давлат белгиси” корхонасида тайёрланмаганлиги ва ундан ҳужжатлаштириб олинган АВ0304117 серия рақамли 172 дона 50.000 сўмлик купюралар рангли пуркагичли принтер ёрдамида тайёрланганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Касби ТИИБ ТБ томонидан А.Бобоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?