XS.UZ
Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси Ватан тақдирига дахлдорлик Кенг имконият ва соғлом рақобат савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади Тарбия оиладан бошланади Харидоргир маҳсулотлар сири нимада? Бурчга содиқлик қасамёди Ўзбек кураши Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди
  • 22 Апрель 2017

2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5024-сонли Фармонига мувофиқ ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, муносиб яшаш шароитларини яратиш, республикада санитария ва экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарининг самарали фаолиятини ташкил этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарининг намунавий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарининг туман (шаҳар) филиалларининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиши, уларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш ишларининг комплекс схемаси 3-иловага мувофиқ;

2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизимини такомиллаштиришга доир тадбирлар 4-иловага мувофиқ;

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг бепул топширилаётган мулк рўйхати 5-иловага мувофиқ;

республика шаҳарларида санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотларни қаттиқ маиший чиқиндиларни элаш бўйича электромеханика ускуналари билан қўшимча жиҳозлаш прогноз параметрлари 6-иловага мувофиқ;

2017-2018 йилларда “Тоза ҳудуд” ДУКни махсус техника ва ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш прогноз параметрлари 6 “а”-иловага мувофиқ;

2017 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чиқинди тўплаш шохобчаларини қуриш ва уларни контейнерлар билан жиҳозлаш бўйича манзилли дастур 7-иловага мувофиқ;

2017-2018 йилларда шаҳарларда санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотларнинг фаолият кўрсатаётган полигонлари ва “Тоза ҳудуд” ДУКни жиҳозлаш бўйича манзилли дастур 8-иловага мувофиқ;

2018 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қаттиқ маиший чиқиндиларнинг янги полигонларини яратиш бўйича манзилли дастур 9-иловага мувофиқ;

2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш прогноз параметрлари 10-иловага мувофиқ;

2017 — 2021 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларида органик ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича прогноз параметрлари 11-иловага мувофиқ;

2017 — 2021 йилларда халқаро молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилган ҳолда шаҳарларда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг рўйхати 12-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Тошкент шаҳрида чиқиндиларни олиб чиқиш, чиқинди йиғиш пунктлари ва қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини сақлаш ва эксплуатация қилиш “Махсустранс” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

3. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) 13-иловага мувофиқ ташкил қилинсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш тизимини, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этган ҳолда ривожлантириш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш йўли орқали чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги тўлиқ цикл қамраб олинишини таъминлаш; 

давлат ва хўжалик бошқаруви республика органлари, шунингдек, маҳаллий давлат бошқаруви органлари миқёсида мазкур қарор билан тасдиқланаётган тадбирлар, манзилли дастурлар, инвестиция лойиҳалари ва прогноз параметрлари ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича ишларни мувофиқлаштириб, уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича мазкур қарор билан тасдиқланаётган тадбирлар, манзилли дастурлар, инвестиция лойиҳалари ва прогноз параметрларини амалга ошириш -жараёнини ҳар чоракда кўриб чиқиш.

Республика комиссиясига, зарурат туғилганда, мазкур қарор билан тасдиқланган тадбирлар, манзилли дастурлар, инвестиция лойиҳалари ва прогноз параметрларининг йиғма ва манзилли параметрларига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Республика комиссияси бир ой муддатда:

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссияси тўғрисидаги Низомни;

мазкур қарорнинг 5 — 12-иловаларига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган чора-тадбирлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “Йўл хариталари”ни тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган тадбирлар, манзилли дастурлар, инвестиция лойиҳалари ва прогноз параметрлари ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминласин ва ҳар чоракда Республика комиссиясига тегишли ахборотни киритиб борсин;

икки ой муддатда “Тоза ҳудуд” ДУК уставларини тасдиқласин ва штатларини малакали мутахассислар билан тўлдирсин, шунингдек, зарур моддий-техника базаси билан жиҳозланишини таъминласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда “Тоза ҳудуд” ДУКнинг махсус техникалари учун ёқилғи-мойлаш фондлари ва лимитларини ажратиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизмати бўйича абонентлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларни ҳисобланган хатловдан ўтказсин, маршрутлар жадвалларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун абонентлар билан шартномалар тузиш ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича самарали ишларни ташкил этсин;

тадбиркорлик субъектларининг чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришни назарда тутсин;

таълим муассасаларида, фуқаролар йиғинларида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунбузарликлар профилактикасига оид семинарлар, анжуманлар, давра суҳбатларини доимий равишда ўтказиб борсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган тадбирлар, манзилли дастурлар, инвестиция лойиҳалари, истиқбол кўрсаткичларини амалга ошириш учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

7. “Ўзавтосаноат” АК ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ “Тоза ҳудуд” ДУК эҳтиёжлари учун мазкур қарорнинг 6 “а”-иловасида назарда тутилган махсус техника (чиқинди ташувчи ва ассенизацион машиналар ва тракторлар) ишлаб чиқарилиши ва етказиб берилишини ўрнатилган тартибда таъминласин.

8. “Qurilishmashlizing” ихтисослашган республика лизинг компанияси” АЖга мазкур қарорнинг 6 “а”-иловасида назарда тутилган махсус техника, механизм ва ускуналарни ихтисослашган санитария тозалаш ташкилотларининг махсус техника ва ускуналар паркини янгилаш учун лизинг асосида етказиб бериш юклатилсин.

9. Тижорат банкларига республика шаҳарларидаги ихтисослашган санитария тозалаш ташкилотларининг ушбу қарорнинг 8 ва 10-иловаларида назарда тутилган қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини барпо этиш ва махсус техника ҳамда ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш учун имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳисоб-китоблари асосида маиший чиқиндиларнинг узлуксиз олиб чиқилишини таъминлаш мақсадида ҳар йили махсус техника учун зарур дизель ёқилғиси -лимитини ажратиб борсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:

бир ой муддатда туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатувчи участкаларига бириктирилган махсус автотранспорт воситалари ва ускуналарини, чиқинди йиғиш пунктлари ва контейнерларини ўрнатилган тартибда “Тоза ҳудуд” ДУКга бепул ўтказиб берилишини ташкил этсин;

бир ой муддатда “Тоза ҳудуд” ДУК автотранспорт воситаларини сақлаш учун гаражлар, маиший чиқиндиларни вақтинчалик сақлаш шохобчалари ва янги полигонлар қурилиши учун ўрнатилган тартибда ер ажратиб бериш ишларини амалга оширсин;

туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатувчи участкалари мол-мулки “Тоза ҳудуд” ДУКга тўлиқ ўтказиб берилгунга қадар юридик ва жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича тўлиқ ва узлуксиз хизмат кўрсатилиши таъминлансин;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “Тоза ҳудуд” ДУКга ва унинг туман (шаҳар)лардаги филиалларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун жойлашган ҳудудидан бинолар ва хоналарни бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан тақдим этсин.

12. Белгилаб қўйилсинки:

“Тоза ҳудуд” ДУК ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, ходимларга бериладиган ижтимоий кафолатлар бўйича туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг қайта ташкил этиш даврида мавжуд бўлган маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатувчи участкаларининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда “Тоза ҳудуд” ДУКнинг солиққа тортиладиган фойдаси ушбу қарорнинг 6 “а”, 8, 10-иловаларига мувофиқ манзилли дастурларда назарда тутилган қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини, чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини қуриш ва барпо этиш билан боғлиқ харажатларга камайтирилади;

туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатувчи участкаларидан “Тоза ҳудуд” ДУКга бепул ўтказиб берилган мол-мулклар қўшилган қиймат солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, шунингдек, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиққа тортиш объекти бўлиб ҳисобланмайди.

13. 2022 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда:

шаҳарларда санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар, “Тоза ҳудуд” ДУК ва “Qurilishmashlizing” ихтисослашган республика лизинг компанияси” АЖ ушбу қарорнинг 5, 6 ва 6 “а”-иловаларига мувофиқ ўтказиб берилаётган ҳамда харид қилинаётган махсус автотранспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатга олинаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл фондига йиғимлардан;

республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва мазкур қарор билан тасдиқланган чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш технологик жараёнида ишлатиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида олиб кирилган технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари) озод этилсин.

14. Қонунчиликда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар учун жорий этилган мол-мулк солиғи тўловидан озод этиш имтиёзи “Тоза ҳудуд” ДУК ва “Махсустранс” ДУКга нисбатан татбиқ этилсин.

15. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда аҳолининг кенг қатламлари орасида фуқароларнинг ҳуқуқий ва санитария-экологик саводхонлигини оширишга қаратилган тушунтириш ишларини ташкил этсин. Бунда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари бўйича телекўрсатувларда ижтимоий реклама маълумотларини фаол жойлаштириш кўзда тутилсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 21 апрель

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги пқ-2916-сонли қарорига шарҳ

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли пунктларининг санитария жиҳатидан тозалигини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли қарорини амалга ошириш доирасида 2014 — 2016 йилларда шаҳарларимизда қўшимча равишда шу йўналишга ихтисослаштирилган 41 ташкилот ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаларида маиший чиқиндилардан тозалаш бўйича 157 та хўжалик ҳисобидаги участка ташкил этилди.

2014 — 2016 йилларда санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларини замонавий махсус техникалар билан таъминлаш дастурлари амалга оширилди. Ана шу дастурлар доирасида 1427 та техника воситаси харид қилинган бўлса, уларнинг 990 таси маиший чиқиндиларни ташиб кетадиган автотранспортдир.

Республикамиз шаҳар ва туман марказларидаги тураржой мавзеларида тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида 14 мингдан ортиқ чиқинди тўплаш пункти ташкил этилди ва 10 мингдан зиёд контейнерлар ўрнатилди.

Комплекс тадбирлар ва дастурларни амалга оширишга давлат бюджетидан 343,1 миллиард сўм йўналтирилди ва тижорат банкларининг 20 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлари жалб этилди.

Истеъмолчиларга санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари кўрсатиш бўйича норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Ҳукумат қарорлари асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва ободонлаштириш бошқармаларининг қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатадиган участка ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом ва бошқа бир қатор норматив ҳужжатлар тасдиқланди.

Шу билан бирга, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳали ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ишларини ташкил этиш масаласи, аввало, бундай чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш бўйича аниқ ва амалий тизимни йўлга қўйишни талаб этади. Ҳозирги вақтда чиқиндилар тўпланадиган мавжуд полигонлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолмоқда ва улар туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини ёмонлаштириб, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига шароит яратмоқда.

Бу борадаги энг муҳим вазифа ва муаммолар инобатга олинган ҳолда қабул қилинган Президент қарори мамлакатимиз туман ва шаҳарларининг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, 2017 — 2021 йилларда чиқинди билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришни янада кучайтиришга қаратилган.

Жумладан, мазкур қарор билан қуйидаги дастур ва лойиҳалар тасдиқланмоқда:

2017 — 2021 йилларда чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш тадбирлари;

2017 йилда мамлакатимиз шаҳарларидаги санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига 237 та махсус техника харид қилиш, 94 та гараж қуриш, қаттиқ маиший чиқиндилар учун 168 та элак қурилмалари ўрнатиш режа кўрсаткичлари;

Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Наманган шаҳарларида йирик лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган, 2017 — 2021 йилларда халқаро молия ташкилотларининг 161 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағларини жалб этган ҳолда шаҳарларда чиқиндиларни тўплаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати;

114 минг погон метр тўсиқ, 152 та санитария узели, 158 та маиший хона, 163 та автомобилларни ювиш жойи, 269 километр электр таъминоти тармоқлари, 166 та техник сув таъминоти қудуғи ҳамда 240 километр асфальтланган кириш йўлларини қуриш орқали қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланадиган 168 та полигонни ободонлаштириш манзилли дастури;

2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган технологияларни жорий этиш прогноз кўрсаткичлари, жумладан, келгуси икки йилда Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини қуриш кўзда тутилиб, мазкур лойиҳаларга 27 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилади.

Ана шу комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали аҳолининг кенг қатламлари учун янада қулай ижтимоий шароитлар яратилади.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва мазкур дастурлар амалга оширилишини назорат қилиш, муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш мақсадида Республика комиссияси ташкил этилди.

2017 — 2021 йилларга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши туфайли қуйидаги муҳим натижаларга эришилади:

Биринчидан, аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ва полигонларда утилизация қилиш хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилади.

Иккинчидан, санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ихтисослаштирилган ташкилотлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари филиаллари махсус техникалар (чиқинди ташиш ва ассенизация машиналари) ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун электромеханик элак қурилмалари билан тўлиқ таъминланади.

Учинчидан, қаттиқ маиший чиқиндиларни органик ўғитларга айлантириш учун бирламчи қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга эришилади.

Тўртинчидан, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2021 йилгача мамлакатимиз бўйича 63 фоиздан 93 фоизга ўсади.

Мухтасар айтганда, “2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам қиёфа касб этиши йўлидаги улкан амалий қадамдир.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган