Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
  • 13 Апрель 2016

Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Мамлакатимиз қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг 2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмасини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки, ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси:
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан барқарор таъминлаш;
ички истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида барқарор таъминлаш мақсадида захирага ғамлаш;
ташқи бозорларда харидоргир бўлган ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ушбу маҳсулотларга нисбатан талабдан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
2. Вилоят ва туман ҳокимликларининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича ҳудудий бошқарма ва бўлимларига фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш ҳажми бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш ва улар томонидан тузилган контрактация шартномалари бажарилишини мониторинг қилиш;
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясига ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни саноат асосида қайта ишлаш учун харид қилиш;
«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасига қиш-баҳор мавсуми учун ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни ғамлаш;
«Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясига ҳўл мева-сабзавотларни экспорт қилиш вазифалари ва масъулияти юклансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, давлат буюртмаси доирасида:
маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш учун харид қилиш, маҳсулот етказиб берувчилар — фермер ва деҳқон хўжаликлари ва истеъмолчилар — «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериш орқали амалга оширилади;
ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилинади;
ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри тузилган экспорт шартномалари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган комиссия шартномалари бўйича экспорт қилинади;
ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини комиссия шартномалари асосида экспорт қилишда комиссия хизмати учун тўлов миқдори
1 фоиздан ошмаслиги лозим;
қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортга олдиндан 100 фоиз тўлаш ёки аккредитив очиш ёхуд харидорнинг молиявий барқарорлик даражаси юқори бўлган энг ишончли банклари кафолати билан, ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари эса олдиндан камида 30 фоиз тўлаш шартлари асосида етказиб берилади.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисидаги Низом;
ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин, унда экспортдан валюта тушумининг кафолати ва унинг белгиланган миқдорда мажбурий сотилишини таъминлайдиган нормалар кўзда тутилсин.
4. 2016 йил учун ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси 1-иловага мувофиқ;
2016 йил учун давлат буюртмаси асосида мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш ва ишлатилиши баланси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 мартдаги 2505-қарорига мувофиқ ташкил этилган Республика комиссиясига (Ш. Мирзиёев) зарур ҳолларда жаҳон бозоридаги конъюнктура ўзгаришини инобатга олган ҳолда мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш ҳажмидан келиб чиқиб, баланс параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Давлат статистика қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига баланс ижроси ҳақида маълумот тақдим этсин.
5. Махсус ташкил этилган ишчи гуруҳлари жойларга чиқиб, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналарни тўлиқ инвентаризациядан ўтказгани, уларнинг барчаси хусусий мулк шаклидаги корхоналар эканлиги ва уларнинг аксарияти замонавий технология ускуналари билан жиҳозлангани маълумот учун қабул қилинсин.
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси ўтказилган инвентаризация асосида уч ой муддатда мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш ва ташқи бозорда рақобатбардош сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган қайта ишлаш корхоналарини янада модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, замонавий қадоқлаш буюмлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир аниқ таклифлар тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Вазирлар Маҳкамаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси ва бошқа манфаатдор вазирлик, идораларни жалб қилган ҳолда, шу йилнинг май ойида етакчи хорижий ишлаб чиқариш компаниялари ва уларнинг дилерлари иштирокида ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш бўйича замонавий юқори технологияли ускуналар ҳамда технологияларнинг ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ташкил қилсин.
6. 2019 йилнинг 1 январигача:
мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари);
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибига кирадиган қайта ишлаш корхоналари ягона ижтимоий тўловдан ташқари даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар ягона солиқ, давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу бандга мувофиқ солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши ҳисобидан бўшайдиган маблағлардан ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун мақсадли фойдаланилиши лозим. Бўшаган маблағлардан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда улар қайтариб олиниб, бюджет ва тегишли давлат мақсадли фондларига ўтказилади.
7. Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзагроэкспорт» компанияси ва бошқа манфаатдор тузилмаларнинг:
жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида 2016 йилги ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш учун Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркасини ўтказиш;
Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркаларини ўтказиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган майдонни ташкил этиш ва унинг базасида ҳар йили октябрь ойида келгуси йил учун экспорт шартномалари тузишни ташкил қилиш мақсадида хорижий компанияларнинг фаол иштирокида ярмарка тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркасини ҳар йили ўтказишни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
8. Тижорат банкларига фермер ва деҳқон хўжаликларига мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш учун давлат буюртмаси бўйича бўнак ва якуний ҳисоб-китоблар учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ставкада кредит ресурслари ажратиш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ишлаб чиқарувчи хўжаликлар тоифасига қараб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни етиштириш ҳамда контрактация шартномалари асосида харид қилиш ҳажми бўйича статистик ҳисоботларни танқидий кўриб чиқсин ва бу борада халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда янги статистик ҳисоботлар шаклларини белгиланган тартибда тасдиқласин ва уни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, шунингдек, тегишли статистика органларига тақдим этсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси билан биргаликда 2016 йилнинг
1 майига қадар ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни сақлаш, транспортировка қилиш ва сотишда табиий йўқотиш нормативларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси Адлия вазирлиги билан биргаликда мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
12. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти    И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри, 2016 йил 12 апрель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn