Ихтирочи аёллар тақдирланди
  • 14 Декабрь 2017

Ихтирочи аёллар тақдирланди

Юртимизда илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар сафи кенгаймоқда. Бинобарин, бугун улар орасида 600 дан ортиқ фан докторлари, 4 минг 780 га яқин фан номзодлари, 5 нафар академик бор.

Бу пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” I Республика танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида қайд этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда олима аёлларнинг инновацион ғоялари, лойиҳалари ва ишланмаларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш,  фан-таълим ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Ихтирочи аёллар” уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур танлов ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.  Унда олималар, муҳандис, ихтирочи аёллар, конструкторлар, талаба ва ўқувчилар ўз инновацион лойиҳалари, рационализаторлик таклиф ва  ишланмалари билан қатнашмоқда. 

Танловнинг Тошкент шаҳар босқичи  якунида  “Энг яхши ихтиро”,  “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси”,  “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси” сингари ўндан зиёд номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева иштирок этди. 

Мавжуда ХОЛМАТОВА. 

Динара ЧИРКОВА олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn