Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
  • 13 Декабрь 2017

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакатда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда, бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради. 

2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини “ягона дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари (кейинги ўринларда Инспекциялар деб юритилади) томонидан амалга ошириб келинган. 

2016 йил 1 январдан бошлаб Инспекциялар негизида Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари (кейинги ўринларда Ягона марказлар деб юритилади) ташкил этилди. 

2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди. 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди. 

Шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига айрим тизимли муаммолар тўсқинлик қилмоқда. Хусусан: 

биринчидан, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш имкониятидан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин. Бунда фуқаролар ҳанузгача турли давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишга мажбур бўлмоқда; 

иккинчидан, қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларининг мавжуд эмаслиги, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даражада эканлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишни таъминламаяпти; 

учинчидан, кўпчилик давлат хизматларини кўрсатишнинг тартиб-таомиллари мураккаб ва фойдаланиш учун қийин бўлиб қолмоқда, нархни шакллантириш механизмлари шаффоф эмас, алоҳида ҳолларда тор идоравий манфаатларда “монопол” хизматлар кўрсатишга талаблар белгиланмоқда; 

тўртинчидан, ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг паст даражада эканлиги, қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолган андозалари асоссиз молиявий харажатларга, фуқаролар кўп вақт кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишига ҳамда оқибатда, айрим ҳолларда коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келмоқда; 

бешинчидан, давлат хизматлари кўрсатишни, шу жумладан реал вақт режимида масофадан мониторинг қилиш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали назорат қилиш ва сифатини баҳолашнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас. 

Юқорида қайд этилган омиллар аҳолининг давлат хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, уларни кўрсатиш билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатларни камайтириш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш имконини бермайди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида: 

1. Қуйидагилар давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин: 

биринчидан, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш; 

иккинчидан, Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича хизматларни тақдим қилувчи Давлат хизматлари марказларига ўзгартириш; 

учинчидан, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига кўра давлат хизматлари кўрсатиш механизмини, энг аввало, ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштиришни назарда тутувчи маъмурий регламентларни тасдиқлаш; 

тўртинчидан, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига инновацион ечимлар ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базаларини идоралараро электрон ҳамкорлик ягона тизимига интеграция қилиш, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш; 

бешинчидан, давлат хизматларини, шу жумладан олис жойларга чиқиш орқали (“мобиль давлат хизматлари”) кўрсатишнинг мақбул, қулай ва шаффоф услубларидан, мазкур соҳада бюрократия ва коррупция юзага келишини бартараф этишга қаратилган навбатни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ва ишларнинг узайтирилган графигидан фойдаланиш; 

олтинчидан, давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва тезкорлигини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг илғор механизмларини жорий этиш, аҳоли билан қайта алоқанинг самарали тизимини, шу жумладан тезкор алоқаларни, расмий сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль иловаларда он-лайн сўровларни ташкил қилиш; 

еттинчидан, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида малакали кадрларни тизимли тайёрлаш ва қайта тайёрлашни, уларнинг малакасини, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг етакчи ихтисослашган муассасаларида стажировка ўташ орқали тизимли равишда оширишни ташкил этиш.

2. Қуйидагилар негизида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) ташкил этилсин: 

38 та штат бирлиги сонига эга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари; 

Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари. 

Қуйидаги маблағлар ҳисобига молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаган ҳолда: 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети – Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг 24 та штат бирлиги; 

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, маҳаллий бюджетлар – Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналарининг 157 та мутахассис лавозими штат бирлиги Агентликка ўтказилсин. 

3. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш; 

ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш; 

Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш; 

давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, жорий этиш ва интеграция қилишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этиш; 

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш; 

давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этишни ташкил қилиш, мазкур соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. 

4. 2018 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилсин, қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари сифатида белгилансин: 

жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш; 

давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик; 

идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш; 

давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш; 

ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш. 

5. Белгилаб қўйилсинки: 

Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан; 

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари томонидан; 

Давлат хизматлари марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари томонидан амалга оширилади. 

Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш схемаси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Агентлик фаолияти устидан умумий раҳбарлик ва назоратни амалга ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва Агентлик ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш юклатилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–2750-сон қарори билан ташкил этилган Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тугатилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати тузилмасида умумий штат сони доирасида 4 та штат бирлиги билан Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш шуъбаси ташкил этилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда илғор халқаро амалиётни ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари биноларининг уларда Давлат хизматлари марказларини жойлаштиришни ҳам назарда тутган ҳолда намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари: 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари замонавий биноларини тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ, энг аввало, давлат-хусусий шериклик шартларида қуриш чораларини кўрсин; 

янги бинолар фойдаланишга топширилгунга қадар Давлат хизматлари марказларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари биноларида, зарур ҳолларда эса – жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини сифатли кўрсатиш учун зарур шароитларни яратган ҳолда бошқа биноларда жойлаштиришни таъминласин. 

9. Қуйидагилар: 

Жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда Комплекс чора-тадбирлар деб юритилади) 2-иловага мувофиқ; 

2018-2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган, “ягона дарча” тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати (кейинги ўринларда Рўйхат деб юритилади) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар ва Рўйхатнинг амалга оширилиб борилишини ҳар ойда кўриб чиқсин. 

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2412-сон ва 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–2750-сон қарорларига мувофиқ Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин. 

10. Рўйхатда кўрсатилган масъул давлат органлари ва бошқа ташкилотлар белгиланган муддатларда: 

Давлат хизматлари марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва бошқа актларнинг намунавий шакллари, бланкаларини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласин; 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат хизматларининг тегишли турларини кўрсатиш бўйича, шу жумладан бошқа давлат органлари ва ўзга ташкилотлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олинадиган ҳужжатлар ва маълумотларни фуқаролардан талаб этиш бекор қилинишини назарда тутган ҳолда маъмурий регламентлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 февралга қадар муддатда Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантиришни таъминласин. 

Белгилансинки, 2018 йил 1 февралдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар уларнинг Давлат хизматлари ягона реестрида рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди, 2018 йил 1 июндан бошлаб эса мазкур реестрга киритилмаган давлат хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди. 

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Адлия вазирлигига халқаро ва хорижий ташкилотлар билан давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш учун техник кўмаклашиш маблағлари ва грантларни жалб қилиш масалаларини ишлаб чиқишда, шунингдек, мазкур Фармонда назарда тутилган бошқа тадбирларни амалга оширишда кўмаклашсин.

13. Агентлик, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор, “Ўзинжиниринг” Республика лойиҳа институти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар муддатда Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари учун зарур ахборот тизимлари, ресурслари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва интеграция қилиш ва аппарат-дастурий комплексларни ўрнатишнинг концепцияси, техник-иқтисодий ҳисоб-китоби ва техник топшириғи тайёрланишини ҳамда тасдиқлаш учун ўрнатилган тартибда киритилишини таъминласин. 

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор 2019 йил 1 январга қадар муддатда: 

тасдиқланган концепция, техник-иқтисодий ҳисоб-китоб ва техник топшириқ асосида Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари учун ахборот тизимлари, ресурслари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилишини, шунингдек, аппарат-дастурий комплекслар ўрнатилишини таъминласин; 

Рўйхатда кўрсатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уларнинг ахборот ва телекоммуникация тизимлари, маълумотлар базалари, серверлари ва бошқа ускуналарини инвентаризациядан ўтказиб, кейинчалик уларни Агентликнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилсин ва идоралараро электрон ҳамкорликни жорий этсин; 

Агентлик билан биргаликда унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказларини зарур видео, аудио ва бошқа ускуналар билан жиҳозлашни таъминласин ҳамда реал вақт режимида давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини масофадан кузатишни ташкил қилсин. 

14. Ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари давлат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши учун шахсан жавобгар эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши устидан қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган айбдор шахсларга нисбатан таъсирчан чораларни кўрган ҳолда тизимли назорат ўрнатсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин. 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 12 декабрь 

 

* * * 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини

тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига

ШАРҲ

Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини изчиллик билан такомиллаштириш аҳоли ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 

Сўнгги йилларда мамлакатда давлат органларининг мазкур соҳадаги фаолияти сифатини ошириш, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатишда мақбул шарт-шароитлар ва қулайликлар яратишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Хусусан, 2017 йил 1 февралдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича муҳим қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада ушбу марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди. 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди. 

Шу билан бирга, халқ билан очиқ мулоқот натижалари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишида айрим тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда. 

Авваламбор, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимидан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин. Бунда фуқаролар ҳанузгача турли давлат органлари ва ташкилотларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишга мажбур бўлмоқдалар. 

Қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги, шунингдек, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даражада эканлиги вазиятни мураккаблаштириб, барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишни таъминлаш имконини бермаяпти. 

Бундан ташқари, кўпчилик давлат хизматларини кўрсатишнинг тартиб-таомиллари фуқаролар учун мураккаб ва фойдаланиш учун қийин бўлиб қолмоқда, уларнинг нархини шакллантириш механизмлари эса шаффоф эмас. Натижада алоҳида ҳолларда тор идоравий манфаатларнинг юзага келишига олиб келган. 

Айрим ҳолларда фуқаролар давлат органларига мурожаат қилишда асослантирилмаган молиявий харажатларга дуч келмоқдалар, энг аввало, ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг паст даражадалиги, қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолинган андозалари навбатлар юзага келишига олиб келмоқда. 

Давлат хизматлари кўрсатишни, шу жумладан реал вақт режимида масофадан мониторинг қилиш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали назорат қилиш ва сифатини баҳолашнинг таъсирчан тизими мавжуд эмаслиги ушбу хизматлар соҳасида қонунийликни таъминлашнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Кўрсатиб ўтилган муаммолар аҳолининг давлат хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, уларни кўрсатиш билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатларни камайтириш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш имконини бермайди. 

Айнан шу муносабат билан Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон давлат хизматларининг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имконини тубдан ошириш бўйича комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга оширувчи асосий ғояларни белгилаб берди. 

Хусусан, мазкур соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширишга масъулият юкланган алоҳида давлат органи – Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмалари билан ташкил этилди. Бу амалга оширилаётган ислоҳотларнинг уйғунлиги ва изчиллигини таъминлайди, давлат хизматларини сифатли бажариш учун ваколатли органлар ва ташкилотларнинг жавобгарлигини оширади. Шу билан бирга, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бошқарувни амалга оширишнинг аниқ ташкилий-институционал асосларини шакллантириш таъминланмоқда. 

Эндиликда “ягона дарча” тамойили нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки бевосита фуқароларга ҳам хизмат кўрсатишда амал қилади. Давлат хизматчилари билан бевосита мулоқот қилмасдан ҳамкорликни таъминлаш аҳоли учун давлат хизматларини коррупция хавфисиз тезкорлик билан кўрсатиш имконини беради, фуқароларнинг кундалик ҳаётини жиддий равишда енгиллаштиради, бюрократия ва сансалорлик ҳолатларини бартараф этади. 

Давлат хизматлари кўрсатишда яқинда ташкил этилган ўзига хос институт – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг фаол иштироки ўхшаши бўлмаган энг муҳим янгиликлардан бири ҳисобланади. Давлат ҳокимиятининг аҳоли билан самарали мулоқотини ташкил этиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини йўлга қўйишда муҳим роль ўйнаган мазкур институтлар фаолиятининг ижобий якунини ҳисобга олган ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси уларнинг бевосита мувофиқлаштирувида бўлиши назарда тутилмоқда. 

Ўз навбатида Халқ қабулхоналари ва Давлат хизматлари марказлари туман (шаҳар) миқёсида ягона яхлит фаолият олиб бориб, давлат хизматлари кўрсатишнинг самарали тизимини шакллантириш имконини беради. 

Давлат хизматлари марказлари фаолиятини самарали ташкил этишдан ташқари, ахборот алмашинуви бўйича идоралараро, энг аввало, электрон ҳамкорликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш мазкур соҳада муваффақиятга эришиш учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади. 

Шу муносабат билан Фармонда Давлат хизматлари ягона реестрини ташкил этиш, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича ягона маъмурий регламентлар ишлаб чиқиш, Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказларида ахборот тизимлари, ресурслари, маълумотлар базалари ҳамда дастурий маҳсулотларни, шунингдек, аппарат-дастурий мажмуаларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган. Бу давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” деган муҳим тамойилни жорий этиш имконини беради. 

Интернет ва мобиль технологияларнинг фаол жорий этилиши хизматдан фойдаланувчилар давлат органларига зарур ҳолларда боришлари, одатий ҳолларда эса хизматлар масофадан электрон тартибда кўрсатилиши билан боғлиқ ғояларнинг истиқболда амалга оширилишини таъминлайди. 

Шунингдек, Фармон билан Давлат хизматлари марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлат хизматларининг сонини, айниқса, фуқаролар учун босқичма-босқич жиддий равишда оширишни ҳисобга олган ҳолда хизматдан фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиладиган бино ва иншоотларни тўлиқ янгилашга зарурат мавжуд. 

Шу муносабат билан масъул идораларга Давлат хизматлари марказларининг янги қиёфасини ишлаб чиқиш топширилган, маҳаллий ҳокимият органлари эса Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда биноларни босқичма-босқич янгилашни таъминлайди. 

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан соғлиқни сақлаш, лицензиялаш, солиқ, божхона ва бошқа соҳаларда жадал сифат жиҳатидан яхшилашнинг муҳим механизмлари, шунингдек, давлат хизматлари бўйича мобиль иловаларни ишлаб чиқиш, хизматларни олис жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш, аҳоли билан тезкор алоқалар, расмий веб-сайтлардаги интернет-ботлар, ижтимоий тармоқлар ёрдамида қайта алоқанинг самарали тизимини ташкил этишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди. 

Шунингдек, 2018-2020 йилларда жорий этилишига қараб Давлат хизматлари марказларида “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган 58 та давлат хизматининг рўйхати тасдиқланди. 

Уларнинг қаторида уй-жойларнинг сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, турар жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш каби аҳолининг талаби юқори бўлган хизматлар мавжуд. 

Фармон билан давлат хизматлари кўрсатишнинг мутлақо янги ташкилий асослари жорий этилмоқда, давлат ва аҳоли ўзаро ҳамкорлигининг замонавий концепциясига пойдевор қўйилмоқда. 

Аҳоли билан ўзаро боғлайдиган ягона жой сифатида Давлат хизматлари марказлари ва Халқ қабулхоналари давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, фуқароларнинг вақт ва молиявий харажатларини камайтириш, шунингдек, уларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn