Президент қарори: 2022 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотлари иссиқ сувдан узиб қўйилади
  • 09 Ноябрь 2017

Президент қарори: 2022 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотлари иссиқ сувдан узиб қўйилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 8 ноябрь куни "Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Қарор шарҳида шаҳарсозлик соҳасидаги амалдаги норма ва қоидалар объектларнинг энергия самарадорлигини таъминловчи замонавий талабларга жавоб бермаслиги қайд этилган. Шунингдек, бинолар ва иншоотларнинг қурилиши ва реконструкция қилинишида энергия тежамкор материаллар ва технологияларни қўллашга етарли эътибор қаратилмаслиги туфайли энергия ресурсларининг ортиқча сарф қилинаётгани таъкидланган. 

Электр ва газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, шунингдек, энергия тежамкор лампалар мажбурий тартибда ўрнатилади. 

Шу билан бир қаторда, 2022 йил 1 январдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларини иссиқ сув таъминотидан узиб қўйиш назарда тутилмоқда. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида улар иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмаларидан, шунингдек, ички ёритиш учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампалардан фойдаланиши шарт бўлади. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан иссиқ сув таъминоти учун қуёш сув иситгич қурилмаларининг жорий этилиши ва фойдаланилиши натижасида иситилмайдиган даврда (апрель-октябрь) иситиш станциялари томонидан табиий газ истеъмоли ҳажми деярли 10 миллион куб метр ёки 2,5 миллиард сўмга қисқаради. 

Бугунги кунда 35 та биогаз ишлаб чиқарувчилар, 10 та қуёш электр энергияси етказиб берувчилар ва микрогидроэлектр станциялардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи 5 та корхонанинг имкониятлари тўлиқ очиб берилмаган. 

Қарорда муқобил энергия манбаларини жорий этиш юзасидан тадбиркорлик фаолиятини самарали рағбатлантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий асосларни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn