• 03 Октябрь 2017

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5198-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, давлат ва -нодавлат мактабгача таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакл-лантириш шароитларини яратиш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида -мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш, шунингдек, -Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг бошқарув ходимлари чекланган сони 47 нафардан иборат бўлган марказий аппарати тузилмаси 

2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси ва вилоятлар мактабгача таълим бошқармаларининг намунавий тузилмалари 4-иловага мувофиқ;

туманлар (шаҳарлар) мактабгача таълим бўлимларининг намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ;

Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тузилмаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси тузилмаларига ходимларнинг белгилаб қўйилган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари, туман (шаҳар)лар мактабгача таълим бўлимлари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ушбу қарорни амалга ошириш харажатлари учун 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг “Ижтимоий соҳа” учун назарда тутилган параметрлари доирасида маблағлар ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса ҳар йили зарур бюджет маблағлари ажратишни назарда тутсин;

ушбу қарордан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил учун тасдиқланган харажатлари сметасига тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрларини ишлаб чиқишда мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклиф киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг марказий аппаратига 4 та, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига 14 та енгил хизмат автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ҳамда уларнинг хариди учун зарур бўлган маблағларни ажратсин;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техника базасини шакллантириш учун зарур бўлган жиҳозлар ва ахборот-коммуникация технологияларини харид қилиш ҳамда уларнинг маъмурий биноларини таъмирлаш учун Мактабгача таълим вазирлигига маблағлар ажратилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятида зарур бўлган алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситаларини ўрнатишни таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг марказий аппарати Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 5-уйда жойлаштирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) мактабгача таълим бўлимларини бинолар ёки зарур бўлган хоналар билан таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги “Мактабгача таълим методикаси” журналини (кейинги ўринларда Журнал деб аталади) таъсис этсин.

Мактабгача таълим тизимига жорий этилаётган илғор педагогик ва инновацион технологияларни, соҳада амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларини атрофлича ёритиб бориш, соҳага доир қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларини шарҳлаш ва тушунтириш журналнинг асосий вазифалари этиб белгилансин.

Журнал таҳририяти фаолиятини молиялаштириш журнални сотишдан тушадиган маблағлар, ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағ ва манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларида қўлланилаётган овқатланиш меъёрларини ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин ҳамда 2018 йилнинг 

1 январидан бошлаб янгиланган овқатланиш меъёрлари ва республиканинг барча мактабгача таълим муассасаларида ушбу қарор ижросининг тизимли мониторинги жорий этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим муассасалари учун ўқув ва кўргазмали қуроллар, уларнинг тарбияланувчилари учун ўргатувчи ва ривожлантирувчи китоблар тайёрланиши, шунингдек, уларнинг нашр этилиши, доимий равишда молиялаштирилиши ва давлат мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилишини назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда таълим миллий тилларда олиб бориладиган мактабгача таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнида инглиз ва рус тилларини, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабгача таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнида инглиз ва ўзбек тилларини ўрганишни жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрласин;

“Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларида фойдаланилаётган, биринчи навбатда болаларнинг интеллектуал ва англаш қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган ўйин ва ўйинчоқларнинг давлат стандартларини ишлаб чиқсин;

“Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва зарур шарт-шароитларни яратиш учун таълимга қўйиладиган давлат талаблари асосида ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш меъёрларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Савдо-саноат палатаси билан биргаликда болалар ўйинлари ва ўйинчоқлари бўйича давлат буюртмасини миллий ишлаб чиқарувчилар орасида тақсимлаш бўйича 2018 — 2023 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг статистик ахборотлари тарқатилиши мажбурий бўлган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини такомиллаштириш мақсадида икки ой муддатда мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тўғрисидаги низомни;

Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги бир ой муддатда:

Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси ва вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари тўғрисидаги низомларни;

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқласин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси 

А. Н. Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У. И. Иноятов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,  2017 йил 30 сентябрь

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига шарҳ

Узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми ҳисобланган мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, мактабдан ташқари таълим ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни такомиллаштириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Кузатишлар хулосасига кўра, Халқ таълими вазирлигининг давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликдаги фаолияти аксарият ҳолларда мактаб таълимини ривожлантириш билан чекланиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, мактабгача ёшдаги болалар қамровини ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш масаласи долзарблигича қолмоқда.

Болаларнинг қизиқиш ва интилишини ҳисобга олган ҳолда, уларга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим-тарбия бериш, дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, қалби ва онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб бориш орқали уларни она-Ватанга муҳаббат руҳида камол топтириш масаласи давр талабидан ортда қолаётгани сабабли мактабгача таълимнинг бошқарув тизими қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Фарзандларимизнинг мактабда қандай ўқиши, юксак мақсадлар билан камол топиши кўп жиҳатдан мактабгача таълим муассасасидаги тарбияга боғлиқ. Илмий кузатишлар ва -тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олиши айнан бола шахсининг ривожланишида мактабгача таълимнинг ўрни нечоғли муҳимлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 16 август куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш, мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, тизимнинг бошқарув тузилмасини ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларига 5-6 ёшли -болаларни 100 фоиз қамраб олиш чораларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш -мақсадида қарорда қуйидаги кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, мактабгача таълимни ҳар томонлама ривожлантириш, тарбияланувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражасини янада юксалтириш;

“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини мактабгача таълим қисми бўйича амалга оширишга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини назорат қилиш;

мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига биноан, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда методик раҳбарлик қилиш;

ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, таълим-тарбиянинг самарали шакл ва усулларини жорий этиш;

мактабгача таълим муассасаларида ёш болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, “оммавий маданият” кўринишидаги ёт ғояларга қарши иммунитетини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш;

педагог ва раҳбар ходимларнинг малакасини ошириш жараёнини самарали ташкил этиш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш, таълим муассасаларини юқори малакали, замонавий билимга эга кадрлар билан таъминлаш;

мазмун ва сифат жиҳатидан замонавий талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини -яратиш ва нашр этилишини ташкил этиш;

мактабгача таълим муассасаларида давлат талаблари бажарилишининг тизимли -мониторингини олиб бориш;

халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг таълим -соҳасида эришган ютуқларини конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар орқали -халқаро даражада кенг тарғиб қилиш, халқ таълими тизимига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш;

нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, улар ўртасида -соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда таълим хизматлари турларини кўпайтириш.

Қарор билан белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида:

мактабгача таълим тизими ва уни ривожлантириш учун алоҳида эътибор қаратилиб, энг илғор хорижий тажрибалар асосида ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратилади;

мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш орқали мактабгача таълим ҳар томонлама ривожлантирилиб, тарбияланувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражаси янада юксалтирилади;

ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шакллари, янги педагогик ва -ахборот технологиялари, таълим-тарбиянинг самарали шакл ва усуллари жорий этилади;

болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган қисқа муддатли гуруҳлар -тармоғи кенгайтирилади;

мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси яхшиланади;

нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғи ривожлантирилиб, улар ўртасида -соғлом рақобатни шакллантириш орқали таълим хизматларининг турлари кўпайтири-лади;

бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат бино ва иншоотларидан самарали фойдаланишга эришилади;

5-6 ёшли болаларни мактабгача таълимга 100 фоиз қамраб олиш имконияти яратилади.