XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирини қабул қилди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак Мудофаа вазирлигида учрашув «Кейинги бекат»да ҳаёт манзаралари Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон Инновация имкониятлари кенгаяди Ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур Ички туризм истиқболлари Экспортчи корхоналар сони кўпаяди Бу галги ҳашар аввалгиларидан фарқ қилади Ноёб ва сара навлар Мирзачўл қовунлари довруғини дунёга ёймоқда Ёш оилалар ва қизлар билан ишлашда янгича ёндашув Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди Ижод аҳлига юксак эътибор Мусиқий таълимда ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди Болалик олами Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди Бағрикенглик — тинчлик ва тараққиёт асоси Судьяларга холис баҳо берилади Қаҳрамонлар — орамизда «Ўз билимим билан ўқишга кирдим» Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини
  • 10 Август 2017

Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Қисқа давр мобайнида мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш, биринчи навбатда, қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, шунингдек, ислоҳотларни амалга оширишда фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган қатор муҳим давлат ва ҳудудий дастурлар, қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Сенаторлар ва депутатлар корпуси, фуқаролар йиғинлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини кенг жалб этган ҳолда, жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали шаклларини жорий этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларнинг натижалари мазкур дастурлар ҳамда ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлди.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалий рўёбга чиқариш доирасида қабул қилинган 20 дан ортиқ қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 180 дан ортиқ фармонлари ва 450 дан ортиқ қарорларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш ҳозирги босқичда кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Шу билан бирга, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини ташкил этиш ва фаолиятини баҳолашнинг амалдаги тизими олдимизга қўйилган вазифаларни самарали ҳал қилишга имкон бермаяпти. Хусусан,
биринчидан, ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти марказий органларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг даражаси ҳудудларда ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича уйғун фаолиятни таъминламайди. Аксарият ҳолларда уларнинг фаолияти бир марталик хусусиятга эга, алоҳида топшириқларни бажаришдан иборат бўлиб қолган. Бунинг устига, жойларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш бўйича лозим даражада ташаббус кўрсатилмаяпти;
иккинчидан, ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳудудларга хизмат сафарларини самарали мувофиқлаштиришнинг мавжуд эмаслиги амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг такрорланишига олиб келмоқда, оқибатда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини асосий функционал мажбуриятларини бажаришдан чалғитмоқда;
учинчидан, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнини баҳолаш амалиёти жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини танқидий таҳлил қилишга асосланмаган, энг асосийси, эришилган иқтисодий кўрсаткичлар аҳолининг ҳаёт сифатига қай даражада ижобий таъсир этаётганлигига қатъий баҳо берилмаяпти. Республика давлат органларининг ҳудудлардан ажралиб қолганлиги ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, ривожланиш даражаси ва талаб-эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, асослантирилган ва ҳар томонлама пухта ўйланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш имконини бермаяпти;
тўртинчидан, республика ва маҳаллий бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда бажаришнинг амалдаги механизмлари, биринчи навбатда, энг устувор лойиҳаларни манзилли, ўз вақтида ва мутаносиб молиялаштиришни таъминламаяпти;
бешинчидан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим дастурларини амалга ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни ташкил этиш ўрнига аксарият ҳолларда кўплаб йиғилишлар ўтказилмоқда ва уларнинг якуни бўйича чуқур ўйланмаган қарорлар қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган, аҳолини арзон уй-жой ва иш билан таъминлаш, сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳаётий муҳим масалалар кўтарилган бир миллиондан ортиқ мурожаатлар юқоридагилардан далолат бермоқда.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, ишни ташкил этиш, биринчи навбатда, жамоатчилик олдида ҳисобот бериш шакллари ва услубларини тубдан такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, давлат органлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги ҳолатларининг юзага келишига қатъий равишда барҳам бериш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган тадбирлар ва топшириқларнинг ижросини ташкил этишдаги жиддий камчиликларга, шунингдек, кўрилаётган чораларнинг кутилаётган натижаларни бермаётганлигига қаратилсин.
Кўрсатилган раҳбарлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ва самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгарлиги ҳақида огоҳлантирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг жойларда ишларни ташкил этишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи мутлақо янги тизимини жорий қилиш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга (кейинги ўринларда секторлар деб юритилади) бўлиш;
секторлар раҳбарларига ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ташкил этиш ва ҳал қилиш, шу жумладан, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ечиш юзасидан жавобгарлик юклаш ҳамда ваколатлар бериш;
ҳудудларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларига 1-иловага мувофиқ бириктириш;
соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан парламент назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;
ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларнинг барвақт олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан парламент назоратининг самарали шаклларини жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларига:
ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни тизимли ва ҳар томонлама ўрганиш, умумлаштириш ҳамда ишлаб чиқишга масъул бўлган депутат ва сенаторларни ҳудудларга бириктириш;
тегишли мансабдор шахсларнинг, биринчи навбатда, аҳоли олдида даврий ҳисобот бериш тизимини, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонларини, шунингдек, юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик чораларини назарда тутган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларнинг барвақт олдини олиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши устидан парламент назоратининг самарали шаклларини жорий этиш бўйича ишларни ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлаш тавсия этилсин.
3. Қуйидагилар секторлар раҳбарларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
биринчидан, уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш;
иккинчидан, ижтимоий муҳофазанинг манзиллилиги, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;
учинчидан, ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг табиий, иқтисодий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қурилиши тугалланмаган объектлардан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
тўртинчидан, деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш;
бешинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш ҳамда уларнинг барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан ишларни ташкил этиш.
4. Белгилансинки, секторлар ишини ташкил этиш 2-иловада келтирилган, қуйидагиларни назарда тутадиган Ҳудудлар ва туманлар (шаҳарлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш схемасига мувофиқ “маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика” тамойилига кўра амалга оширилади:
уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар асосида энг қуйи бўғинда — маҳаллада долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш, туман (шаҳар)ни ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;
маҳаллаларда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш, шунингдек, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;
туманлар (шаҳарлар)да аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларига таклифлар тайёрлаш ва киритиш, шунингдек, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;
ҳудудлар “йўл хариталари” амалга оширилишининг самарадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар томонлама танқидий таҳлил ва умумлаштириш ўтказиш, шунингдек, давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида ҳар чораклик ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, жойлардаги тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш.
5. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари мажлисларида ҳар чоракда секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъул мансабдор шахслар, депутатлар ва сенаторлар иштирокида эшитилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига секторлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш тавсия этилсин:
тегишли даврда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини танқидий баҳолаш;
аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, ёшларни ташвишга солаётган долзарб муаммоларни, шунингдек, ҳудуднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган тизимли камчиликларни аниқлаш;
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларига киритиш учун таклифларни муҳокама қилиш.
Ҳисоботларни эшитишга ҳудудларни ривожлантириш жараёнига таъсир кўрсатишнинг, шунингдек, секторлар раҳбарлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахслари масъулиятини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қаралсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига секторлар раҳбарлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахслари ҳисоботларини эшитишнинг аниқ тартибини назарда тутган ҳолда, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин.
6. Секторлар ишининг шакллари ва услубларини, давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлигини, уларнинг ваколатларини, шунингдек, ҳисобот бериши ва фаолиятини баҳолаш тартибини назарда тутадиган Туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларининг ишларини ташкил этиш тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Қуйидагилар ҳудудларга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг асосий вазифалари ва функциялари этиб белгилансин:
ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторларнинг ишини, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда орқада қолган туманлар ва шаҳарларда самарали ташкил этиш;
туманлар, шаҳарлар, маҳаллалардаги ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишларнинг самарадорлиги ва уйғунлигини таъминлаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан узвий ҳамкорлигини ташкил этиш;
ҳудуднинг ишчанлик муҳити ва ишчанлик фаоллигини таҳлил қилиш, тадбиркорликни жадал ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, шаклланган тадбиркорлик маданияти ва маҳаллий анъаналар, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш даражасини инобатга олган ҳолда, ҳудудни ривожлантириш бўйича манзилли амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш аҳволини таҳлил қилиш, амалга оширилаётган тадбирларнинг аҳоли ҳаётининг сифатига таъсир этиш даражасини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
Ҳукумат, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари даражасида қарор қабул қилишни талаб этадиган аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
тегишли раҳбарларнинг фаолиятини танқидий таҳлил қилиш якунлари асосида уларни амалдаги раҳбар кадрлар захирасига қўшиш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида таклифлар киритиш.
8. Белгилаб қўйилсинки:
ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ўрганиш ҳудудларга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан, қоида тариқасида, бир йўла комплекс ўрганиш (3-4 кун давомида) ўтказиш орқали мувофиқлаштирилади;
ҳудудларга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари иш вақтининг учдан икки қисмидан кам бўлмаган даврини жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини, шу жумладан, аҳоли билан мулоқот қилиш орқали ўрганишга ажратади.
9. Календарь йилнинг чорак якуни бўйича мажлисларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ҳозирги амалиёти самарасиз ҳамда эскирган, деб топилсин.
Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янгиланган концепцияси 4-иловада келтирилган схемага мувофиқ жорий қилинсин ва қуйидагилар унинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
туман (шаҳар) ва вилоят даражасида, биринчи навбатда, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, депутатлар ва сенаторлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан кўтарилган энг долзарб муаммоларни аниқлаш, шунингдек, уларнинг ечими бўйича аниқ чоралар кўриш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши мониторингининг очиқлиги ва холислигини ошириш;
амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва эришилган кўрсаткичларнинг, айниқса, қишлоқ жойларида аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатига реал таъсирини ҳисобга олган ҳолда макроиқтисодий таҳлил ўтказиш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш аҳволи, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият идоралари таклифлари, аҳоли эҳтиёжларининг ҳар томонлама ва чуқур таҳлили асосида Ўзбекистон Республикасининг инвестиция (давлат) дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини, шу жумладан, жойларда ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда ходимларининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини назорат ва мониторинг қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янги концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
10. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича комиссия 5-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бир ой муддатда секторлар раҳбарлари, давлат органлари мансабдор шахслари ва ходимлари ўртасида мазкур қарор талабларини тушунтириш бўйича ишларни ташкил этсин;
2017 йил 20 августга қадар муддатда жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларни ҳар томонлама таҳлил этиш ва умумлаштириш асосида намунавий “Йўл харитаси”ни ҳамда секторлар раҳбарларининг намунавий иш тартибини ишлаб чиқсин;
бир ой муддатда секторлар раҳбарлари фаолиятининг моддий-техника таъминотини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
2018 йил 1 январга қадар муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини ва бажарадиган ишлар ҳажмини танқидий ўрганиш асосида уларнинг тузилмаси, вазифалари, функция ва ваколатларини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритсин.
12. Асоссиз, самараси кам, амалий аҳамиятга эга бўлмаган, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига кераксиз маъмурий иш ҳажмини оширадиган ва юклатилган вазифаларни бажаришдан чалғитадиган идоралараро йиғилишларни ўтказиш қатъий тақиқлансин.
Давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига ўтказиладиган йиғилишларга кўриб чиқиладиган масалаларга бевосита алоқадор бўлмаган давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг мансабдор шахслари таклиф қилиниши ва иштирок этишига йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган талабларнинг қатъий бажарилиши устидан лозим даражада мониторинг олиб борилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда коллегиал йиғилишлар ўтказиш заруратини асословчи аниқ мезонларни, уларда иштирок этувчи шахслар доирасини белгилашни, шунингдек, йиғилишлар якунларининг натижадорлигига талабларни назарда тутган ҳолда, барча даражаларда йиғилишларни ташаббус қилиш, унга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати (Т. Худайбергенов) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда:
секторлар раҳбарларининг фаолиятини уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан доимий мониторинг қилишни, ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб, уларнинг фаолиятини холисона баҳолашни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чоракда алоҳида ўрнак кўрсатган секторлар раҳбарлари, давлат органларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда уч ой муддатда танқидий таҳлил асосида Республика ва маҳаллий бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали ҳамда шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари У. С. Исмаилов, В. А. Голишев, Т. А. Худайбергенов, О. Б. Муродов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И. Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти          Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2017 йил 8 август

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига шарҳ


Давлат ва жамиятни жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш мақсадида жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатишнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали шаклларини жорий этиш, айниқса, мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олган ҳолда жойларга чиқиб фуқароларни қабул қилиш бўйича кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жойларда олиб борилаётган бундай ишлар натижасида аҳолини безовта қилаётган ижтимоий соҳа, уй-жой коммунал, йўл хўжалиги, электр энергия, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, арзон уй-жойлар қуриш соҳаларидаги, шунингдек, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, ҳудудларда инвестициявий ва ишчанлик муҳитини яхшилашга тўсиқ бўлаётган ўткир муаммолар аниқланмоқда.
Жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида, шунингдек, фуқароларимизнинг талаб ва таклифларига биноан қисқа вақт ичида шаҳарларда — кўп қаватли, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар қуриш, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти, канализация тизимларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришни таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир дастурлар қабул қилинди ва амалга оширилмоқда.
Ушбу қабул қилинган ҳужжатларнинг ҳар бири мамлакатимизда аҳолининг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўзларининг бунёдкорлик имкониятларини тўлиқ ишга солиш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган.
Шу билан бирга, давлат органлари ишини ташкил этишнинг амалдаги механизмлари, ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органларининг бугунги кундаги ўзаро ҳамкорлиги ҳолати мазкур вазифаларни самарали амалга ошириш, аҳолининг кундалик муаммоларига ўз вақтида ечим топиш имконини бермаяпти.
Республика органларининг туман ва шаҳарлардан узилиб қолганлиги ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича уларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш даражасини инобатга олган ҳолда манзилли амалий чораларни ишлаб чиқиш имконини бермаяпти.
Республика ва маҳаллий бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишнинг жорий тартиби, биринчи навбатда, энг устувор лойиҳаларнинг манзилли, ўз вақтида ва мутаносиб равишда молиялаштирилишини таъминлай олмаяпти.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари асосан кам аҳамиятли вазифаларни, кундалик топшириқларни бажариш билан банд бўлиб қолган. Фаолият кўрсатаётган комиссия ва гуруҳларнинг, сенатор ҳамда депутатларнинг ҳудудларга хизмат сафарлари етарли даражада ўзаро мувофиқлаштирилмаган тарзда амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда бошқа юқори турувчи ижро ҳокимияти органлари эса ижтимоий-иқтисодий соҳанинг реал ҳолати билан боғлиқ бўлмаган макроиқтисодий масалалар билан банд.
Натижада фаолиятдаги такрорланишлар жойлардаги давлат ҳокимияти органларида самарасиз ортиқча юкламаларни юзага келтирмоқда, маҳаллий даражадаги жиддий камчиликлар эса деярли аниқланмаяпти ва бартараф этилмаяпти.
Давлат органларининг фаолияти натижаларини баҳолашда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир одамнинг ҳаёти сифатини қанчалик яхшилаётгани, алоҳида олганда ҳар бир аҳоли пунктини қанчалик даражада ижтимоий-иқтисодий ривожлантираётгани эътиборга олинмаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган бир миллиондан ортиқ мурожаатлар юқоридагилардан далолат бермоқда. Уларда, энг аввало, аҳолини арзон уй-жой ва иш билан таъминлаш, сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда мавжуд бўлган ҳал этилиши зарур ҳаётий муҳим масалалар кўтарилган.
Бугунги куннинг бундай долзарб вазифаларини муваффақиятли ва самарали бажариш ижроия ва вакиллик ҳокимияти органларининг яқиндан ҳамкорлигини, Вазирлар Маҳкамасининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражадаги ҳокимликларнинг амалдаги иш услубини тубдан қайта кўриб чиқиш ва бу борада янги, такомиллашган механизмларни жорий этишни талаб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ҳужжатлар ва дастурларнинг, айниқса, қуйи поғонада сўзсиз амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган.
Мазкур ҳужжат ижроия ва вакиллик ҳокимияти органларининг аҳоли дуч келаётган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида барҳам бериш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини доимий ва манзилли ўрганиш борасида ҳамкорликда олиб бориладиган тизимли фаолиятини ташкил этишни назарда тутади.
Қарор билан Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳокимликларнинг қатор таклифлари маъқулланди. Жумладан, жойларда ишни ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлишни назарда тутадиган мутлақо янги тизим жорий этилади.
Мамлакатимиздаги 14 та ҳудуднинг ҳар бирига Бош вазир ва унинг ўринбосарлари бириктирилади. Бунда улар томонидан ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан орқада қолаётган 69 та туман ва шаҳарларнинг жадал ривожланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладилар. Улар жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тизимли ишларни бажарадилар.
Секторлар иши “маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика” тамойилига асосан амалга оширилади. Бунда асосий ишлар энг қуйи бўғин — маҳаллада бажарилиши зарур, яъни ҳар чоракда истисносиз барча уй хўжаликлари ва объектларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилинади.
Маҳаллада аниқланган муаммолар бевосита жойида бартараф этилади. Жойида ҳал этишнинг иложи бўлмаган камчилик ва муаммолар эса сектор, туман (шаҳар) ва ҳудуд кесимида “йўл хариталари”га киритилади.
Ҳукумат миқёсида давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўрилади.
Бу билан маҳаллалардаги муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари ўртасида республика даражасигача узлуксиз алоқа ўрнатилади.
Жойлардаги муаммоларни ҳал этишда ўзида муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш йўлларини батафсил ва мукаммал қамраб оладиган “йўл хариталари” муҳим ўрин тутади. “Йўл хариталари” секторлар томонидан бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар чоракда тегишли ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда шакллантирилади ва амалга оширилади.
Шунингдек, мавжуд камчилик ва муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда, ҳудудларнинг ривожланиш жараёнига таъсир этиш ва сектор раҳбарларининг масъулиятини оширишда жорий этилаётган халқ депутатлари Кенгашлари сессияларидаги ҳисоботлар тизими марказий ўринни эгаллайди. Ҳар чоракда бўлиб ўтадиган сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитувида ҳудудларга бириктирилган Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, парламент аъзолари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этадилар.
Давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига секторлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш тавсия этилмоқда:
— тегишли даврда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини танқидий баҳолаш;
— аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, ёшларни ташвишга солаётган долзарб муаммоларни, шунингдек, ҳудуднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган мавжуд камчиликларни аниқлаш;
— ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларига киритиш учун таклифларни муҳокама қилиш.
Ҳисоботларни эшитишга ҳудудларни ривожлантириш жараёнига таъсир кўрсатишнинг, шунингдек, сектор раҳбарлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахслари масъулиятини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қаралади.
Бундан ташқари, қарор билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чораларнинг амалга оширилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида ҳар чораклик ҳисобот бериш тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Янги тизимни жорий этиш бўйича ишларнинг асосий йўналишлари мазкур ҳужжат билан тасдиқланаётган Низом билан тартибга солинади. Унда янги тизимда ишлашнинг самарали шакл ва услублари, давлат идоралари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, сектор раҳбарларининг ваколатлари, жавобгарлик чоралари, ҳисобдорлиги ва уларнинг фаолиятини баҳолаш тартиби, шунингдек, ҳисобот ҳужжати сифатида марказлаштирилган тартибда тарқатиладиган сектор раҳбарларининг уйма-уй юриш дафтарини юритиши кўзда тутилган.
Маҳаллий даражадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга бўлган ёндашувнинг бутунлай ўзгараётганлигини инобатга олиб, Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янгиланган концепцияси жорий этилмоқда.
Якунларни сарҳисоб қилишда, биринчи навбатда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатлари инобатга олинади, энг муҳими, ҳисобот даврида эришилган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳар бир инсон ҳаётининг сифат даражасида амалда намоён бўлаётган ижобий ўзгаришлар билан узвий боғланади.
Давлат раҳбари томонидан асоссиз, самараси паст, амалий аҳамиятга эга бўлмаган, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига кераксиз маъмурий иш ҳажмини оширадиган ва уларга юклатилган вазифаларни бажаришдан чалғитадиган идоралараро йиғилишларни ўтказиш қатъий тақиқланди. Бош прокуратурага белгиланган талабларнинг қатъий бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилди.
Давлат бошқарув органлари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ўрганиш ҳудудларга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан, қоида тариқасида, бир йўла комплекс ўрганиш (3-4 кун давомида) орқали мувофиқлаштирилиши белгилаб қўйилди. Бунда ҳудудларга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари иш вақтининг учдан икки қисмидан кам бўлмаган муддатини жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини, шу жумладан, аҳоли билан мулоқот қилиш орқали ўрганишга ажратади.
Сектор раҳбарлари ва давлат бошқарув органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш чораларига ҳамда уларнинг фаолиятига тизимли баҳо бериб боришга алоҳида аҳамият қаратилди. Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чоракда алоҳида ўрнак кўрсатган сектор раҳбарлари, давлат органларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйган жиддий камчиликлар учун уларни жавобгарликка тортишдан то лавозимидан озод этишгача бўлган чораларни кўриш бўйича таклифлар киритиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида ушбу соҳани тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, жумладан, мазкур қарорни ҳаётга татбиқ этиш натижалари таҳлилига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тузилмаси, вазифалари, функция ва ваколатларини оптималлаштириш бўйича қатор топшириқлар мавжуд.
Қарорда, шунингдек, танқидий таҳлил асосида Республика ва маҳаллий бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали ҳамда шаффоф механизмларини жорий этиш зарурияти таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори давлат органлари ишини ташкил этишнинг, энг аввало, ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган қарорлар, шунингдек, муҳим давлат ва ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига имкон берувчи замонавий янги тизимнинг жорий этилишини таъминлайди. Энг асосийси, қабул қилинган қарор мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган