Эҳтиромдан кўнгиллар обод
  • 21 Апрель 2017

Эҳтиромдан кўнгиллар обод

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлганидек, Тошкент вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича хайрли ҳамда савобга йўғрилган ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятда умргузаронлик қилаётган 193 нафар уруш қатнашчиси бундай юксак ҳурмат-эҳтиромдан мамнун бўлиб, дориламон кунлар ҳақига шукроналар айтишмоқда.

Буни уларнинг чеҳрасидаги ҳаётдан розилик ифодасидан, саодатли дамлар фароғатидан миннатдорлик акс этган сўзларидан ҳам билиб олиш мумкин. Ҳозир уларнинг ҳар бирига Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига биноан пул мукофотлари берилмоқда, имтиёзлар асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни навбатсиз олишга шарт-шароит яратилаяпти. 

Паркент туманининг Заркент қишлоғида истиқомат қилаётган Омон бобо Ёров 95 ёшда бўлишига қарамай, тетик, бардам-бақувват, фикрлари теран. Олти қиз ва беш ўғилни тарбиялади. Ҳозирги пайтда фарзандлар, набиралар ардоғида. Шунинг учун бўлса керак, отахоннинг хонадони доимо файзли. 

Омон бобо узум етиштириш ҳадисини олганлардан экан. Ўғли Баҳодир эса отасидан ўрганганларига таяниб, боғ яратиб, фермерлик қилади. Анчадан бери хўжалик корига ярайдиган “Дамас” автомашинаси бўлишини орзу қиларди. “Яхши ният — ярим мол”, деганларидек, унинг мақсади амалга ошди.

Гап шундаки, байрам муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими Шукурулло Бобоев ва мутасадди идоралар вакиллари нуронийнинг хонадонига бориб, уни табриклашди ҳамда навбатсиз харид қилинган “Дамас” автомобилини топширишди. 

Юқори Чирчиқ туманининг Навбаҳор маҳалласида 92 ёшли уруш қатнашчиси Тошмурод Қосимов яшайди. У киши ҳозир 60 дан ортиқ набираю эваралар ардоғида. Азизбек — ана шу дилбандларнинг бири. Унга эсдалик бўлсин, деб янги русумдаги “Neхia 3” автомобилини навбатсиз олиб берди. Шу куннинг ўзида машина тантанали равишда тақдим этилди. Бундан ташқари, бобога пул мукофоти ҳамда телевизор совға қилинди. 

Бу йил 91 ёшни қаршилаган Саидазим бобо Шоюсупов Янгибозор қўрғонининг Наврўз маҳалласида истиқомат қилади. У урушдан кейин 40 йил давомида далада ишлади. Тўрт ўғил ва икки қизни ҳалол ризқ билан оёққа турғазди. Фарзандлари ҳозир эл хизматида. Байрам арафасидаги йўқловдан Саидазим бобо ҳам қувончга тўлиб-тошди. 

Бундай тадбирлар давом этмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn