Таҳлиллар амалий ишлар кўламини янада ошириш зарурлигини кўрсатмоқда
  • 21 Апрель 2017

Таҳлиллар амалий ишлар кўламини янада ошириш зарурлигини кўрсатмоқда

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва эркинликларини кафолатлаш, турли жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш орқали жамиятда тинч, осойишта ҳаёт барқарорлигини таъминлашдек устувор мақсад йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги муносабатлар тегишли қонунчилик асосида тартибга солингани, айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” сифатида белгилангани бу -борада муҳим аҳамият касб этаётир. 

Андижон олимпия захиралари коллежида ўтказилган “Фарзандим келажагига масъулман” тадбири ҳам ана шу мақсадга йўналтирилди. Унда ўқувчилар ва ота-оналар, -устоз-мураббийлар, жамоатчилик вакиллари ёшлар ахлоқ-одоби ҳамда таълим-тарбиясида кузатилаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш, ён-атроф ва воқеликларга огоҳлик, ҳушёрлик нигоҳи билан қараш борасида ўзаро фикр алмашдилар. Йўлдан адашган вояга етмаганларнинг тақдирига доир видеолавҳалар намойиш қилинди.

Профилактика кунида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Огоҳлик — давр талаби”, “Юрт бедарвоза эмас” каби мавзуларда кечган давра суҳбатлари аҳоли кенг қатлами, аввало, ёшлар учун унутилмас сабоқ бўлди. Қолаверса, маҳаллаларда йўл ҳаракати ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, бу борада фуқароларнинг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди. 

Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни тадбирларига ҳозирги пайтга қадар манфаатдор идора ҳамда ташкилотлардан, жамоатчилик институтларидан олти мингдан зиёд ходимлар жалб этилди. 

— Шу билан бирга, 630 таълим муассасасида икки мингдан ортиқ “Давомат” тадбири уюштирилиб, фарзандининг таълим-тарбияси борасида мажбуриятларини бажармаган ота-оналарни маъмурий жавобгарликка тортишга оид ҳужжатлар вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссияларга юборилди, — дейди Бухоро вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори, капитан Қувват Ярашев. — 165 мингдан зиёд хонадонларнинг турмуш тарзи ўрганилди. Тезкор тадбирлар натижасида аввал содир этилган ва очилмай қолган жиноятлар фош қилинди.

Тошкент шаҳрида ҳам суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролар йиғинлари, “Камолот” ЁИҲ вакиллари ҳамкорлигида профилактика тадбирлари юқори савияда ўтказилди. Ўқув масканларида ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими тизими ходимлари, ўқувчи-ёшлар, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирокида дарсларга қатнашмаслик туфайли келиб чиқадиган турли нохуш ҳолатлар, беҳаёлик, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, тарқатиш ва мамлакатимизга кириб келишининг олдини олиш ҳамда одам -савдоси, гиёҳвандлик, диний экстремизмнинг оғир оқибатлари хусусида  атрофлича сўз юритилди.

Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида ўқувчиларнинг давоматини яхшилаш, фарзанд тарбиясида оила ва маҳалланинг масъулиятини янада кучайтириш, ёш авлодни “оммавий маданият” таҳдидларидан муҳофаза қилиш билан боғлиқ долзарб мавзуда ўтган очиқ мулоқот сайёр суд мажлисига уланди. Унда Миробод тумани ҳокимияти, суд, прокуратура органлари ва ички ишлар бошқармаси вакиллари, -“Темирйўлчилар” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ота-оналар ҳамда ўқувчи-ёшлар қатнашди.

— Бугунги маъмурий ишлар бўйича сайёр суд мажлисини айнан ўқувчи-ёшлар гувоҳлигида ўтказишдан мақсад айбдорларни кўпчилик олдида изза қилиш эмас, аксинча, эртамиз эгаларининг эътиборини мана шундай арзимас сабаблар билан судгача етиб келаётган масалаларга қаратишдан иборат, — дейди Миробод тумани жиноят ишлари бўйича суди судьяси Бобур Инагамов. — Қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик ва низолар, маст ҳолатда автомобиль рулига ўтириш, паспорт қоидаларига амал қилмаслик сингари муаммоларнинг барчаси фуқароларда ҳуқуқий билим ҳамда маданиятнинг етишмаслиги натижасидир, десак, хато бўлмайди. Ушбу сайёр суд йиғилиши орқали ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш кўзда тутилган бўлиб, келгусида бу тадбирлар мунтазамлик касб этади.

Таъкидлаш жоизки, жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика тадбирларида хотин-қизлар, ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаб ҳамда омиллари ҳар томонлама ўрганилмоқда, таҳлил қилинмоқда. Таҳлиллар бу соҳада асло хотиржамликка берилмасликни, оилаларда, маҳаллаларда, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар билан ишлаш саъй-ҳаракатлари қамровини янада кенгайтириш заруратини кўрсатмоқда.

Навбатдаги профилактика куни тадбирлари республикамизнинг барча ҳудудида уюшқоқлик билан ўтказилди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

Истам ИБРОҲИМОВ,

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn