Ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар тараққиётимизнинг мустаҳкам кафолатидир
  • 18 Апрель 2017

Ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар тараққиётимизнинг мустаҳкам кафолатидир

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Самарқанд вилоятига буюрган ташрифи ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётида улкан самаралар келтириши кутилаётган янгиланишларни бошлаб берди.

Сабаби, халқ билан учрашув, самимий суҳбатлар чоғида иқтисодиётни янада ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг ҳаёт даражаси ва турмуш фаровонлигини юксалтириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар, истиқболли лойиҳалар белгиланди. 

Бу эса мамлакатимиз аҳолиси кайфиятини кўтариб, жадал суръатларда давом эттирилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтирмоқда. 

 

Баҳодир БИНАЕВ, Қўшработ туманидаги “Оқтепа унумдор замин” фермер хўжалиги раҳбари: 

— Давлатимиз раҳбари фермер хўжалигимизга келганларидан бир севинган бўлсак, ёнғоқ кўчатини ўтқазиб, янги боққа асос солиб берганларидан юз чандон қувондик. 

Президентимиз суҳбат чоғида Самарқанд вилоятида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиб, қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мумкинлигини, айниқса, юртдошларимизни тадбиркорликка кенг жалб этиш, томорқадан унумли фойдаланиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Чиндан ҳам, биз истиқомат қилаётган Қўшработ тумани мисолида сўз юритадиган бўлсак, шу пайтгача тоғолди ҳудудлар, қир-адирликлардан деярли фойдаланилмаётган эди. Эндиликда бундай ерларда ёнғоқзор ва токзорлар яратилаяпти. Масалан, бу йилги баҳорги мавсумда 50 гектар ерда боғ ташкил этилди. Унга Америка, Туркия ва Хитой давлатларидан олиб келинган 10 минг туп ҳосилдор ёнғоқ кўчати экилди. Бу ишлар кузги мавсумда ҳам давом эттирилиб, 150 гектар ерга ниҳол қадалади. Келгуси йилда эса яна 500 гектар ёнғоқзор барпо қилиниши кўзда тутилган.  

Бу каби лойиҳалар вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилаётгани ҳисобига қўшимча равишда 15 минг тонна ёнғоқ, 50 минг тонна узум ва узум маҳсулотлари экспорт қилиш имкониятини яратади. 

Бундан ташқари, туманимиз табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, чорвачиликнинг эчкичилик, қўйчилик каби сердаромад тармоқларини ривожлантириш, жунни қайта ишлаш фабрикасини ишга тушириш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди. Буларнинг барчаси қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаини шакллантириш, ҳаётини фаровон этишга хизмат қилади. 

 

Ҳасан НОРМУРОДОВ, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси:

— Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрида Темирйўл вокзали — Сартепа йўналиши бўйича қатнови йўлга қўйилган трамвайга чиқиб, нуроний ва оқсоқоллар, жамоатчилик вакиллари билан “Тарих музейи” бекатидан “Темир йўл вокзали” бекатигача дилдан суҳбатлашиб бориши, очиғи, кутилмаган, айни пайтда ўта қувончли ҳол бўлди. Шу аснода, ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.   

Қаранг, трамвай рельслари ётқизилиши билан бирга, автомобиль йўллари ҳам кенгайиб, равон бўлди. Кўчаларга замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилди. Чор-атрофга анвойи гуллар экилиб, кўркам қиёфа касб этди. 

Президентимиз трамвайларни бошқариш учун малакали ҳайдовчилар тайёрлашни йўлга қўйиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Самарқанд шаҳрида тўртта йўналиш бўйича 20 трамвай қатнови йўлга қўйилиши белгиланган. Халқ манфаатини ўйлаб ҳаётга татбиқ қилинаётган ушбу йирик лойиҳа шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратишидан ташқари, транспорт тизимини янада яхшилаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби, Имом Бухорий  жоме масжиди имом-хатиби:

— Президентимиз Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши лойиҳаси билан танишиб, ўзларининг қимматли маслаҳатларини бердилар. Хусусан, ҳар бир хонани муайян аллома номи билан аташ ва шунга яраша жиҳозлаш бўйича кўрсатмаларини олиму уламолар зўр мамнуният билан қарши олдилар. Чунки бу ерда Имом Бухорий ва бошқа алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси чуқур ўрганилади. 

Шу билан бирга, улар томонидан яратилган беназир асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимизга етказишдек савобли ишлар амалга оширилади.  

Марказ бунёд этилиши билан бирга, Имом Бухорий мажмуи атрофи ҳам ободонлаштирилиши кўзда тутилаётгани таҳсинга лойиқ. Зиёратчилар  учун қўшимча қулайликлар яратиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш чора-тадбирлари шулар сирасига киради. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси буюк аждодларимизга, улар қолдирган бой маънавий меросга чуқур ҳурмат-эҳтиром, эътибор ифодасидир. 

Хуршид РАСУЛОВ, Оқдарё таманидаги “Юнусжон аҳли” оилавий корхонаси раҳбари: 

— Президентимиз бизнинг оилавий корхона лойиҳаси билан танишгач, “Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим. Лоақал иккита одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимизда кўтаришга тайёрмиз”, деб айтган ўта самимий сўзларини эшитиб, ич-ичимдан севиндим, ўз ишимга бўлган меҳрим янада кучайди. Ахир, тадбиркорлик ҳаракатига эътибор, аҳолига ғамхўрлик бўлса, шунчалик бўлади-да! 

Бизнинг корхонамиз жорий йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Хитойнинг етакчи компаниялари замонавий ускуналари билан жиҳозланадиган цехларда йилига 26 тоннагача соя дони қайта ишланиб, соя ёғи, уни, оқсил изоляти ишлаб чиқарилади. Яна бир муҳим жиҳати, 80 та иш ўрни яратилиб, шунча киши доимий даромад манбаига эга бўлади. 

Давлатимиз раҳбари импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлашни кўпайтириш, хом ашё билан  узлуксиз таъминлаш мақсадида соя экиладиган майдонларни кенгайтириш вазифасини қўйди. Ҳар бир соҳада пухта ўйлаб, изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётимиз ривожини жадаллаштиришга замин яратади. 

«Халқ сўзи» мухбири

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ ёзиб олди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn