XS.UZ
Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш — асосий вазифамиздир Фракцияларда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижроси муҳокама этилди Хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар — тараққиёт гарови Ҳаракатлар стратегияси – халқаро нашрларда Орзулар рўёбга чиққан кун Қадимий ёзма манбалар — бебаҳо бойлик Йигирма уч миллиард сўмлик шартномалар Қонуний талаб ва амалий ечим Фарзанд — оила қувончи Битирувчилар учун муносиб таклиф Боқий меросимиз намойиши Дунёнинг энг кучли полвонлари Президент соврини учун беллашади Чинакам чиниқиш ва маҳорат мактаби, парвоз майдончаси Ўзбекистон Президенти Туркия Бош вазири ўринбосарини қабул қилди «Баркамол авлод» спорт ўйинлари қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг очилиши тўғрисида «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2006 йил Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида Йилдирим Туғрул Туркеш: мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланишидан манфаатдормиз Ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги Конституциявий суд фаолияти янада такомиллаштирилади Давлат бюджети ижроси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда Улкан орзулар остонасида «Ўзбекистон фуқароси бўлиш — улкан шараф» Ўзбек миллий матолари дунё мода саноатидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда Адабиётга эътибор —  маънавиятга, келажакка эътибор Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирини қабул қилди Ташқи ишлар вазирлигида учрашув Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг очилиши тўғрисида
  • 18 Апрель 2017

Барча ислоҳотларда халқ манфаати устувор

Жорий йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамларни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг замон талабларига жавоб берадиган механизмини яратишга қаратилган ислоҳотлар аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши баробарида, барча жабҳада ташаббускорликка ундамоқда.

Биргина Қашқадарё вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган улкан яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари натижасида 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14 трлн. 897 млрд. сўмни ташкил этиб, 105,9 фоиз ўсишга эришилди. Бунда кичик бизнеснинг улуши 51,7 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 104,2, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 106,5 фоизга етди.  

Маълумки, Қашқадарё вилояти экспорт салоҳияти юқорилиги жиҳатидан мамлакатимизнинг етакчи ҳудудларидан ҳисобланади. Бу ерда энг илғор технологиялар билан жиҳозланган кўплаб саноат корхоналарида маҳаллий хом ашё ва ресурслар негизида импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Президентимизнинг 2016 йил 23 декабрдаги қарорига асосан эса, 2017 йилда Қашқадарё вилояти ва туманларининг экспорт салоҳиятини юксалтириш мақсадида ҳудудий корхоналарда 15 та лойиҳани амалга ошириш бўйича Инвестиция дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, йил охиригача 13,1 млн. АҚШ долларилик инвестициялар, шу жумладан, 9,8 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади. Пировардида 140 та иш ўрни очилади.

Экспорт таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улуши ортиб бораётгани, айниқса, эътиборга молик. Мисол учун, 2016 йилда ҳудудда 1 миллион 348 минг тоннадан зиёд сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари, мева ҳамда узум етиштирилган бўлса, шундан 672 минг долларлик қисми экспортга йўналтирилди. Жорий йилда эса ушбу кўрсаткични янада юксалтириш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

— Ҳозиргача мавжуд савдо шартномаларида кўзда тутилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисмини хорижликларга етказиб бердик, — дейди Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз мева-сабзавот” агрофирмаси раҳбари  Саиджон Шокиров.

— Эндиликда Россияга ёнғоқ, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга мош юбораяпмиз. Бундан ташқари, корхонамизда пишиқчилик мавсумида териб олинган катта миқдордаги олма ва олхўрини табиий усулда қуритиш йўлга қўйилган. Ушбу маҳсулотларга талабгорлар кўп. Шу боис келгусида Хитойдан мева қуритиш ва пластмасса қути ишлаб чиқариш линиясини келтириш, совитиш камерасини ўрнатишни мўлжаллаб турибмиз. 

Вилоятда, шунингдек, чорвачилик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш учун мингдан ортиқ фермер хўжаликлари қорамолчилик, эчкичилик, қўйчилик, йилқичиликка ихтисослаштирилган бўлиб, уларда ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, наслчиликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.

— Биз наслдор қорамолларни кўпайтириш, сут ва гўштни қайта ишлаш билан бирга, — дейди ўузор туманидаги “Жамила Жасмина” фермер хўжалиги раҳбари Зубайда Жўраева, — паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик билан  ҳам шуғулланамиз. Айни пайтда жамоамиз аҳли 20 бош қорамол, 200 бошдан зиёд қўй-эчкини парваришлаяпти, минг дона товуқдан эса кунига 800 тагача тухум олаяпти. Мазкур тармоқлар давлат даражасида қўллаб-қувватланаётгани бизни янада самарали ишлашга ундамоқда. 

Вилоятда қорамолчилик йўналишидаги 10 та фермер хўжалиги наслчиликка ихтисослаштирилган. Улар учун Австрия, Украина, Эстониядан 547 бош қорамол ҳамда Россиядан 502 бош эчки келтирилган. Барчаси сут соғиш, озуқа ўриш ва йиғиш ускуналари ҳамда техникалар билан таъминланган.  

Бугунги кунда эса Косон туманида 2 минг бош, Қарши, Шаҳрисабз, Касби, Муборак туманларининг ҳар бирида камида 1000 бошга мўлжалланган замонавий чорва комплексини барпо этиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилмоқда. 2018 йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилаётган мазкур комплекслар учун қорамоллар четдан келтирилаяпти.

— Қашқадарёликлар курка боқиш ва парҳез парранда гўшти етиштириш борасида катта тажрибага эга, — дейди Қамаши тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўктам Пардаев. — Шуни ҳисобга олиб, қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида ушбу масала бўйича берган тавсиялари асосида куркачиликни ривожлантириш мақсадида “Мароқанд парранда” МЧЖ қошида “АЗЗА парранда” МЧЖ ташкил этилди. Туман ҳокимининг қарорига мувофиқ, замонавий куркачилик комплексининг бино ҳамда иншоотларини барпо этиш, озуқа етиштириш, курка боқиш учун жами 335,04 гектар ер ажратилди. 

Шу билан бирга, ҳудудимизда қуёнчиликни саноат усулида ривожлантириш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. “Микрокредитбанк”, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда рўёбга чиқарилаётган янги лойиҳа учун “Қамаши момиқ қуёнлари” агрофирмасига қуёнхона қуриш ҳамда озуқа етиштириш учун 131 гектар ер берилди. 

Вилоятда 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига биноан, 1051 гектар томорқа майдонида 107050 та иссиқхона ташкил этиш ва уларда бир миллион 90 минг туп лимон кўчатини парваришлаш ишлари изчил давом эттирилаётгани ҳам диққатга сазовор. 

— Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси бўлиши керак, — дейди Совуқбулоқ қишлоғилик Гулбаҳор Бойназарова. — Чунки томорқа — хонадонни фаровон қиладиган, гуллатиб-яшнатадиган хазина. Шундан келиб чиқиб, томорқамиздаги иссиқхонада 60 туп лимон кўчатини ўстираяпмиз. 

— 62 ёшдаман, — дейди Касби туманидаги Мўғлон қишлоғида яшовчи Тўра опа Худойбердиева. — 3 йил муқаддам тошлоқ ерни ўзлаштириб, иссиқхона ташкил этгандик, ундаги 100 туп лимон ҳосилга кирди. Бу йил эса боғ яратишга қарор қилиб, 50 туп хурмо, 40 туп бодом, 100 туп олча ва олхўри, 50 туп анор ва ток, 100 туп тут дарахти кўчатларини экдик. Бунда банк кредити қўл келди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида эса, Касби, Шаҳрисабз, ўузор, Косон, Қамаши ва Яккабоғ туманларида 2017 — 2019 йилларда аҳоли хонадонларида  2 млн. 289 минг туп лимон, 1 млн. 144 минг туп чилонжийда, 1 млн. 144 минг туп грек ёнғоғи кўчатларини экиш ишлари олиб борилмоқда. 

Ўз навбатида, вилоятнинг тоғ ва тоғолди, лалми ерлари ҳамда адирликларда 3360 гектар майдонга 524,2 минг туп ёнғоқ ва барча туманда 600 гектар ерда 156 минг туп чилонжийда кўчатларини ўтқазиш ҳамда 2-3 гектарлик деҳқон хўжаликлари плантацияларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. 

Хабарингиз бор, Президентимиз раҳбарлигида шу йил 11 апрель куни бўлиб ўтган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Қашқадарё вилоятида маҳаллий аҳолини ҳудудда етиштирилган мева билан таъминлаш даражаси 71 фоизни ташкил этаётгани ҳеч кимни қаноатлантирмаслиги танқид қилинди. Шундан келиб чиқиб, Қашқадарёда мевали боғларни кўпайтириш билан бирга, уларда етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича ҳам бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Чунончи, Яккабоғ туманида қиймати 5,8 млрд. сўмлик бўлган, 4 минг тонна узумни бирламчи қайта ишлаш корхонаси, Шаҳрисабзда сиғими 5350 тонналик совитадиган ва музлатадиган омборхона, 1000 тонна мева-савзавотни қуритиш, 2000 тонна мош, ловия, нўхат, ерёнғоқни саралаш линиясини қуриш ҳамда брокерлик идораси, логистика бўлими ва экспорт мактабини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Умуман, ижтимоий-иқтисодий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ижроси замирида халқ манфаати ҳамда фаровонлиги устувор эканлиги амалий ишларда яққол намоён бўлмоқда.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган