Турмушимиз обод, эртанги кунга ишончимиз мустаҳкам
  • 31 Март 2017

Турмушимиз обод, эртанги кунга ишончимиз мустаҳкам

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига сафари ҳамда жойлардаги учрашув ва мулоқотлар чоғида билдирган фикр-мулоҳазалари воҳа аҳлида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг мазкур ташриф давомида Қизилтепа, Кармана туманлари ҳамда Навоий шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишларга муносабати, фаоллар билан ўтказилган йиғилишда белгилаб берган устувор вазифалари юртдошларимизда ана шу ўзгаришларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини янада кучайтирди. Бу уларнинг қуйидаги дил сўзларида ҳам ўз ифодасини топган.

 

Шерзод ЖУМАЕВ, “Навбаҳор текстиль” корхонаси раҳбари:

— Пахта толаси — тўқимачиликка ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш субъектлари учун муҳим хом ашё. Заминимизда эса унинг сара  навлари етиштирилади. Қолаверса, кейинги йилларда пахтани қайта ишлаш борасида илғор тажриба тўплаяпмиз. Бунинг самараси эса юртимиз экспорт жуғрофияси йилдан-йилга кенгайишига хизмат қилаётир. Бироқ бу борадаги кўрсаткичларни янада ошириш — давр талаби. Жумладан, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш фермерлар ва тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, харажатларнинг қисқариши, аҳоли даромади ошишини таъминлайди. Президентимиз вилоятимиздаги тўқимачилик соҳасини ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишиш чоғида ана шундай фикр-мулоҳазаларни билдирди.

Дарҳақиқат, пухта бизнес-режа — муваффақиятнинг ярми, демак. Шу маънода, бугун тўқимачилик тармоғида янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этаётганлар давр билан ҳамқадам бўлишлари жоиз. Негаки, ички ва ташқи бозор талабларини ҳисобга олиб иш тутган ишбилармон ҳеч қачон ютқазмайди. Бунинг натижаси эса аён. Яъни давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, тадбиркор бой бўлса, давлат, халқ бой бўлади. Шундан келиб чиқиб, биз пахта хом ашёси ва сунъий толадан қўшимча қийматга эга, экспортбоп ҳамда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни фаолиятимизнинг бош мезонига айлантирамиз.

 

Қаҳрамон  ҒАНИЕВ, “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ бош директори:

— Ёнилғи-энергетика тизимини жадал ривожлантирмай туриб, бирор-бир тармоқни юксалтириб бўлмайди. Шу боис -юртимизда мазкур соҳага илғор ва тежамкор технологияларни жалб этиш — доимий эътиборда. Айниқса, вилоятимиз ша-роитида бунга эҳтиёж ниҳоятда катта. Қизилқум бағрида ер ости бойликлари бисёр. Уларни ўзлаштириш, шу аснода тоғ-кон саноати ва ишлаб чиқариш мажмуаларини барпо этиш учун катта миқдорда электр-энергия манбаи талаб этилади. Қолаверса, Навоий ҳамда қўшни вилоятлар аҳолисининг бу борадаги эҳтиёжларини таъминлаш зиммамизга жиддий масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, 2009 — 2012 йилларда қуввати 478 мегаваттга тенг дастлабки замонавий буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. Натижада ўтган давр мобайнида 2 миллиард  куб метрдан зиёд табиий газ иқтисод қилинди.

Айни кунларда станциямизда 450 мегаватт қувватга эга иккинчи буғ-газ қурилмасини бунёд этишга киришилган. У 2018 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилгач, йилига қўшимча 3,28 млрд. кВт соат электр энергияси ҳамда 1,52 млн. Гкал. миқдорда иссиқлик қуввати ишлаб чиқариш имконияти юзага келади. Шунингдек, 112 та иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбарининг корхонамизга ташрифи қурувчиларимиз ғайратига ғайрат қўшиб, бунёдкорлик юмушларини белгиланган муддатларда тугаллашлари учун уларга янада шижоат бағишлади. 

 

Шавқиддин ЖАМОЛОВ, “Аква-Тўдакўл” қўшма корхонаси раҳбари:

— Корхонамиз 21 минг гектардан иборат Тўдакўл ҳавзаси негизида ташкил этилган. Бу ерда зоғора, оқамур, оқдўнгпешона, карас, судак каби 12 турдаги балиқларни парваришлаяпмиз. Бундан ташқари, чавоқ етиштирувчи инкубацион цех, 250 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, минг тонна балиқни қайта ишлаш, 400 тонна балиқ филеси ҳамда 350 тонна яримтайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехларини барпо этиш ҳаракатидамиз. Умумий қиймати 18,7 миллиард сўмга тенг ушбу лойиҳалар рўёбга чиқарилгач, халқимиз дастурхони тўкинлигига ўз ҳиссамизни қўшиш баробарида, 90 га яқин кишининг бандлигини таъминлаймиз. Президентимиз вилоятимизга сафари давомида мазкур лойиҳа истиқболи ҳақида тўхталиб, соҳани изчил ривожлантириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини берди. Ана шу вазифаларни босқичма-босқич бажариш орқали келгусида кўлда балиқ етиштириш ҳажмини 800 тоннадан уч минг тоннага етказиш ва уларнинг 40 фоизини қайта ишлашни қатъий мақсад қилиб қўйдик. 

 

Муниса  ЭРГАШЕВА (Кармана тумани):

— Таомилга кўра, ўтган йили Наврўз байрами арафасида сумалак пишираётган чоғимизда, юртимизга тинчлик-омонлик тилаш баробарида, “Қани эди, ўз уйимиз бўлса”, дея ният қилгандим. Қаранг, орадан бир йил ўтиб, орзуларим рўёбга чиқди. -Президентимиз ташаббуси билан янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган тураржойлардан бирига кўчиб ўтдик. Янги уйда янгиланиш ва яшариш айёмини оиламиз аъзолари даврасида кутиб олдик. Кўп ўтмай, қувончимиз қўшалоқ бўлди. Хонадонимизга давлатимиз раҳбари шахсан ташриф буюриб, ҳол-аҳволимизни сўради, турмуш шароитимиз билан қизиқди. Фаровон мамлакатда яшаётган оила бекаси учун бундан ортиқ бахт борми?!

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи янги-янги марралар, муваффақиятларга йўл очиши билан бирга, воҳамиз аҳлининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. 

«Халқ сўзи» мухбири 

Темур ЭШБОЕВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn