Китобга қайтган, ўқиган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди
  • 31 Март 2017

Китобга қайтган, ўқиган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Юнусобод тумани Увайсий номидаги маҳаллага ташриф буюргани ҳудудда яшовчи аҳолига катта қувонч бахш этди.

Юртимизда азал-азалдан маҳалла тарбия ўчоғи ҳисобланади. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимиз, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзини кўз қорачиғидек асраб-авайлашда унинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Бугун Юнусобод туманида жойлашган Увайсий номидаги маҳаллани кўрган одамнинг ҳаваси келади. Ҳудудимиз қисқа фурсатда шундай гўзал масканга айландики, уни таърифлашга сўз ожизлик қилади. Айниқса, маҳалламизга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, фаоллар билан суҳбатлашгани, аҳоли учун яратилган қулай шароитлар билан танишиб, керакли таклиф ва тавсияларни берганидан бошимиз кўкка етди. 

Ҳудудда, асосан, кўп қаватли уйлар жойлашган. Бу ерда яшайдиган 5 минг 400 дан ортиқ аҳоли орасида турли миллат вакиллари бор. Қад ростлаган маҳалла маркази одамларни ўзаро яқинлаштиришга, халқимизга хос дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Марказда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар қурилган, улар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мебеллар, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспекторларини хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар ҳисобига машиналар билан таъминлаш, уларнинг яшаши ҳамда самарали ишлаши учун барча шарт-шароитни яратиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Маҳалла марказида бунёд этилган турли китоблар, компьютерлар ва интернет, минглаб электрон адабиётлар базасига эга кутубхона аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг ёйишда айни муддао бўлмоқда. Кўркам чойхона, новвойхона, “Гўзаллик салони”, дўконлар, спорт ва болалар майдончалари одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Суҳбат чоғида китобнинг ёш авлод тарбиясидаги беқиёс аҳамияти ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбари китобга бўлган эътиборни янада кучайтириш борасида аниқ таклиф ва тавсияларини берди. Навоий кутубхонасининг бир кичик бўлинмаси бўлиши лозимлиги тўғрисида гапирди. 

Бугун ижодкорман деган ҳар бир инсоннинг кўнглида баҳор шукуҳидан ташқари, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга бўлаётган эътибордан ажиб бир туйғу жўшиб турибди. Эҳтимол, ҳеч бир юртда китобга, маънавият ҳамда адабиётга бундай меҳр ва эътибор бўлмаса керак.

Ҳозирги кунда кўркам масканга айланган бизнинг маҳалламизда яна бир қанча хайрли ишлар, эзгу лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Маҳалламиз Увайсий номи билан аталиши замирида ҳам катта маъно мужассам экан. Боиси Жаҳон  отин Увайсий момомиздан бизга бебаҳо маънавий мерос қолган. 

Увайсий, юз жафо кўрсанг 

ҳақиқат ёридин доим,

Ўгурма юзни андин,

солма кўзни ўзга дилдора

дея, ўз ғазаллари орқали озодлик, адолат ва эзгуликка интилган, замонасининг бедодлигидан кўнгли доғ бўлиб, нурафшон кунларни, бизга насиб этган дориламон замонларни орзу қилиб ўтган у. Маҳалла қошида Увайсий номидаги ёш ижодкорлар тўгарагини ташкил этиш ниятидамиз. Президентимиз Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган учрашувдаги нутқида “Қиз бола — бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир”, деб эътироф этган эди. 

Бундай эътироф ва ишончдан қизларимизни оилага муносиб қилиб тарбиялашда масъул эканимизни яна бир бор ҳис этдик. Маҳалладаги кўпни кўрган, ибратли оила қурган кайвони онахонлар ҳамкорлигида “Маърифатли она” клубини, ёш оналар мактабини ташкил этишни ҳам ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Зеро, шиддат билан кечаётган ислоҳотларга камарбаста бўлиб, Ватанимиз ободлигига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Мунаввара УСМОНОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn