Президентимизнинг халқ қабулхоналари
  • 25 Март 2017

Президентимизнинг халқ қабулхоналари

фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари жуда қисқа фурсат ичида аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалалар ечимини топиш, давлат бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, эмин-эркин мулоқот қилиш механизмини яратиш имконини берди.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил қилинган мазкур институт жамиятимизда адолат устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти мисолида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин. 

— Асосий мақсадимиз “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни ҳаётда қарор топтиришдан иборат, — дейди мазкур қабулхона раҳбари Эркин Қудратов. — Келиб тушаётган мурожаатларни қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, ўз вақтида, холис кўриб чиқиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби қатор вазифалар зиммамизга юклатилган. 

Президентимиз яқинда вилоятимизга ташриф буюрганида, Халқ қабулхонасида ҳам бўлиб, бу ерни намунавий масканга айлантириш юзасидан тавсиялар, зарур топшириқлар берди. Фаолиятимизни ана шулардан келиб чиққан ҳолда ташкил этаяпмиз. Ҳозиргача вилоят ҳамда шаҳар, туман Халқ қабулхоналарига мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Таҳлилларга кўра, ер ва уй-жой, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, пенсия ва нафақалар, тадбиркорлик каби масалаларда кўплаб мурожаатлар бўлаяпти. Уларнинг ечими топилиб, ижроси назоратга олинмоқда.

Ҳаёт ташвишлари Қоракўл туманидаги Роҳатпоён қишлоғида яшовчи Охунжон Бозоровни ҳам Президентнинг Халқ қабулхонаси сари етаклади. Гап шундаки, касб-ҳунар коллежини тугатган, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаган бу йигит иш излаб анча сарсон бўлди. Аммо айни куч-қувватга тўлган пайтингда доимий даромад манбаинг бўлмаса, қийин экан. Танг аҳволда қолган Охунжоннинг бахтига туманда ҳам Президентнинг Халқ қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

— Мамлакатимиз Президентининг Халқ қабулхонасига жорий йилнинг 13 март куни мени иш билан таъминлашларини сўраб  мурожаат этдим, — дейди у. — Қабулхонадагилар жуда яхши кутиб олишди. Юзма-юз мулоқот қилишди. Улар кўмаги билан эртасигаёқ туманимиздаги “Севинч” корхонасига ишга жойлашдим. Ҳозир мазкур тўқимачилик корхонасида меҳнат қилаяпман. Президентимизнинг Халқ қабулхонасидан миннатдорман.

Суҳбатдошимиз, 26 ёшли Охунжон бугун-эрта маош олишини, нафақадаги ота-онасининг қанотига киришини айтаркан, уйланиб, бахтли турмуш кечириш ниятида эканини ҳам алоҳида таъкидлади.

Албатта, ўй-ташвишлари енгиллашган, мушкулига ечим топган киши янги орзу-умидлар билан яшайди, эртанги кунга бўлган ишончи ортади. Ўз куч-ғайрати, билими, шижоатини эл-юрт фаровонлиги йўлида сарфлайди. 

Дарвоқе, Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатларнинг 13,5 фоизи шикоят, 2,5 фоизи таклифлар ҳамда 83,9 фоизи аризадан иборат. Аризалардан бири Қоракўл туманидаги “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Эргаш Холмуродовга тегишли. Гап шундаки, 600 АҚШ доллари миқдоридаги пул жиноят иши юзасидан ашёвий далил сифатида олинган. Кейинчалик бу маблағ суд ҳукмига кўра, Э. Холмуродовга қайтарилиши керак эди.

— Ушбу ҳолат юзасидан суд ижрочиларига бир неча бор мурожаат қилдим, — дейди аризачи. — Лекин натижа бўлмади. Сўнгра 16 март куни Халқ қабулхонасига мурожаат этдим. Қабулхона ходимлари шу кундаёқ ўзимга тегишли пулни банкдан олишимда ёрдам беришди. Адолат қарор топди. Бунинг учун улардан миннатдорман.

Яна бир мисол. Бухоро шаҳридаги Низомий кўчаси, 21-уйда истиқомат қилувчи Х. Жалолова, Э. Гадоев ва Ф. Гадоева Халқ қабулхонасига шахсан республика Олий суди Раиси қабулига киришга кўмаклашишни сўраб мурожаат этишганди. Улар аризаси ижобий ҳал қилинди. Аниқроғи, Х. Жалолованинг Олий суд Раиси қабулида бўлиши ташкил этиб берилди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасида фуқаролар ҳамда ходимлар учун замонавий қулайликлар яратилганини алоҳида таъкидлашни истардик. Она ва бола, тиббиёт хоналари, кутиш зали давр талаблари асосида жиҳозланган. Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд. Яна бир муҳим жиҳати, вилоят Халқ қабулхонасининг малакали мутахассислардан иборат жамоаси иш самарадорлигини ошириш йўлларини изламоқда. Кузатиш ва таҳлиллар давомида аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, айрим фуқароларни боқимандалик кайфиятидан халос этиш каби масалаларнинг муҳимлиги ҳам кўзга ташланаяпти. Чунки ҳар бир аризани ўрганишга куч, билим, тажриба ва вақт сарфланади. Бинобарин, етти ўлчаб бир кесиш, янада аниқроқ айтганда, ўйлаб ёзиш керак. Шулардан келиб чиқиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаяпти. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга оид суҳбатлар ўтказилмоқда. Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири — Олот туманидаги “Чандир” фуқаролар йиғинида 300 нафар фуқаро иштирокидаги тадбир бундай учрашувлар фойдали эканини кўрсатди.

Сирасини айтганда, оиламиз, маҳалламиз, юртдошларимиз, жамиятимиз, Ватанимизнинг бугуни, эртаси ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги керак. Президентимизнинг Халқ қабулхоналарида йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир” деган сўзлар моҳиятида ҳам худди шу улуғвор вазифа мужассам.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn