• 25 Март 2017

Янги интерактив хизматлар

мулкдорлар ишини янада енгиллаштирмоқда

Саноат, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик сингари иқтисодиётимизнинг етакчи соҳалари ривожини молия муассасалари кўмагисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис ҳам мазкур тармоқ унинг қон томирига қиёсланади. Биргина “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан жорий йил бошидан буён иқтисодиётнинг турли йўналишларини молиялаштиришга 1 триллион 2 миллиард сўмлик кредит ажратилгани фикримиз исботидир.

Пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашга бағишланган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз борди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқ, 352 та лойиҳани амалга ошириш мақсадида 19,7 миллиард сўмлик кредитлар берилгани туфайли 3 мингга яқин янги иш ўринлари очилди. 

— Аҳоли ва турли хўжалик юритувчи субъектлар учун замонавий, тезкор хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда, — дейди ушбу банк масъул ходими Хайрулла Холтўраев. — Шулардан бири “Agrobankmobile” инновацион хизматидир. Бу тизим орқали турли коммунал, алоқа ва солиқ тўловларини амалга ошириш, мижозлар учун (жисмоний шахслар) бир пластик картадан бошқасига пул ўтказиш, ҳисоб рақамдаги қолдиқ маблағларни кўриш, унинг ҳисобидан кредитнинг асосий қарзи ҳамда ҳисобланган фоизини сўндириш, шунингдек, бошқа мақсадларда маблағлар ўтказиш мумкин. 

Яна бир янгилик. Пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига енгиллик яратиш мақсадида замонавий смарт карталар жорий этилди. Эндиликда улар пахта ҳамда ғалла ҳосили учун алоҳида карталар билан таъминланиб, маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган маблағни кредит шаклида ойма-ой олади. Бу эса фермерларнинг минерал ўғит, техника ёки уруғлик олиш учун банк ва бошқа ташкилотларга қатнаб, овора бўлишларига чек қўяди. 

Тадбирда “Аҳолини тадбиркор қилиш” шиори остида ўтказилаётган мулоқотларнинг аҳамияти, унинг янада таъсирчанлигини ошириш бўйича кўрилаётган ишлар, фуқароларга ажратилаётган кредитларни қайтариш тартиби, кафиллик муносабатлари ҳақида ўзаро фикр алмашилди.

Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.