XS.UZ
Асосий мақсадимиз – мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришдир Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари
  • 17 Март 2017

Владимир ТЮРДЕНЕВ: Наврўз — инсониятнинг асраб-авайлаб келинаётган маънавий бойлиги

Россия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан биридир. Икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб, экспорт ва импорт салоҳияти кенгаймоқда. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларидан ошди. Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги мустаҳкам маданий-гуманитар алоқалар ва тарихий ришталар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Наврўз байрами арафасида ЎзА мухбири Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир ТЮРДЕНЕВ билан суҳбатлашди.

— Жаноб элчи, суҳбатимиз Наврўз байрами арафасида ўтмоқда. Ушбу байрам ва унинг Ўзбекистонда нишонланиши, мамлакатимизда миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақидаги фикрингизни баён этсангиз.

— Ўзбекистон халқи кенг нишонлайдиган энг ёрқин байрам ва муҳим саналар орасида Наврўз алоҳида ўрин тутади. Асрлар давомида шаклланган анъаналарни ўзида мужассам этган бу байрам табиат уйғониши ҳамда ҳаётнинг қайта тикланишини ифода этади.

Бугун ҳам кўп асрлар давомида бўлгани каби Наврўз байрамида халқ сайиллари ташкил қилиниб, ашула ва рақслар ижро этилади. Ушбу айёмни Ўзбекистондаги энг севимли байрамлардан бири, десам, адашмайман. Негаки, янгиланиш, яшариш ва эзгулик айёми бўлган Наврўз бунёдкорликка ундайди, халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни маданий ранг-барангликни ҳурмат қилиш асосида янада мустаҳкамлайди. Менимча, буларнинг барчаси мамлакатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, уни изчил ривожлантиришга хизмат қиладиган ушбу байрамнинг мазмун-моҳиятини англатади.

Ўзбекистонда эзгу миллий анъаналар, бой тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга ҳамиша алоҳида эътибор қаратилган. 

Бугун Наврўз нафақат Ўзбекистон халқи ҳаётида алоҳида ўрин тутмоқда, балки инсониятнинг асраб-авайлаб келинаётган маънавий бойлиги ҳисобланади. Зеро, бу байрамнинг номоддий маданий мерос сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилгани ҳам бежиз эмас. 

— Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз. Айни пайтда мамлакатларимиз ҳамкорлиги қайси соҳаларда жадал ривожланмоқда?

— Жорий йилда мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги нишонланишини алоҳида таъкидлашни истардим.

Россия ва Ўзбекистонни стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатлари, халқларимизни эса мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб турибди. Ҳар икки томон тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор экани мунтазам таъкидлаб келинади. 

Мамлакатларимизнинг асосий халқаро масалалар бўйича позициялари бир-бирига мос келади ёки яқиндир. Давлатлар ўртасида юзага келадиган зиддиятларни дипломатик воситалар орқали ҳал этиш тарафдори бўлган Россия ҳамда Ўзбекистон минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш борасида ҳамкорлик қилиш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, бу борадаги ёндашувларни ташкилотлар доирасида кўп томонлама мувофиқлаштирмоқда. 

Россия — Ўзбекистон муносабатлари, жумладан, олий ва юқори даражалардаги алоқалар жадал ривожланаётир. Президентларимиз икки томонлама форматда ва халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам учрашувлар ўтказаяпти. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли ўзаро ҳамкорлик турли йўналишларни қамраб олган. Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда турли соҳаларда, жумладан, ёқилғи-энергетика соҳасида Россиянинг 961 корхонаси фаолият юритмоқда. Россия ҳудудида Ўзбекистон капитали иштирокида ташкил этилган 569 хўжалик субъекти мавжуд. 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлислари мунтазам ташкил этилмоқда. Мазкур комиссиянинг охирги мажлиси шу йилнинг февраль ойида Тошкентда ўтказилди. Бундан ташқари, икки томонлама товар айирбошлашни жадаллаштириш ишлари олиб борилаяпти. Хусусан, бу борада гап Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун “яшил йўлак” ташкил этиш ҳақида бормоқда ва бу Россия бозорида ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш имконини беради. 

Ҳудудлараро ҳамкорлик Россия — Ўзбекистон иқтисодий алоқаларининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Оренбург, Иваново, Челябинск, Москва, Кемерово, Свердловск, Самара ҳамда Ростов вилоятлари Ўзбекистон билан савдо соҳасида ҳамкорликда етакчи ўринларни эгаллайди. Жорий йилнинг февраль ойида Новосибирск вилояти губернатори В. Городецкий бошчилигидаги мева-сабзавот маҳсулотлари импортчиларининг минтақавий вакиллари Тошкентда бўлди. Март ойида эса Самарқанд вилояти делегацияси Татаристонга ташриф буюрди. 

Маданий-гуманитар ҳамкорлик икки давлат ўзаро ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан биридир. Ўтган йили Ўзбекистонда Россия кунлари муваффақиятли ўтказилди. Бу йил Россияда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳар икки давлатда ўтказилаётган конференциялар, кўргазмалар, миллий ижрочилар ва жамоалар концертлари катта қизиқиш уйғотмоқда. Таълим соҳасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. 

Бугунги кунда шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ўз самарадорлиги ҳамда долзарблигини исботлади. Бундай ҳамкорлик ҳар икки давлат халқлари манфаатларига мос келади.

— Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда турли соҳалар, жумладан, иқтисодиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар самарасида бугун мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муттасил ривожланиб бормоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил февраль ойида тасдиқлаган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни янада ривожлантириш йўналишлари аниқ белгилаб берилган. Стратегияни амалга ошириш мақсадида ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни рағбатлантириш ҳамда бизнес муҳитини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. 

2017 йил Ўзбекистонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди, вазирлик ҳамда идораларда виртуал қабулхоналар ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга бориб, оддий одамлар билан мулоқот қилмоқда, жойлардаги муаммоларни атрофлича ўрганаяпти. Ўзбекистон Президентининг ушбу хайрли саъй-ҳаракатлари ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг қонуний ва мантиқий давоми бўлиб, жамият орасида ижобий акс садо бераётир, мамлакатда тинчлик, барқарорликни сақлашга хизмат қилмоқда. 

— Ўзбекистон халқига байрам тилакларингиз...

— Бу йил дўстлигимиз янада мустаҳкамланиб, стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларимиз янада ривожланадиган, Россия ва Ўзбекистон халқларининг фаровонлиги юксаладиган йил бўлишини самимий тилайман.

Ўзбекистон халқини Наврўз айёми билан чин қалбимдан табриклайман, баҳорий кайфият, улкан муваффақият, оилавий бахт-саодат ҳамда фаровонлик тилайман!

ЎзА мухбири 

Нодира МАНЗУРОВА

суҳбатлашди.

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+