XS.UZ
“Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг Адлия вазирлари ҳамда Олий суд раислари мажлиси ўтказилади Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар» йўналиши бўйича автомобиль қатновининг қачондан бошланиши маълум ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди UZ домени Осиё-Тинч океани минтақасида юқори даражали миллий доменлар ассоциацияси аъзосига айланди Самарқанддаги Бибихоним масжидига илғор инновацион технологияларга асосланган мониторинг тизими ўрнатилади Ўзбекистон Ҳиндистоннинг уран заҳирасини яратишда асосий ҳамкори бўлади Ўзбекистон Эронга 25,5 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беради Жавоҳир Синдаров ФИДЕ унвонига сазовор бўлди Жорий йилнинг ўтган даврида шифокорлар учун 658 та хизмат уйи ташкил этилди Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан розилиги, эл-юртимиз тараққиётига хизмат қилсин «Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида» мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларига Тинчлик ва халқлараро дўстликни мустаҳкамлаш йўлида МДҲ: Кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим механизми Таълим олиш ҳуқуқи ва ота-она мажбуриятлари Иқтисодий ва инвестициявий имкониятлар тақдимоти Инсон қадр-қиммати улуғланган юрт Мурожаатлар — сенаторлар назоратида Сифат — жаҳон бозоридаги бош мезон
  • 15 Февраль 2017

Навқирон авлоднинг қизиқиш ва қарашлари ўрганилди

Ёш авлодни нималар қизиқтиради? Улар ўз келажагини қандай тасаввур этади? Кимга ўхшашни хоҳлайди ва қандай китоблар ўқийди? “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровда ана шу саволларга жавоб изланди.

Унда барча ҳудуддан 12 — 16 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари қамраб олинди. Ўсмирларнинг маънавий-ахлоқий қадриятлари, ижтимоий қарашлари, қизиқишлари ҳамда ота-оналари билан ўзаро муносабатлари ўрганилди.

Бу мавзу бежиз танланмади. Зеро, баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Ўтган йил сентябрь ойида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ана шу пойдеворни янада мустаҳкамлади. Буларнинг барчаси эртамиз эгаларининг ҳар томонлама етук бўлиб камол топишларини таъминламоқда.

Тадқиқотдан маълум бўлдики, жамиятимизда ёшлар шахс сифатида тарбия топиши, қобилияти ва истеъдодини юзага чиқаришида оила асосий таъсирга эга. Айнан шу масканда уларнинг ҳаётий кўникмалари ошади, меҳнатга бўлган ижобий муносабати ҳамда ватанпарварликка бўлган истак ва эҳтиёжи шаклланади. Респондентларнинг 86,5 фоизи бекаму кўст оилада яшаётгани, ота-онаси ҳаёт кечиришлари ва таълим олишлари учун шароит яратиб бераётгани, умуминсоний ҳамда миллий қадриятлар руҳида тарбия олаётгани аён бўлди. Ўсмирларнинг мутлақ катта қисмининг ака-укалари ва опа-сингиллари бор. Кўп болали оилаларда ранг-баранг қизиқишлар, характерлар, муносабатларни ўзида мужассам этган доимий мулоқот қилиш имконияти мавжуд. 

Сўров давомида аниқландики, юртимиздаги оилаларда ўсмирлар ҳамда ота-оналар ўртасидаги муносабатлар илиқ ва дўстонадир. Ўз навбатида, ёшлар “Нима мумкин ҳамда нима мумкин эмас?” тамойилига асосланган аниқ чегарани чуқур англайди. Хонадонларда фарзандларнинг муаммолари, ўқиши, мактабдан ташқари ишларига қизиқиш анъанаси мавжуд. Ўсмирлар ҳам ота-оналарини ҳурмат қилиб, уларга ёрдам беришга ҳамиша тайёрдир. 

Социологик тадқиқотда замонавий мактаб ўқувчиси билан ота-она ўртасидаги муносабатларга эътибор қаратилди. Маълум бўлишича, улар ўз шахсий ҳаётини оилада қабул қилинган қонун-қоидаларга мувофиқ равишда қуриш керак, деб ҳисоблайди. Сўров натижаларига кўра, оила  — жамиятнинг миллий қадриятлари ҳамда анъаналари сақланадиган ахлоқий таянч, маънавият ўчоғидир. Ўсмирларнинг 93,7 фоизи учун оила энг қадрдон гўша ва яқин инсонлар иттифоқи саналади. 

Катта ҳамда кичик авлод ўзларини қизиқтирган мавзулар ва саволларни бажонидил муҳокама этаётгани ҳам тадқиқотда ўз инъикосини топди. Мактаб ўқувчиларининг 80,1 фоизи ота-онаси билан мулоқот қилишга эҳтиёж сезишларини билдирган. Аксарият ўсмирларнинг фикрича, улар бундай мулоқотларда ўзларини тенг ҳуқуқли, деб ҳисоблайди. Зотан, бу каби суҳбатларда ёш авлоднинг фикри билан қизиқилади, сўзлари диққат билан эшитилади, улар билан маслаҳатлашилади.

Сўровда қатнашганларнинг 90,9 фоизи “Ўз мактабингизни севасизми?” деган саволга билим олиш, ҳаёт кўникмалари ва қобилиятни шакллантириш имкониятини назарда тутган ҳолда, ижобий жавоб берди. Ҳар иккинчи ўқувчи эса мактабда орттирилган билимни келажак учун муҳим, деб билади. Ҳар бешинчи респондент ўқитувчилар ўқувчиларни яхши ўқишга рағбатлантирувчи ижобий муҳит яратишга таъсир этишини таъкидлаган. Кўпчилик учун мактаб ҳаёт мазмунли ва хурсандчилик билан ўтадиган маскандир. Тадқиқот давомида аён бўлишича, бугунги ўқувчилар учун таълим — муҳим қадрият, бебаҳо бойлик. Ёш авлод яхши билимни ўзи қизиққан касбга эга бўлишнинг кафолати, деб билади. 

Шуларга ҳамоҳанг тарзда кўплаб ўсмирлар китоб бозоридаги янги адабиётларга қизиқишини ифодалар экан, ҳар ўнинчи иштирокчи ўзлари суйган асар номини айтишга бир оз қийналди. 43,7 фоиз ўқувчи, асосан, ўқув адабиётларини мутолаа қилганини қайд этган. Болаларда мустақил ўқишга бўлган қизиқиш жуда паст эканлиги, оилавий мутолаа анъанаси деярли йўқолиб кетгани ҳам сўровда ўз аксини топди. Ҳар ўнинчи ўсмир мактаб дарсликларидан ташқари бирорта китоб ўқимаслигини тан олди. Тадқиқотда иштирок этган қизлар ўғил болаларга нисбатан кўпроқ мутолаа билан машғул бўлар экан. Респондентларнинг ярми китоб ўқишдан кўра тенгдошлари билан мулоқот қилиш ёки компьютер ўйинларини афзал кўради. Сўров натижалари ёшларда бадиий ва билим орттиришга хизмат қилувчи адабиётларга бўлган қизиқишни уйғотиш долзарб эканлигини тасдиқлади. Бу борада мактаб ва мактаб кутубхонасининг аҳамияти жуда катта. Боиси, ўсмирларнинг айтишича, айнан мазкур даргоҳлар уларни мутолаа маданиятига ошуфта этгувчи масканлардир. 

97,7 фоиз ўсмир ҳаётда ўзларининг аниқ мақсади ва келажак режасига эга. Улар тезроқ мустақил бўлишни хоҳлашади. Навқирон авлоднинг аксарият қисми учун ўқиш эмас, балки мактабни битириш балоғатга етиш демакдир. Улар коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида таҳсил олишни давом эттиришни исташади. 

Социологик тадқиқот натижаларига қараганда, ҳар иккинчи ўқувчи ота-онасини ўзининг қаҳрамони, ахлоқий тимсоли, деб билиб, уларга эргашади. Юртимиз ўсмирлари, шунингдек, муаллимлари, машҳур ёзувчилар ва шоирлар, жамоатчилик намояндалари, илм-фан ва маданият вакилларига ўхшашни хоҳлайдилар. Респондентларнинг ҳар ўнинчиси спортчилар ва машҳур шахсларни ўзларининг идеаллари, деб билади. Яна бир эътиборли жиҳати, ўсиб келаётган авлод ўзи учун муҳим, деб ҳисоблаган шахслар нафақат “юлдузлар”, балки ота-оналар, машаққатли меҳнат билан кўп нарсага эришган профессионаллар — ўқитувчилар, шифокорлар, ҳарбий хизматчилар, олимлар, давлат арбобларидир.    

Иштирокчиларнинг мутлақ катта қисми ўзларини ватанпарвар, деб билади. Уларнинг фикрича, Ватанни севиш унга садоқат билан хизмат қилиш, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш, аждодлардан қолган меросни асраб-авайлаш, тарих ва маданиятни билишдир. Ўсмирларнинг эътирофича, ватанпарварлик давлатни ҳимоя қилиш масъулиятидир. Сўралганларнинг кўпчилиги ўз юртига хизмат қилиш, унинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш ҳақида орзу қилади.   

Болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган сўровдан маълум бўлдики,  Ўзбекистонда замонавий тафаккур ҳамда ҳаётий қизиқишларга эга янги авлод улғаймоқда. Энг муҳими, ёш авлод ўзи интилаётган ва келажакда амалга оширишга ишончи комил бўлган аниқ мақсадга эга. 

«Ижтимоий фикр» 

жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+