Электрон табло автобуслар ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконини бермоқда
  • 31 Январь 2017

Электрон табло автобуслар ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконини бермоқда

Транспорт хизмати кўрсатиш соҳасида замонавий ахборот технологиялари кенг қўлланилаётгани тизимда самарадорликни ошириш баробарида, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратмоқда.

Гап шундаки, бугунги кунда пойтахтимиздаги 128 йўналиш бўйича аҳолига транспорт хизмати кўрсатаётган 1442 та автобусга GPS треккерлари ва GPS/GSM антенналари ўрнатилган. Бу эса автобус ҳамда микроавтобусларни масофадан онлайн тартибида доимий кузатиш имконини бераяпти, натижада транспорт ҳаракати жадвалига қатъий амал қилиниши, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланмоқда.

Шу билан бирга, 20 дан зиёд автобус оралиқ бекатларига электрон таблолар ҳам ўрнатилди. Йўловчилар мазкур қурилма орқали йўналишдаги транспорт воситасининг қанча вақтда бекатга етиб келиши ҳақида ахборотга эга бўлмоқдалар. Қолаверса, унинг ёрдамида валюталар курси, об-ҳаво маълумотларини ҳам билиб олиш мумкин.

Аҳоли манфаатларини ўйлаб ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби янгиликлар жорий йилда янада кўпаяди. Хусусан, автобус кутиш бекатларига яна 100 та замонавий электрон ахборот таблоси ўрнатилиши кўзда тутилган.

Пойтахтимизда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан ташкил қилинган матбуот анжуманида шулар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Чунончи, республикамизда автомобиль транспорти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада -такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Жамият томонидан мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш, тизимдаги корхоналар техника паркини замонавий автобуслар билан тўлдириш, янги йўналишларни очишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.

— Ўтган йили юртимизда ишлаб чиқарилган “Isuzu” русумли 80 та ўрта сиғимли автобус харид қилиниб, қатновга қўйилди, — дейди “Тошшаҳартрансхизмат” -акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Отабек Содиқов. — 2017 — 2021 йилларда яна мингдан зиёд автобус олиб келиш режалаштирилган. Бу йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш баробарида, янги иш ўринларини ташкил этишда қўл келади. Мисол учун, 2016 йил жамиятимиз корхоналарида 180 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил қилинган бўлса, жорий йилда яна 160 та иш ўрни очиш мўлжалланган.

Анжуманда “Android”, “Apple iOS” дастурларида ишлайдиган “ТashBus” мобиль иловаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Ишга туширилганига ҳали кўп бўлмаган мазкур ишланмани қисқа вақт ичида 80 минг нафардан ортиқ фойдаланувчилар ўз телефонига юклаб олган.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn