Ишбилармонлик фаоллиги индекси ҳисобига
  • 09 Январь 2017

Ишбилармонлик фаоллиги индекси ҳисобига

Буюк Британия иқтисодиёти учун 2016 йил ижобий кўрсаткичлар билан якунланди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Нарх-навонинг ошиши ва фунт стерлинг қийматининг тушишига қарамай, 2015 йилнинг ёзидан буён мамлакат иқтисодиёти жадал суръатда ўсди. “Маркит экономикс” тадқиқот ташкилоти таҳлилларига кўра, масалан, ўтган йил декабрь ойида хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишбилармонлик фаоллиги индекси 56,2 пунктга етган. Бу тахмин қилинганидан юқорироқ натижадир. Ирландияда ҳам мазкур йўналишда барқарорликка эришилган.

 

Харажатларни камайтирмоқчи

АҚШнинг чакана савдо билан шуғулланишга ихтисослаштирилган “Macy’s” тармоғи мамлакат бўйича 68 та дўконини ёпиб, қарийб 10 минг нафар ходимини ишдан бўшатишга қарор қилди.

Бунга харидлар ҳажмининг пасайиб кетиши асосий сабаб сифатида кўрсатилаяпти. Компания раҳбарияти юқоридаги чорани қўллаш орқали сарф-харажатларни 550 миллион долларга камайтириш, онлайн режимидаги савдога қўшимча 250 миллион доллар инвестиция йўналтиришни мақсад қилган. 

Қайд этиш жоизки, “Macy’s” ўтган йилнинг ёзида учта дўкони фаолиятини тўхтатган эди.

 

Кондаги ҳодиса

Хитойнинг Хэнань провинциясидаги кўмир конида пайшанба куни рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 12 нафарга етди.

Аввалроқ қурбонлар сони беш нафар экани ҳақида хабар тарқатилганди. Тупроқ уюми остида қолиб кетган яна етти ишчи ҳам ҳаётдан кўз юмган.  

Фожиа пайтида хом ашё қазиб олинаётган туннелда 50 киши бўлган. Айни пайтда воқеа жойида қутқарувчилар, шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иш олиб бормоқда. Бахтсиз ҳодиса сабаблари аниқланаяпти.

 

105 ёшли рекордчи

Франциялик кекса Робер Маршан бир соат давомида велосипедда 22 километр 528 метр масофани босиб ўтиб, ўз ёш тоифаси бўйича янги рекорд ўрнатди.

У 105 ёшда бўлиб, юқоридаги натижани Сен-Кентен-ан-Ивлин велодромида қайд этди. Маршан бундан уч йил олдин, яъни 102 ёшида ҳам қарийб 27 километрлик кўрсаткичга эришиб, эътироф этилганди.

Юқори хотирага эга

Дунёга машҳур “Kingston Technology” компанияси жуда катта ҳажмдаги маълумотларни сиғдириш имкониятига эга, яъни 1 ва 2 терабайтли флешкани омма эътиборига ҳавола қилди.

Унинг ўлчами анча ихчам бўлиб, 72Х27Х21 мм.га тенг. Корпуси эса жуда мустаҳкам ҳисобланган рух қотишмасидан тайёрланган. Мазкур электрон хотира келгуси ойдан сотувга чиқарилиши айтилмоқда.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn