Энг фаол маънавият тарғиботчилари аниқланди
  • 16 Декабрь 2016

Энг фаол маънавият тарғиботчилари аниқланди

Истиқлол йилларида мамлакатимизда рўй бераётган туб ислоҳотлар замирида эртанги кунни бугунгидан-да фаровон кўришдек эзгу ният мужассам. Бу борада, айниқса, келажак ворисларининг дунёқараши, таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарор бу йўналишдаги вазифаларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Зотан, инсоннинг шахс сифатида шаклланишида маънавият муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида ана шу ҳақда алоҳида таъкидланди. 

Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан турли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда танловнинг тизимлар бўйича ғолиблари тантанали тақдирланди.

Унга кўра, Самарқанд давлат чет тиллар институти кафедра мудири Дилрабо Амридинова Республика Маънавият тарғибот маркази тизими, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбарининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Шавкат Тўраев Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази тизими, Тошкент ислом университети катта ўқитувчиси Саидафзал Саиджалолов Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизими, Наманган шаҳридаги 24-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Ювашов Халқ таълими вазирлиги тизими, Тошкент вилоятидаги Янгийўл технология иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Нилуфар Нормирзаева Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизими, “Маҳалла зиёси” республика ўқув-услубий маркази директори ўринбосари Гулнора Йўлчиева “Маҳалла” хайрия жамоат фонди тизими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Хоразм вилояти кенгаши раиси ўринбосари Икром Маткаримов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тизими, Ўзбек давлат драма театри етакчи актёри Муҳаббат Абдуллаева “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси тизими, Андижон вилояти қирғиз маданият маркази бошқаруви аъзоси Маҳбубахон Темирова Республика Байналмилал маданият маркази тизими, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси Дилшод Мамажонов Республика “Тасвирий -ойина” ижодий уюшмаси тизими бўйича “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” деб топилди.

Иштирокчилар Ўзбек Миллий академик драма театрининг “Мирзо Улуғбек” спектаклини томоша қилишди.

М. ЎРОҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn