Инсон ҳуқуқлари ҳимояси: Миллий тизим ва самарадорлик
  • 22 Октябрь 2016

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси: Миллий тизим ва самарадорлик

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, шунингдек, БМТнинг Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Ф. Эберт номидаги жамғарма ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда парламентимиз аъзолари, ижроия ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ва журналистлар иштирок этди. Шунингдек, Буюк Британия ва Германия давлатлари экспертлари, Россия, Латвия, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари омбудсманлари ҳам қатнашди.

Қайд этилганидек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари асосида ҳамда миллий манфаатимиз, халқимиз менталитети ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳар томонлама кафолатлаш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим негизи ҳисобланади. Ўзбекистон  тарихан қисқа даврда фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик, институционал, маърифий ҳамда мониторинг механизмларини яратишда салмоқли ютуқларга эришди. Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасидаги халқаро мажбуриятларини халқаро шартномавий органлар, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамда бошқа тузилмалари билан ҳамкорликда изчил амалга ошириб келаётир.  Ўтган даврда шартномавий органларга 35 дан ортиқ миллий маърузалар тақдим этилган.

Анжуманда юртимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар самарали иш олиб бораётгани фуқароларнинг фаровон ва хавфсиз турмуш кечиришини таъминлашда ҳамда жамият ҳаёти барча жабҳасини демократлаштиришда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Миллий институтларнинг йигирма йиллик фаолияти мобайнида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, ижтимоий-гуманитар, таълим, соғлиқни сақлаш, аёллар, болалар ва ногиронлар манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишларидаги дастурлар тизимли рўёбга чиқарилди. 

Халқаро конференцияда сессияларга бўлинган ҳолда мазкур соҳадаги миллий қонунчилик ва парламент назорати, инсон ҳуқуқларини суддан ташқари ҳамда судда ҳимоя қилиш борасидаги тажриба ва муаммолар, давлат идораларининг фуқаролар манфаатларини таъминлашда миллий институтлар билан ҳамкорлиги, бу йўналишдаги ислоҳотларда фуқаролик жамияти тузилмаларининг иштироки чуқур таҳлил қилинди. Жорий йил сентябрь ойида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилингани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, хусусий сектор вакилларининг суддан ташқари ҳимоясининг янги механизми — тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси бўйича вакил (бизнес омбудсман) институтининг ташкил этилиши иштирокчиларда қатта қизиқиш уйғотди. 

Тадбир доирасида БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан ўзаро  ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Халқаро конференциянинг иккинчи куни хорижлик меҳмонлар кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига ташриф буюрдилар.

СЎЗ — КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА:

Стефан ПРИСНЕР, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили:

— Амалий мулоқот руҳида ўтган мазкур тадбир инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида янги имкониятлар эшигини очди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази билан айни йўналишда ҳамкорлик меморандумини имзолаганимиз навбатдаги муҳим қадам бўлди. Аниқ мақсад ва вазифалар кўзда тутилган мазкур ҳужжат келгусида ҳамкорликдаги фаолиятимизни кенгайтиришга хизмат қилади. Шу ўринда юртингизда инсон манфаатлари устуворлиги йўлидаги  сўнгги ўзгаришларни ҳам эътироф этишни истардим. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсманни ташкил этиш мўлжалланаётгани, шубҳасиз, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт таянчи бўлган ишбилармон қатлам вакиллари эркинликларини кафолатлаш самарадорлигини оширади.

Зариф АЛИЗОДА, Тожикистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили:

— Инсон ҳуқуқлари ҳимояси доимий долзарб аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси парламенти томонидан инсон ҳуқуқларига оид етмишдан ортиқ ҳужжат ратификация қилингани, мазкур соҳада миллий қонунчилик такомиллаштирилгани, парламент ҳуқуқий мақоми оширилгани ушбу институтнинг жамиятдаги роли кучайишида, қонун ижодкорлиги сифати ортишида, ижро ҳокимияти органлари устидан парламент назорати самарали олиб борилишида ҳал қилувчи омил бўлаётгани ҳақида айтиб ўтилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг давлат органлари, нодавлат секторлар ва ОАВ билан ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратилаётгани айни муддаодир. 

Анатолий КОВЛЕР, Европа Кенгаши Венеция комиссияси аъзоси:

— Мамлакатингизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи миллий институтлар тизими яратилгани эътиборга лойиқ. Улар ичида омбудсман фаолияти муҳим ўрин тутади. Умуман олганда, ўтган йигирма йил мобайнида мамлакатингизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасини демократлаштириш ва бошқарувни такомиллаштиришга кўмаклашувчи инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фуқаролар ҳуқуқлари муҳофазаси механизмининг реал омилига айланган.

Абдул ВАХХАБ, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий мустақил комиссияси раиси:

— Бундай йирик тадбирлар фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳуқуқларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Кўп минг йиллик тарихга эга Ўзбекистон — Шарқ дурдонаси, жаҳон тараққиётига беқиёс улуш қўшган улуғ алломалар замини. Юртингизда аждодларнинг муқаддас дини — исломни қайта тиклаш, юксак маънавиятни қарор топтириш, таълим ва маърифат тизимини янада такомиллаштириш йўлида улкан ишлар олиб борилаётганига гувоҳмиз. Буни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси иштирокчилари бирдай эътироф этди. Бугунги анжуманда ҳам ўзимиз учун ғоятда қимматли ва фойдали маълумотларга эга бўлдик. 

Амзулиан РИФАИ, Индонезия Республикаси омбудсмани:

— Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш билан боғлиқ долзарб масалаларни ўрганиш, таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўртоқлашиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда ушбу тадбирнинг аҳамияти беқиёс. Ўрни келганда айтиш керакки, Юртингизда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар томонлама кафолатланган. Ўзбекистонда мазкур соҳада фаолият юритаётган миллий институтлар тажрибаси билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдим. Гувоҳи бўлдикки, ушбу институтларнинг самарали иш олиб бориши учун давлат томонидан зарур шароитлар яратилган.  

Баронесса Вивьен СТЕРН, Буюк Британия парламентининг Лордлар палатаси аъзоси:

— Ўзбекистонда аҳолининг барча қатлам вакиллари, шу жумладан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими изчил ривожланиб бораётгани эътиборга молик, албатта. Аёлларнинг оила ва жамиятда мавқеини ошириш, саломатлигини асраш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, болаларни ҳар томонлама соғлом вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу йўналишда узоқни кўзлаб олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар инсон манфаатлари устуворлигидан далолат беради.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn