Асад суви: Қатраси ҳам зар
  • 05 Август 2016

Асад суви: Қатраси ҳам зар

Шу кунларда ғўза майдонларида бўлиб, экин ривожини кузатган кишининг баҳридили очилади. Шоналар гулга, гуллар кўсакларга айланаяпти. Лекин бу ҳали кўзланган ҳосилга эришилди, дегани эмас. Ҳозир бор эътиборимизни  ҳосил тугунчаларини янада кўпайтириб, улардан бўлиқ кўсаклар пайдо қилишга қаратишимиз зарур.  Халқимизнинг “Асад — экинингни ясат” деган нақли бежиз эмас, албатта.

Чиндан ҳам, август — деҳқон учун энг масъулиятли ой ҳисобланади. Чунки айни пайтда қилинган фидокорона меҳнат ҳосил тақдирини белгилаб беради. Бизнинг фермер хўжалигимиз аъзолари мазкур ойда агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажаришга масъулият билан ёндашишга одатланган. ўўза ривожини кунига уч марта синчиклаб кузатиб борамиз. Шу аснода ҳосилга ҳосил қўшиш учун яна нималар қилишимиз зарурлигини аниқлаб олаяпмиз.

Яқинда  ғўзанинг бор кучини ҳосилга йўналтириш мақсадида унинг ён шохларини чилпиб чиқдик. Бу айни вақтда ғўза қатор ораларида ҳаво айланиши ҳамда иссиқликнинг меъёрида бўлишига ҳам шароит яратди.

Айтиш жоизки, экин маромида ривожланиб, мўлжалдаги ҳосилни тўплашида тўғри суғоришнинг аҳамияти катта. Сабаби, бу энг нозик агротехника тадбирларидан бири бўлиб, сифатли бажарилсагина, шаклланган ҳосил нишоналарини сақлаб қолиш ва уни кўпайтиришга хизмат қилади. Бунинг учун эса мироблар жуда эътиборли бўлиши зарур. Боиси, қатор ораларига экин ҳолатидан келиб чиқиб, сув таралса, ғўзалар кўнгилдагидек қонади. Натижада кўсакларнинг мағзи тўқ, пахтанинг сифати юқори бўлади. 

Халқимизнинг “Асад суви — асал суви” деган пурмаъно ҳикмати ҳам бор. Қатор ораларига таралган обиҳаётнинг ниҳолга асалдек қувват бериши учун уни чўллатиб ҳам, кўллатиб ҳам қўймаслик керак. Масалан, ғўза  чанқаса, гул ташлайди. Битта гулнинг тўкилиши битта кўсак нобуд бўлди, дегани. Бордию кўллатиб суғорилса, ғўза бўйига зўр бериб, ғовлаб кетади. Шунинг учун мазкур юмушни экин ҳолати, ер шароити инобатга олинган ҳолда, обитобида бажариш пайидан бўлмоқдамиз. 

Хўжалигимизда аввалги йилларда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, сувни қатор оралатиб, “шарбат” усулида тараяпмиз. Шундай қилинса, сув юрмаган жўякдан ғўза илдизига етарли миқдорда ҳаво ўтиши таъминланади. Бундан ташқари, тупроқдаги иссиқлик ҳам талаб даражасида бўлиши сақланади. “Шарбат” эса намликни узоқ сақлаши баробарида, экинни қўшимча озиқлантириш имконини ҳам беради. 

Суғоришни, асосан, тунда амалга ошираяпмиз. Ўқариқлар оралиғини 50 — 60 метрдан кўпайтирмай, сув йўллари равон бўлишига жиддий эътибор қаратганимиз ишимизни енгиллаштирмоқда. Натижада обиҳаётнинг ҳар қатрасидан самарали фойдаланиб, ғўзалар бир текис, қондириб суғорилаяпти. 

Мутахассисларнинг айтишича, пахта толасининг нечоғли пишиқ бўлиши кўп жиҳатдан август ойидаги суғоришнинг қай даражада сифатли олиб борилишига ҳам боғлиқ. Буни биз, сувчилар чуқур ҳис этган ҳолда, бир зум ҳам бепарволикка берилаётганимиз йўқ. “Халқ сўзи” газетасида мутахассисларнинг шу йил 2 август сонида эълон қилинган “Август — ҳосилга ҳосил қўшиш зарбдор ойи” сарлавҳали тавсиялари бу жараёнда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилаяпти.  

Дарвоқе, ўтган мавсумда ҳосилдорликни 44 центнерга етказган эдик. Бу йил ҳам олдимизга ана шундай улкан мақсад қўйиб, ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаяпмиз. 

Мўмин РАҲМОНОВ,

Сайхунобод туманидаги «Кубей» фермер

хўжалиги сувчиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn