Қадри юксак, азиз ва муҳтарам
  • 19 Июль 2016

Қадри юксак, азиз ва муҳтарам

Ҳар қайси миллатнинг маънавий камолоти жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади. Шу маънода, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ аёлни эъзозлаш, сиҳат-саломатлигини асраш, оғирини енгил қилиш, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, касбий, жисмоний, маънавий ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, ёш оилаларга моддий-маънавий кўмак кўрсатиш янада юқори босқичга, аниқроқ айтганда, давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Дарҳақиқат, бугун хотин-қизларнинг оила ҳамда жамиятдаги ўрни, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги фаоллиги тобора ортиб бораяпти. Эсласак, авваллари фақат бола тарбияси, уй-рўзғор ташвишлари билан банд бўлган аёлларимиз эндиликда турли жабҳаларда улкан ютуқларга эришмоқда. Қолаверса, ҳаётимизда тобора катта ўрин олаётган фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илму фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ҳамда санъат каби ўнлаб муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини уларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Бу истиқлол шарофати, хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибору ғамхўрликнинг ёрқин намунаси, манфаатларининг ҳуқуқий кафолати, десак, асло муболаға бўлмайди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 1995 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда хотин-қизларнинг аҳволини ижро ҳокимияти даражасида яхшилаш бўйича миллий механизм асослари яратилди, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ривожланиши бўйича давлат дастурларининг амалга оширилишига йўл очилди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари янги лавозими жорий этилиб, унинг зиммасига хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада юксалтириш билан боғлиқ масалаларни бошқариш юкланди.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Бош вазирнинг ўринбосари этиб тайинланиши, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, ҳокимларнинг ўринбосарлари лавозимлари жорий этилди ва уларни тегишли хотин-қизлар қўмиталарининг раислари эгаллашлари белгилаб қўйилди.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, уларга эҳтирому эъзоз кўрсатиш, ташкилотчилик, тадбиркорлик, ишбилармонлик қобилиятига эга хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. Унга кўра, юртимиздаги мавжуд ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Ҳозирги кунда катта ҳаёт тажрибасига эга, эл орасида обрў-эътибор топган аёллар ушбу масъулиятли вазифада ишлаб, давлатимизнинг юксак эҳтиромига сазовор бўлмоқда.
Аёллар фаоллиги хусусида сўз кетганда, уларнинг нафақат иқтисодиёт, саноат тармоқларида, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида, шу билан бирга, сиёсат майдонида ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Айни чоғда Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизини, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизини аёллар ташкил этаётгани, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида юзлаб опа-сингилларимиз фаол иш олиб бораётгани фикримиз далилидир. Уларнинг ушбу йўналишдаги вакиллиги, шубҳасиз, ижтимоий соҳалар, хотин-қизлар, оила, оналик ва болалик муҳофазасига оид пухта қонунларнинг қабул қилинишида долзарб аҳамият касб этади.
Фахр билан айтиш мумкинки, бугун Ватанимизда  яшаётган ҳар бир аёл, ҳар бир она чин маънода бахтли. Нега деганда, оиласи тинч, фарзандлари бағрида, соғ-омон, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари қонунлар билан мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ўнлаб қонунлар, саксонга яқин фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ҳамда жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Асосий Қонунимизнинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилгани, ўз навбатида, уларнинг давлат ҳамда жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, юртимиз равнақи йўлида бор салоҳият ва имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишларига зарур шароит яратаяпти.
Шу билан бирга, мамлакатимиз қўшилган турли конвенция, битим ҳамда шартномаларнинг салмоқли қисми бевосита хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Опа-сингилларимиз манфаатларини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар, тизимли ишлар, комплекс чора-тадбирлар уларнинг салоҳиятию имкониятларини, иқтидору ташаббусларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аёлларни қанчалик улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демак, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз.


Комила КАРОМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn