XS.UZ
Саноатни янада ривожлантириш ва улкан бунёдкорлик ишлари истиқболлари Замонавий Ўзбекистон тараққиётида янги саҳифа Парламент ёшлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқда Одам савдосига қарши курашиш — барчанинг вазифаси Яхшилик асло унутилмайди Нефть-газ саноатида илк кластер яратилади 123,7 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди Тарихий кошин юртимизга қайтарилди Тадбиркорликнинг самарали тармоғи Қалб қўри, меҳри ва саховати тафтидан ўнлаб истеъдодли санъаткорлар камолга етди Режасини ўзгартирмайди Эзгулик тараннуми Маънавий туҳфа Қадимий университетлар Ватани Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик байрами қатнашчиларига Атоқли санъаткор хотирасига эҳтиром Пойтахтимизнинг «жанубий дарвозаси» янада қулай, шинам ва кўркам бўлади Академия профессионал кадрлар тайёрлаш маскани бўлмоғи лозим Дори-дармон таъминотида сунъий тақчиллик юзага келмайди Сув келтирган элда азиз Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш йўлида Академик Борис Бондаренко Изланиш ва янгича ишлаш самараси аҳоли бандлигини таъминлашда ўз ифодасини топмоқда Жиноятга жазо муқаррар, аммо... Ривожланиш истиқболлари муҳокамаси Ҳамюртимиздан ўтадигани топилмади Нодир асарлар хазинаси «Ягонасан, муқаддас Ватан!» Сиёсий партиялар: Амалий ишлар билан халқ ишончини қозониш мумкин Солиққа оид ўзгаришлар тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилади
  • 12 Июль 2016

Касбий таълим: аниқ мақсад, замонавий ёндашув, самарали ҳамкорлик

Бугун республикамизда меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларга арзон ишчи кучи сифатида эмас, аксинча, салоҳияти юксак, рақобатдош кадрлар деб қаралмоқда. Шунга монанд равишда йигит-қизларни касбий таълим олиш жараёнидаёқ ўз мутахассислиги бўйича тегишли корхона, ташкилот ёки муассасага амалиёт ўташи учун йўналтириш, тўрт томонлама шартнома асосида бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор ҳамда масъулият билан ёндашилаяпти.

Бошқача айтганда, эрта-индин касб-ҳунар коллежини ёхуд олий ўқув юртини битириш арафасида турган ҳар бир мутахассис қўлига диплом олгач, қачон, қаерда ва қандай қулайликлар эвазига меҳнат фаолиятини бошлашини яхши билади. Бу эса унинг келажакка ишончи мустаҳкамлигидан, аниқ мақсад ҳамда қатъий позицияга эга эканидан далолат беради.

Ўрни келганда, таққослаш учун мустақилликкача бўлган даврдаги навқирон авлоднинг ижтимоий ҳолатини, жамиятда тутган ўрни ва мавқеини эслайлик. Собиқ тузум пайтида, очиғи, мактабни тамомлаган йигит-қизларнинг тақдири давлат ҳамда жамиятни у қадар қизиқтирмас, техникум ёки маълум бир ҳунар билим юртини битираётган мутахассисларни ишга жойлаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳафсаласизлик кузатилар, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бу тоифа ёшларнинг иш топа олганлари меҳнат фаолиятини юритса, иш топа олмаганлари, табиийки, қишлоқ хўжалигига жалб қилинарди. Чунки иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, хом ашё етказиб берувчи аграр республикада ижтимоий фаол, илм-фан ҳамда техника ютуқларини пухта ўзлаштирган, давлат тараққиётини белгилаб берувчи соҳалар бўйича халқаро стандартларга мос кадрлар эмас, балки билагида кучи бор, тобелик кайфиятидаги ёшларнинг кўпайиши мустамлакачилик сиёсати учун мақбул саналар эди. Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб, юртимизда ижтимоий-иқтисодий инқироз жамият ҳаётининг барча жабҳасини чуқур муаммолар гирдобига ташлади. Ишсизлик даражаси ортди. Бундан аҳолининг ҳамма қатлами, айниқса, ёшлар катта жабр кўрди.

Мустақилликка эришилгач, инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилиб, бу йўлда олиб борилган туб ислоҳотлар туфайли ана шу таназзулнинг оқибат ҳамда асоратлари барҳам топа бошлади. Машҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг миллий модели барча соҳадаги ўзгаришу янгиланишларга замин яратди. Хусусан, кучли ижтимоий сиёсатнинг туб негизи ҳисобланган бандлик соҳасининг ҳуқуқий ва институционал инфратузилмаси такомиллаштирилди. Жамиятнинг ишсиз қатлами, биринчи навбатда, ёшларга меҳнат қилиб, даромад топиши учун кўмаклашиш, касб-ҳунар ўргатиш ҳамда малакасини ошириш, бандлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш чора-тадбирлари кучайтирилди. Ушбу йўналишда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилди, халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланди. Муҳими, мамлакатимиздаги барқарор иқтисодий ривожланиш тенденцияси аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бандлик даражаси ошиши учун объектив имкониятлар яратилишини ва такомиллашувини таъминлади.

Таъкидлаш жоизки, меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар юртимиз аҳолисининг 62 фоизини ташкил этади. Ҳар йили юз минглаб йигит-қизларнинг меҳнат бозорига кириб келаётганини назарда тутсак, бандликни тўлиқ таъминлаш доимий долзарб масала экани ойдинлашади. Республикамизда мазкур масалага комплекс ёндашув асосида жиддий эътибор қаратилиб, парламентимиз томонидан қабул қилинадиган махсус дастур доирасида аниқ манзилли ишлар амалга оширилаяпти. Бунинг самарасини ёшларни, аввало, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга ишсиз йигит-қизларни “Устоз — шогирд” усули билан касбий тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, иш кучига талаб ва таклифни ўзаро мувофиқлаштириш борасида қўлга киритилаётган залворли натижаларда яққол кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, 2014/2015 ўқув йилида юртимиздаги касб-ҳунар коллежларини битирган 482,6 минг нафар ёш мутахассиснинг 93,2 фоизи бандлиги таъминланган.

Битирувчиларни ишга жойлаштиришда тўрт томонлама шартнома асосида йўлга қўйилган самарадор тизимдан ташқари, жойларда мунтазам ўтказиб келинаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари, ёшларни кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликка жалб этиш саъй-ҳаракатлари ҳам ҳал қилувчи омил бўлаётир. Шунинг баробарида, тез ўзгарувчан бозор конъюнктураси шароитида битирувчиларни меҳнат бозорида талаб ортаётган мутахассисликлар бўйича касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва малакасини ошириш ишлари изчил давом эттирилаяпти.

Умуман олганда, туман ҳамда шаҳарларимиздаги бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ҳудудлардаги муайян корхона ва ташкилотлар буюртмалари асосида ҳар йили 10 — 15 мингга яқин иш билан банд бўлмаган навқирон авлод вакиллари касб-ҳунарга қайта ўқитилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги томонидан Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилганини айни мақсад сари қўйилган муҳим қадамлардан бири, дейиш мумкин.

“Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўқитиш имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида 2012 йилда фаолиятини бошлаган мазкур марказда ҳар йили турли ёшдаги етти юзга яқин ишсиз фуқаро касб-ҳунар эгаллаяпти. Хусусан, ҳудудлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари йўлланмаси билан бепул ўқиётганларнинг асосий қисми ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган йигит-қизлардан иборатдир.

Ўтган даврда марказда  икки минг нафардан зиёд ёшларга касбий таълим берилди. Эътиборлиси, битирувчиларнинг барчаси ҳозирги кунда ўзининг муқим иш жойига эга. Улар мамлакатимизнинг “Ўзавтосаноат” “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзтелеком”, “GM Powertrain Uzbekistan”, “Ўзбекистон металлургия комбинати” каби йирик ишлаб чиқариш қувватларида, хусусий сектор субъектларида меҳнат қилаяпти, ҳатто шу ерда олган билиму тажрибасига таяниб, хизмат кўрсатиш соҳасида ўз бизнесини ташкил этганлар ҳам бор.  

360 ўринга мўлжалланган, назария ҳамда амалиётни уйғун ва юқори савияда олиб бориш учун барча қулайлик яратилган марказга юксак салоҳиятли ўқитувчилар ҳамда ишлаб чиқариш усталари, KOICA агентлигидан кўнгилли мутахассислар бириктирилган. Бу ерда меҳнат бозорининг талабларини ўрганган ҳолда, машинасозлик ишлаб чиқариш технологиялари, электроника ва электротехника, автомобилларни таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари ва тизимлари йўналишларида кадрлар тайёрланаяпти. Марказ кўмагида ўз лаёқати ҳамда салоҳиятини юзага чиқариб, ривожлантирган ва ишлаб, оиласига, жамиятга наф келтираётган бундай ёшларнинг сафи йил сайин кенгайиб бораётгани янада қувонарлидир.

Мамнуният билан айтиш керакки, ўтган қисқа даврда ўзини оқлаган бу лойиҳага кўра, эндиликда Самарқанд, Шаҳрисабз, Қўқон ҳамда Урганч шаҳарларида ҳам касб-ҳунарга ўқитиш марказларини барпо қилиш мўлжалланмоқда.

Энг улуғ, энг азиз айём — давлатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини муносиб нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда Самарқанд шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида замонавий архитектура меъёрларига жавоб берувчи янги объект бунёд этилмоқда. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази сифатида фойдаланишга топшириладиган ушбу иншоотнинг маъмурий, ўқув-лаборатория бинолари, 60 ўринли ётоқхона ва бошқа ёрдамчи бинолари қуриб битказилди. Айни чоғда бу ерда ободонлаштириш ҳамда коммуникация тармоқларини ўрнатиш ишлари якунига етиб қолган.

Мустақиллик байрами кунларида иш бошлайдиган ушбу марказда ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган фуқаролар замонавий касбларга қайта ўқитилади. Шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори мутахассисликлар бўйича корхоналар билан тузилган шартномалар асосида ўқув курслари ҳам ташкиллаштирилади.

Касбий таълим марказининг ўзига хослиги шундаки, белгиланган йўналишлар бўйича жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда, давлат таълим стандартлари асосида бутунлай янги ўқув режа ҳамда дастурлари тайёрланаяпти. Корея Республикасининг етакчи университетлари профессорларидан иборат экспертлар иштирокида ўқув марказига малакали ўқитувчиларни ишга қабул қилиш бўйича танлов ўтказилгани, Самарқанд шаҳридаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчилари орасидан танлаб олинган номзодлар Жанубий Кореядаги Таълим ва технологиялар университетида малака ошираётгани эътирофга молик яна бир жиҳатдир.

Бу марказнинг очилиши самарқандликлар, айниқса, шу кўҳна замин ёшлари учун -чинакам байрам туҳфаси бўлиши шубҳасиз, албатта.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, 2013 йилда жаҳонда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган 74,5 миллион йигит-қизлар ишсиз бўлган ва 2018 йилгача ёшлар ўртасидаги глобал ишсизлик даражаси янада ошиши кутилмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ҳамда тараққиёт ташкилоти бу ҳолатни ёшлар ўртасидаги инқироз, деб атаётир.

Мана шундай мураккаб бир шароитда диёримизда ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил олиб борилаётгани, йигит-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг салоҳиятини юксалтириш ушбу сиёсатнинг муҳим ажралмас қисми экани ва бу борадаги ислоҳотлар ижтимоий соҳадаги марраю ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлаётгани барчамизга чексиз ғурур бағишлайди. Пировардида эртанги кунимиз таянчи ҳамда суянчи саналмиш навқирон авлод, чиндан ҳам, ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етаяпти. Президентимиз таъбири билан айтганда, айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлаш устувор вазифа сифатида кун тартибига қўйилгани вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аёнлашмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат фуқароларни ишсизликдан муҳофаза этиш чоралари кучайтирилганида, оилалар фаровонлиги ўсиб бораётганида, жамиятдаги манфаатлар тенглигида, хусусан, ёшларимизнинг иқтисодий фаоллигида ўз ифодасини топаяпти. Бандлик соҳасида тўпланган миллий тажриба, кузатилаётган ижобий анъаналар ва самарали ҳамкорликка асосланган ташаббуслар ҳар бир шахснинг эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилаётир. Салмоғи тобора ортиб бораётган бундай муваффақиятлар, меҳнат бозоридаги барқарорлик “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” тамойилининг ҳаётбахшлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Эркин АВЕЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги 

Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш ва қайта ўқитишни ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи.

 

 ЭЪТИРОФ

Гай Райдер, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори:

— Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиб келмоқда. Мамлакат аҳоли бандлигини таъминлашда очиқликни, айни соҳада ратификация қилинган халқаро конвенцияларда белгиланган мажбуриятларни юқори даражада адо эта олиш салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига намойиш қилаяпти. Республикада бу борада амалга оширилган ишларни кўпгина давлатларга ибрат сифатида кўрсатиш мумкин.

 

Ли Ги Квон, Корея Республикаси меҳнат ва бандлик вазири:

— Ўзбекистон Жанубий Кореянинг стратегик ҳамкорларидан ҳисобланади. Ушбу ҳамкорлик доирасида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг ташкил этилгани алоҳида диққатга сазовор. Зотан, мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ қилишда қисқа муддатда юқори натижаларга эришилгани, марказда таҳсил олган йигит-қизлар ўқишни тамомлаганидан сўнг иш билан таъминланаётгани эътибор лойиқдир. Бу эса ҳамкорликдаги лойиҳамиз самарадорлигидан далолат беради. Қувонарлиси, яқин истиқболда бундай марказлар Ўзбекистоннинг бетакрор шаҳарларидан бири — Самарқандда, шунингдек, яна учта ҳудудда ташкил этилиши юртингизда касбий таълимнинг тез суръатда ривожланишига хизмат қилади.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган