Келажаги буюк, озод ва обод Ватан
  • 29 Апрель 2016

Келажаги буюк, озод ва обод Ватан

Тараққиётнинг «ўзбек модели» деб ном олган ривожланиш йўлининг беқиёс самаралари.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида қўлга киритилаётган муваффақиятлар йиллар ўтгани сайин тобора мустаҳкамланиб, кўзга янада ёрқинроқ ташланмоқда. Зеро, тарихан қисқа давр ичида барча соҳада мислсиз ўзгаришлар рўй бердики, бу ҳақли равишда кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлаётир. Бундай юксалишлар замирида, шубҳасиз, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинаётган “ўзбек модели” — ривожланишнинг ўзимизга хос ва мос йўли самаралари мужассамдир.

Дарҳақиқат, беш тамойил — иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлат — бош ислоҳотчи, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган “ўзбек модели”нинг афзаллигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Нега деганда, одамларга тезда бой бўлиб кетиш, доимий тўкин ҳаёт ваъда қилиш, аслида эса, пуч ғоялар билан суғорилган “фалаж қилиб даволаш усули”га ўхшаш усуллар давр синовларига дош беролмади. Пировардида бу боши берк йўлдан борган давлатларда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсирида ишлаб чиқариш издан чиқиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми пасайиши баробарида, ишсизлик авж олди. 

Юртимизда эса тараққиётнинг тадрижий йўлидан борилгани туфайли нафақат иқтисодиётимизда барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда, балки глобал  инқироз энг баланд чўққига кўтарилган пайтларда ҳам ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8 фоиздан пасайгани йўқ. Бу эса халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, юксак баҳоланаётир. 

Айниқса, Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014 — 2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016 — 2017 йилларда иқтисодий ўсиш прог-нозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани ҳар бир юртдошимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.

Таъкидлаш керакки, бундай натижаларга осонликча эришилгани йўқ, албатта. Чунки Ўзбекистон собиқ иттифоқ давридаги маъмурий-буйруқбозлик тизими шароитида миллий иқтисодиётнинг турли сиёсий ҳамда ғоявий таъсирлар остида шаклланишининг яққол намунасини бошдан кечирганди. Хўжалик алоқаларини фақат бир ғоя ва маслакка мансуб бўлган мамлакатлар ўртасида амалга ошириш, марказдан туриб режалаштирилган бошқарув, соғлом хўжалик юритиш тамойилига зид иқтисодий сиёсат — булар ўша даврнинг асосий белгиларидан эди. Истиқлолнинг илк йиллариданоқ иқтисодиётнинг сиёсатдан устун қўйилиши, унинг объектив иқтисодий қонунларга мувофиқ равишда ташкил этилиши пировардида юртимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, юқори ўсиш суръатларига эришиш учун кенг имконият яратди.

Аммо ўша даврда қишлоқ хўжалигида пахта яккаҳокимлиги оқибатида озиқ-овқат масаласида ўзгаларга қарам бўлган, кундалик истеъмол молларининг учдан икки қисми, ҳатто оддий туз ва гугурт ҳам четдан олиб келинган давлат қисқа муддат ичида дон мустақиллигига эришади, саноатнинг мураккаб технологияли тармоқлари йўлга қўйилади, дейилса, кўпчилик ишонмасди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳани тубдан модернизациялаш ва диверсификациялаш борасида қабул қилинган ҳаётий дастурларнинг самараси ўлароқ, илгари орзу ҳам қилиш қийин бўлган муваффақиятларга эришаяпмиз. 

Озиқ-овқат саноати мамлакатимизда мустақиллик йилларида шаклланиб, юқори технологияли тармоқлардан бирига айланди. Ўтган давр мобайнида соҳага ихтисослаштирилган корхоналар сони салкам 10 мингтага етгани, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотлари каби кундалик истеъмол молларига бўлган ички эҳтиёж, асосан, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига таъминланаётгани, экспорт ҳажми йил сайин ошиб бораётгани бунга тўла асос бўла олади. 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, ушбу соҳада сўнгги беш йилда умумий қиймати 660 миллион АҚШ долларилик 3 минг 266 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилгач, маҳсулот тайёрлаш ҳажми кескин ошди. Жумладан, мева-сабзавот ва узум етиштириш 1,27, гўшт ҳамда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,24, сут маҳсулотлари 1,33 баравар кўпайиб, 628 хилдаги маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилди. 

Бу каби муваффақиятлар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан муносиб баҳолангани қувонарлидир. Яъни Ўзбекистон 2015 йилда мазкур нуфузли ташкилотга аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 мартдаги “2016 — 2020 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари хом ашё базасини, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга кўра, келгуси беш йил давомида озуқабоп экинлар майдони 220 минг гектарга кенгайтирилиши эвазига қўшимча равишда 797 минг тонна мева, 2,8 миллион тонна сабзавот, 514 минг тонна гўшт ва 3,97 миллион тонна сут маҳсулотлари етиштирилади. Ўз навбатида, мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш 17 фоиздан 25 фоизга, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми 12 фоиздан 23 фоизга етказилиши кўзда тутилган.  

Эътиборлиси, дастур доирасида нафақат қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, балки тайёр маҳсулотларни сифатли қадоқлаш, сақлаш ва етказиб бериш бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Хусусан, янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини модернизациялаш бўйича 180 та йирик, шунингдек, 416 та ҳудудий инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилиши мўлжалланаяпти. Бундан ташқари, йиллик қуввати 60 минг тоннага тенг бўлган 15 та замонавий савдо-логистика марказини фойдаланишга топшириш орқали мева-сабзавотларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларига экспорт қилиш имкониятини -яратиш режалаштирилган.  

Шу билан бирга, мамлакатимизда узоқни кўзлаб ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар бериш, инвестициялар, аввало, чет эл инвестицияларининг ҳажмини ошириш бўйича кўрилаётган изчил чора-тадбирлар иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатлари ҳамда унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Саноатимиз салоҳияти юксалиб, унинг жозибадорлиги ортаётгани ана шундан далолат беради. Бу эса, ўз навбатида, чет эллик инвесторларнинг иқтисодиётимизга бўлган қизиқишини юксалтираётир. Ўтган йили ўзлаштирилган жами инвестицияларнинг 3 миллиард 300 миллион доллардан зиёди хорижий инвестициялар эканлиги, унинг 73 фоизини тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ташкил этгани ана шундай саъй-ҳаракатлар -натижасидир.  

Юртимизда юритилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос жиҳати шундаки, сармояларнинг асосий қисми замонавий саноат корхоналарини барпо этиш, мавжудларини тубдан модернизация қилиш мақсадларига йўналтирилаяпти. Пировардида истиқлол йилларида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калий ўғитлари заводи, Асакадаги енгил ва Самарқанддаги юк автомобиллари ҳамда автобуслар ишлаб чиқарадиган корхоналар, юзлаб замонавий тўқимачилик ва енгил саноат субъектлари ишга туширилди. 

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётгани эса ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш, экспортда қўшимча қийматга эга товарлар улушини кўпайтириш, минглаб янги иш жойлари яратиш имконини бермоқда. Масалан, биргина ўтган йили жалб қилинган инвестицияларнинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга сарфланиб, умумий қиймати 7 миллиард 400 миллион -долларлик 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. 

Жанубий кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо қилинган Устюрт газ-кимё мажмуаси шулардан биридир. Умумий қиймати 4 миллиард доллардан ошадиган ушбу мажмуа дунёдаги энг замонавий, айни пайтда энг йирик корхоналардан бири бўлиб, у Германия, Франция, Япония, АҚШ, Швеция, Голландия, Жанубий Корея сингари давлатлар компанияларининг технологик линия ва ускуналари билан тўлиқ жиҳозланган. Бу ерда йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш, полиэтилен тайёрлаш ҳажмини 3,1 баробар кўпайтириш имконияти мавжуд. Ваҳолонки, полипропилен илгари юртимизга катта миқдордаги валюта эвазига четдан олиб келинар эди. 

“Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси маълумотларига кўра, таркибида бешта завод фаолият кўрсатадиган мажмуанинг илк маҳсулотлари экспорт қилина бошлангани ҳам алоҳида эътиборга молик. Хусусан, полимерлар заводида тайёрланаётган полипропилен 2015 йилнинг декабрь ойидан эътиборан чет эллик буюртмачиларга жўнатилмоқда. 

Бундай мисолларни иқтисодиётимизнинг бошқа тармоқларидан ҳам кўплаб келтириш мумкин. Бироқ мамлакатимизда эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолингани йўқ. Жаҳон бозорида мустаҳкам ўрнимизни эгаллаш, халқимиз ҳаёт даражасини янада ошириш бўйича ислоҳотлар жадал давом эттирилаяпти. Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида бу ҳақда алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Биз учун асосий вазифа — ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттиришдан иборат бўлиши зарур”. Зотан, юртимизда ана шу тамойиллар асосида иш юритилиб, ҳаётга татбиқ қилинадиган лойиҳалар туфайли 2030 йилда нефть-газ-кимё соҳасида маҳсулот -ишлаб чиқариш ҳажми 3,2, рангли металл маҳсулотлари 2,2, қора металлдан тайёрланадиган буюмлар 2,3, кимё саноати маҳсулотлари, шу жумладан, минерал ўғитлар 3,2, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари 5,6, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми эса 5,7 баробар оширилиши кутилаяпти. Буларнинг барчаси келгусида иқтисодиёт тармоқларида ривожланишнинг юқори ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий -барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши муқаррардир.

 

Шаҳноза ЭРГАШХЎЖАЕВА,

иқтисод фанлари доктори, профессор.

Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn