Ҳар бир кундан завқланиб яшаяпмиз
  • 28 Апрель 2016

Ҳар бир кундан завқланиб яшаяпмиз

Бугун юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишлардан ҳар қанча қувонсак, арзийди. Ҳар қадамда бунёдкорлик, ҳар гўшада янгиланиш ва яшариш. Бундай ютуқларга эса тинч ҳамда осуда ҳаёт туфайли эришаяпмиз.

Буни ўзим яшаётган олис Узун тумани мисолида айтадиган бўлсам, истиқлол йилларида ҳудудимизда қурилган маҳобатли мактабу коллежларда невара-чевараларим яйраб, яшнаб билим олишмоқда. Масалан, 

5-синфда ўқиётган чеварам Рустамжон ҳам компьютердан бемалол фойдалана олади. Фар-зандларим эл хизматида. Туманимиз маркази ҳамда олис қишлоқлар кун сайин чирой очмоқда. Шаҳар қиёфасидаги янги намунавий уйлардан иборат массивларни айтмайсизми?! Қолаверса, тикувчилик маҳсулотларидан тортиб, бир вақтлар олис ўлкалардан келтириладиган мебеллар, том ёпишда қўлланиладиган шиферни ҳам туманимиз тадбиркорлари ишлаб чиқараётгани, айниқса, қувонарлидир.  

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз фуқароларининг муносиб, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифаси бўлиб келмоқда. Биз, -Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатилаяпти. Куни кеча неварам газетадан ўқиб берди: Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинибди.

1941 — 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофоти берилар экан. Бундан жуда хурсанд бўлдик.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ҳам кенг нишонланмоқда. Бундай тадбирлар ёшларни савобли ишларга, меҳр-оқибатли бўлишга чорлаши, шубҳасиз. Ана шундай лаҳзаларда Ўзбекистонда туғилиб ўсганимга -шукроналар айтаман. Ватан тараққиёти йўлида ҳалол меҳнат қилган ҳар бир инсон кексалик чоғида ҳам эъзозу қадр топаётганидан бошим осмонга етади. Давра суҳбатлари ҳамда учрашувларга таклиф қилишганида, ёшларга бундай инсонпарвар юртни қадрлаш кераклигини қайта-қайта таъкидлайман. 

Биз, кекса авлод вакиллари ҳар бир кундан завқланиб, миннатдорлик туйғуси билан яшаяпмиз. Бу Ватанимиздаги бунёдкорлик, тинч ва тотувликнинг ширин мевасидир.

 

Асалохун САРИКОВ, 

уруш ва меҳнат фахрийси.

Узун тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn