Юксак ҳуқуқий билим —  тараққиёт омили
  • 07 Апрель 2016

Юксак ҳуқуқий билим —  тараққиёт омили

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Ҳуқуқий таълим-тарбия — ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш кафолати” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Адлия вазирликлари, Олий суд, Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, жамоат ташкилотлари ҳамда -оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда айтиб ўтилганидек, юртимизда ҳуқуқий таълим-тарбияни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда. Зеро, бу — жамиятда қонунийлик, жамоат тартибига амал қилиниши ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. 

— Мамлакатимизда қонун ижодкорлиги ҳамда қонунлар ижросини таъминлаш, хусусан, ҳуқуқий таълим ва тарбияга давлат сиёсати даражасида қаратилаётган эътибор бугун қандай натижа бераётгани ҳеч кимга сир эмас, — дейди ИИВ Академияси кафедра бошлиғи Н. Азизов. — Мустақилликнинг илк йиллариданоқ фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий таълим-тарбиянинг қонунчилик асоси ҳамда институтларини шакллантириш, улар фаолиятини узлуксиз такомиллаштиришга зарур шароит яратилмоқда. Айни чоғда ҳуқуқий таълим-тарбия ишлари савиясини ошириш, фуқароларнинг Конституция ва қонунларга риоя этиш кўникмасини мустаҳкамлаш, ҳуқуқни қўллаш фаолиятини яхшилаш, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, бу борадаги тарбия воситалари ҳамда усулларини такомиллаштириш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилаётир. Ушбу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан соҳа олимлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани яхши самара бермоқда.

Конференцияда ҳуқуқий таълим-тарбиянинг қонунчилик асоси ва уни такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш билан боғлиқ истиқболдаги вазифалар аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим-тарбиянинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

Мунозараларга бой бўлган конференция якунида бу борадаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, ҳуқуқий таълим-тарбияни янада юксалтириш, мазкур йўналишдаги илмий тадқиқот ишлари натижаларини ҳаётга татбиқ этиш каби масалаларга оид таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn