Маҳалла сайлови ва ОАВ масъулияти
  • 02 Апрель 2016

Маҳалла сайлови ва ОАВ масъулияти

Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли” мавзуидаги ҳудудий ўқув-семинарларнинг галдагиси Андижон шаҳрида ташкил этилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Олий Мажлис Сенати ҳамда “Маҳалла” фонди билан ҳамкорликда уюштирилган тадбирда Фарғона, Наманган ҳамда Андижон вилоятларида фаолият юритаётган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. 

Ўқув-семинар журналистларнинг жорий йил май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови билан боғлиқ билимларини мустаҳкамлаш орқали мазкур ижтимоий-сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказиш ва пировардида юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Савдо-саноат палатаси ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар мутахассисларининг маҳалла сайловининг ҳуқуқий асослари, унинг ўзига хос хусусиятлари, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодларга қўйиладиган талаблар ҳамда бошқа масалаларга бағишланган маърузаларига кенг ўрин берилди.

Таъкидланганидек, бўлажак сайлов давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш, либераллаштириш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёни тобора чуқурлашиб бораётган бир шароитга тўғри келмоқда. Бу эса, табиийки, сайловнинг ҳар бир иштирокчисидан, хусусан, ОАВ вакилларидан катта масъулият ва пухта билимни талаб этади. 

— Бўлажак сайловнинг ўзига хослиги фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти ва ваколатлари мазмун-моҳиятидан келиб чиқади, — дейди “Андижоннома” газетаси бўлим мудири ўолибжон Абдуллаев. — Яъни тарихан шаклланган ва бугунги кунда ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида ўзини ҳар томонлама намоён қилаётган маҳалла тизимида барча жараён адолатли, бамаслаҳат ҳал этилади. Сайловда ҳам адолат, очиқлик ва тенглик тамойиллари устувор бўлишини таъминлаш айни муддаодир. Бунда журналистлар алоҳида роль ўйнайди. Икки кунлик ўқув-семинар давомида нафақат бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишдик, айни чоғда маҳалла институтини ривожлантириш истиқболлари хусусида муайян тасаввурга ҳам эга бўлдик.

Тадбир давомида истиқлол йилларида юртимизда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уни изчил такомиллаштириб бориш орқали маҳалла институтининг жамият сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида тутган ўрни ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилгани алоҳида айтиб ўтилди. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талаблари асосида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг -маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари янги таҳрирда қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқаролар йиғинлари -раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тизимини такомиллаштириш, бу лавозимларга муносибларни сайлаш ва аҳоли ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг ролини янада оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар назарда тутилган. 

— Семинар чоғида фуқаролар йиғини сайловига оид қонунчиликдан тортиб, соҳа билан боғлиқ мақолаларни ўқишли қилиб тайёрлашгача бўлган масалалар етакчи олим ва мутахассислар томонидан атрофлича таҳлил қилингани биз, журналистлар учун фойдали бўлди, — дейди “Фарғона ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Абдувосит Сидиқов. — Шунингдек, марказий нашрларда фаолият юритиб келаётган ҳамкасбларимизнинг бу борадаги тажрибаси билан ўртоқлашдик. Буларнинг барчаси сайлов жараёнларини изчил ёритишимизда қўл келади, деб ҳисоблайман.

Ўқув-семинар доирасида қатнашчилар намунали фуқаролар йиғинлари иш фаолияти билан танишиш имконига ҳам эга бўлишди.

Ўтказилган бундай тадбирларда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган жами 120 дан ортиқ журналистлар малака оширди. 

Айни пайтда улар фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнларини ёритиб бориш бўйича ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар ҳузуридаги ахборот хизматлари ишида фаол иштирок этмоқда.

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn