Жисмоний ва маънавий етук авлод келажагимизнинг муносиб бунёдкорларидир
  • 04 Март 2016

Жисмоний ва маънавий етук авлод келажагимизнинг муносиб бунёдкорларидир

Соғлом, билимли, дунёқараши кенг, ўз фикри ҳамда нуқтаи назарига эга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга интиладиган ёшларни вояга етказиш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Шу боис истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ таълим тизими, унинг узвий қисми бўлган спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Зеро, соғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир.

Айтиш жоизки, бу борада зарур ҳуқуқий асослар яратилган. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги -“Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ана шулар жумласидандир. Уларнинг изчил ижроси туфайли ҳар йили республикамиз шаҳар ва қишлоқларида бири-биридан кўркам замонавий таълим муассасалари, спорт мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари барпо этилаётир. Ўз навбатида, мазкур иншоотларни малакали мураббийлар ҳамда ускуна-жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Биргина 2015 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан спорт иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича манзилли дастурни амалга ошириш доирасида умумий қиймати 225 миллиард сўмдан ортиқ 35 та намунавий спорт маскани, 12 та сузиш ҳавзаси, 174 та мактаб спорт заллари фойдаланишга топширилгани баркамол авлод тарбияси биз учун нечоғли муҳим эканини амалда тасдиқлайди.

Яна бир ўзига хос ноёб тажриба хусусида фикр юритиш ўринлидир. Юртимизда уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинлари йўлга қўйилган. Ушбу узлуксиз тизим эртамиз эгаларини Ватанга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Ўзбекистон байроғини халқаро майдонларда баланд кўтарадиган маҳоратли спортчиларни вояга етказишда беқиёс аҳамиятга эга. Мазкур мусобақалар бежиз “кичик Олимпиада” дейилмайди. Сабаби, бу спорт ўйинлари халқаро Олимпиада мезонлари ва талабларига тўла риоя этилган ҳолда ўтказилади. Шу зайлда ёшлар тобланади, чиниқади, келгусида халқаро мусобақаларда қатъий ишонч билан иштирок этади. Шундай бўлаяпти ҳам. Йигит-қизларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатлари, тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаларида юксак марраларни эгаллаб, истиқлол фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлашаяпти. 

Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Юртбошимиз “Фарзандларимизни болаликдан — асосан мактаб ёшидан бошлаб спортни ўзининг ҳаётдаги доимий ҳамроҳи деб билиши, улар умрбод спорт билан дўст бўлиб қолишини, бунинг учун барча шароит ва имкониятларни барпо этишни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эдик”, дея таъкидлаб, бу борада эришилаётган натижаларни аниқ рақамлар асосида кўрсатиб берди: 2005 йилда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар тегишли равишда 57,2 фоиз ва 56 фоизни ташкил этди. Бундай мисоллар мамлакатимиз бу борада катта ўсиш ҳамда ўзгаришга эришганидан яққол далолат беради.

Болалар спортини ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ишлар боис ўғил-қизларимиз мунтазам шуғулланадиган спорт турларининг сони кескин равишда ошиб бораётгани қувонарлидир. Айтайлик, айни шу ёшдаги болалар 2005 йилда 43 турдаги машғулотга қатнаган бўлса, бугунги кунда улар 59 спорт тури билан шуғулланаётгани мазкур соҳадаги ютуқлар нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам ўсиб бораётганини кўрсатади.

Президентимиз ҳар бир чиқишида қизларни ёшлигидан спортга жалб қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтадилар. Чунки қиз бола эртага она бўлади, фарзандни дунёга келтиради. Зеро, эътироф этилганидек, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади. Қуйидаги таҳлилда бу борадаги саъй-ҳаракатлар нечоғли самара бераётганини кўриш мумкин: қиз болаларнинг оммавий спорт билан шуғулланиш кўрсаткичи 2005 йилда 24 фоизни, хусусан, қишлоқ жойларда 22 фоизни ташкил этганди, холос. Бугунги кунда эса ушбу рақам 47 фоиз, қишлоқ жойларда эса 44,7 фоизга тенг.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида ҳам ушбу йўналишда муайян чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Жумладан, 2006/2007 ўқув йилидан бошлаб, вилоятлар кесимида хотин-қизлар спортини ривожлантириш йўналишида қабул йўлга қўйилди. Уни ҳар йили 300 нафардан зиёд ёшлар битириб чиқиб, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олий таълим муассасаларида самарали меҳнат қилишмоқда. Умуман, бугунги кунгача мазкур йўналишда 1355 нафар мутахассис тайёрланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 1 апрелдаги “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжатда қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни спорт билан шуғулланишга фаол жалб этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, болалар ва ўқувчи ёшлар билан ишлашга аёллар орасидан юқори малакали, профессионал тайёрланган устоз кадрларни кенг жалб қилиш, уларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш белгилаб қўйилган. Шуни айтиш керакки, 1999 йилда юртимизда уч мингга яқин аёл мураббийлар фаолият юритган эди. 2005 йилдаги кўрсаткич билан қиёслаганда эса бу борада улар сафи 3,8 баробар кўпайган.

Бугун спортчи қизларимизнинг нуфузли мусобақаларда — Олимпиада ва Осиё ўйинлари, жаҳон ҳамда қитъа чемпионатларида қўлга киритаётган ютуқлари барчамизни қувонтирмоқда. Улар эришаётган юксак натижалар давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилаяпти. 30 нафардан ортиқ спортчи қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгани бунинг далилидир.

Буларнинг барчаси спортни фарзандларимизнинг ҳаётий эҳтиёжига айлантиришга хизмат қилиб, уларда соғлом қараш, шижоат ва қатъиятни шакллантираётир. Ёшларимиз -эришаётган юксак марралар тимсолида эса биз мустақиллик берган беқиёс имкониятлар, унинг аҳамияти ҳамда қадр-қимматини янада теран ҳис этаяпмиз.

Нодир ҒАФФОРОВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти

проректори.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn