Эзгулик ва эътибор ифодаси
XS.UZ
Президент қарори: Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилади Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Шавкат Мирзиёев Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22-25 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади Бош прокуратура қошида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилади Ўзбeкистон ва Грузия сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди Шавкат Мирзиёев навбатга ёзилиш учун электрон тизим жорий қилинган оилавий поликлиникага борди Шавкат Мирзиёев: ҳар бир маҳалладаги профилактика инспектори ўрнига уч нафар энг профессионал ходим саралаб олиб бириктирилади Энди электр таъминоти корхонаси вакилини онлайн чақириш мумкин Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан сузиш ҳавзаси қурилиши мумкин Президент Сергели туманидаги 55-сонли мактаб фаолияти билан танишди Президентга Хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарув компанияси фаолияти ҳақида маълумот берилди ЖССТ экспертлари силга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолашди Шавкат Мирзиёев: бу уйларни бировларга кўз-кўз қилиш учун эмас, аҳоли манфатларини ўйлаб бунёд этмоқдамиз Наманганда ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 135 фуқаро ишли бўлди Шавкат Мирзиёев Сергели туманига ташриф буюради Президент қарори: ЎзМУда “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультети ташкил этилади Президент фармони: 2018 йил 1 январдан бошлаб истеъмол қилинадиган сув учун олдиндан ҳақ тўланади Президент қарори: алоҳида иқтидор талаб этиладиган муайян соҳаларга тест синовлари бекор қилинди Маҳаллийлаштириш дастури самаралари Ўзбекистон — умумий уйимиз Осойишталик учун курашиш керак Ислом — тинчлик ва эзгулик дини Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультетини ташкил этиш тўғрисида Манфаатли ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди Рустам Жангабоевга Президент совғаси – “Nexia” автомобилининг калити топширилди Термизда Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази очилади Самарқандда замонавий стандартларга мос туристик автобуслар ишлаб чиқарилади Самарқандда “Volkswagen” машиналари ишлаб чиқарилади
  • 01 Март 2016

Эзгулик ва эътибор ифодаси

Мамлакатимиз бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида навбатдаги саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда Президентимиз раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ҳамда узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил татбиқ этиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йилларга “Оила йили”, “Соғлом авлод йили”, ”Оналар ва болалар йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили”, “Соғлом бола йили” деб ном берилгани ҳамда шу муносабат билан Давлат дастурлари қабул қилингани замирида ҳам халқимиз саломатлигига қаратилган юксак ғамхўрлик мужассам. 

Айтиш жоизки, тиббиёт тизимида рўй бераётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Оналик ва болаликни муҳофаза этишнинг ўзига хос миллий модели шакллантирилди. Давлатимиз раҳбарининг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори фарзандларимизнинг жисмоний ва маънавий камолотини таъминлаш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Пировардида “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу тамойилнинг жорий қилиниши туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 мингта чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинган жорий йилда ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада изчил давом эттирилиб, кенг қулоч ёзмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 9 февралида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди. Унинг ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан 29 февралдан эътиборан бутун республикамиз бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида саломатлик ҳафталиги бошланди.

— Анъанага мувофиқ, мазкур тадбир ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг етакчи олиму шифокорлари иштирокида ўтказилаётир, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош хирурги Миршавкат Акбаров. — Акциядан мақсад, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилиш ҳиссини кучайтириш, турли хасталикларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришдир.

Ҳафталик доирасида юртимизнинг энг олис ҳудудларидаги аҳоли қатламлари ҳам қамраб олинаётгани тадбирларнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Бу галги йирик тадбир икки босқичда уюштирилиб, дастлаб вилоятнинг ўзида фаолият кўрсатаётган малакали мутахассислар ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказади. Иккинчи босқичда эса республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг малакали мутахассислари иштирокида юқори даражадаги консилиумига эҳтиёжи аниқланиб, олдиндан рўйхати тузилган фуқароларга хизмат кўрсатилади. 

Қувонарлиси шундаки, бугун вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги боис тиббий кўрикларни самарали ташкил этишга муваффақ бўлинмоқда. Юқори малакали шифокорлар туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаёқ замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморга аниқ ташхис қўйишаяпти. Бу, албатта, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ривожи йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасидир.

Фикримизни аниқ мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, биргина ўтган йили 141 тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қарийб 500 миллиард сўм сарфланди. Республика болалар суяк-сил касалликлари санаторийси, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Андижон ҳамда Бухоро шаҳарларидаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Қарши ва Самарқанд шаҳарларида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, мамлакатимизнинг кўплаб туманларида тиббиёт бирлашмалари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш ҳамда замонавий ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турувчи беморлар, ногиронлар, ёшлар ҳамда хотин-қизларга зарур ёрдам ва тавсиялар берилаётир. Бу эса, ўз навбатида, одамларнинг узоққа қатнаб овора бўлмаслиги, мушкули осонлашиши, дарди енгиллашувида муҳим аҳамият касб этади. Табиийки, пойтахтимиздан юқори малакали мутахассисларнинг энг чекка ҳудудларга бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказаётгани ва яратиб берилаётган қулайликлардан барча бирдек мамнун бўлаяпти.

Ҳафталик доирасида кеча Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида бошланган тиббий кўрик жараёнларини бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам кузатиш имконига эга бўлишди. Унда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий ташхис қўйиш ҳамда касаллик аниқланган шахсларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Муассасамиз энг сўнгги русумдаги илғор тиббиёт асбоб-ускуналари, лаборатория жиҳозлари, рақамли рентген аппарати билан таъминланган бўлиб, бу аҳоли сиҳат-саломатлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаяпти, — дейди мазкур поликлиника бош шифокори Насиба Аҳмедова. — Тиббий текширувлар ана шундай замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюромобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратларида ўтказилаётгани аниқ ташхис қўйишда қўл келмоқда. Тадбир давомида болалар, фертил ёшидаги аёллар, пенсионерлар, ёлғиз кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилаётир. Шунингдек, оилаларга мутахассисларнинг бириктирилганлиги ҳам каттаю кичикнинг саломатлигидан мунтазам хабардор бўлиб туришимизга имкон бермоқда. 

— Фарзандим икки ёшда, — дейди Маҳлиё Анорбоева. — Турли касалликларга қарши ўз вақтида эмлангани, шифокорлар билан мунтазам маслаҳатлашиб, тавсиялар олиб турганимиз боис ўғлим соғлом ўсмоқда. Бугун туманимизда ўтказилаётган тиббий текширувда мутахассислар керакли маслаҳатлар беришди. Фарзандларимизнинг камолини кўзлаб ташкил этилаётган бундай тадбирлар туфайли болаларимиз соғлом ва баркамол бўлиб вояга етмоқда. Юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик учун Президентимизга раҳмат!

Саломатлик ҳафталиги доирасида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси томонидан махсус жиҳозланган “Damas” автомашиналарида ташкил этилган кўчма дорихоналар ҳам аҳолининг сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда асқатаяпти.

Тинч юртга байрамлар, хушхабарлар ярашади, деб бежиз айтилмаган. Биз марказий поликлиникадаги саломатлик ҳафталиги жараёнларини кузатар эканмиз, тадбир ташкилотчилари шу куни Ўрта Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлими фойдаланишга топширилиши ҳақидаги маълумотни айтиб қолишди.

Мазкур мажмуанинг очилиш маросимида вазирлик мутасаддилари, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари, кенг жамоатчилик қатнашди. 

— Соғлом она ва бола концепциясини амалга оширишда нафақат гинеколог ҳамда акушерлар малакасини ошириш, балки соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади, — дейди мажмуа бўлим мудири Хуршида Арслонова. — Ушбу маскан 2015 йилда капитал таъмирланиши натижасида бинода барча қулайлик яратилди. Жумладан, ҳомиладор аёлларда учрайдиган касалликларни даволаш, туғуруқ, реанимация бўлимлари ва чақалоқларни интенсив даволаш хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Янги мажмуа фойдаланишга топширилган кунда туғилган чақалоқ ўз хонадонига кузатилаётгани яна бир унутилмас воқеа бўлди. 

— Ўғил фарзанд кўрдик, — дейди банк соҳасида фаолият юритувчи Шерали Мингяшаров. — Унга Файзибек, деб исм қўйдик. Турмуш ўртоғим ҳам, ўғлим ҳам соғ-саломат. Юртимизда аҳоли саломатлигига қаратилаётган юксак эътибордан руҳланиб, фарзандимизни келажакда моҳир шифокор бўлсин, дея ният қилдик.

Дарҳақиқат, бу каби тадбирлар жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, профилактик чора-тадбирларни сифатли ташкил этиш, айниқса, оналар ва болалар ҳамда ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

Фурқат САНАЕВ,

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР