XS.UZ
Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси Ватан тақдирига дахлдорлик Кенг имконият ва соғлом рақобат савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади Тарбия оиладан бошланади Харидоргир маҳсулотлар сири нимада? Бурчга содиқлик қасамёди Ўзбек кураши Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди
  • 19 Февраль 2016

Баркамол авлод ва санъат тарбияси

Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида “Фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спорт билан бир қаторда санъат тарбияси, мусиқий тарбия ҳам беқиёс аҳамиятга эгадир”, деб алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, мазкур йўналишда жойларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг амалий натижалари эътироф этилди. 

Ҳақиқатан ҳам, мусиқа кўнгилдаги нозик ҳисларни чертиб, мусаффо туйғуларга ошно қилади, эзгулик, яхшилик умиди билан яшашга ундайди. Шу боис аждодларимиз, хусусан, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби алломалар комил инсон тарбиясида унинг ўрни ниҳоятда муҳим эканлигини уқтиришган.

Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудида замонавий болалар мусиқа ва санъат мактаблари бунёд этилиб, фойдаланишга топширилаётгани ҳам навқирон авлод вакилларининг маънавияти, дид ҳамда тафаккурининг юксалишига хизмат қилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилаяпти. Бугунги кунда Оролбўйида жами 21 болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда уларнинг аксарияти янгидан бунёд этилган бўлса, 6 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Бунинг учун 32 миллиард 345 миллион сўмлик маблағ йўналтирилди. Шунингдек, таълим муассасалари 6 миллиард сўмлик мусиқа асбоблари ва бошқа жиҳозлар, 80 миллион сўмликдан зиёд ўқув қўлланмалари, дарсликлар, дафтарлар билан таъминланди. Натижада замон талаблари даражасида таълим олиш учун кенг имконият вужудга келди.

Ҳозир мазкур ўқув даргоҳларида қарийб етти юз нафарга яқин ўқитувчи ва мураббийлар тўрт мингдан ортиқ ўғил-қизга сабоқ беришаётир. Бунда миллий ва жаҳон мусиқаси, санъатнинг барча тури қамраб олинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, илгари тўққизта йўналишда таълим берилган бўлса, айни пайтда болаларнинг қизиқишлари ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда театр, тасвирий ва амалий санъат, академик хонандалик йўналишлари ҳам жорий қилинди.

Қўнғирот туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактаби шундай муассасалардан бири. Бу ерда навқирон авлод вакиллари фортепиано, халқ чолғу асбоблари, анъанавий ҳамда эстрада хонандалиги, тасвирий санъат, рақс каби йўналишларда таҳсил олишмоқда. Уларнинг қўлга киритаётган ютуқлари эса таҳсинга лойиқ. Масалан, Зуҳра Заирова Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан ўтказилган ёш бахши ва чанқовузчилар танловида Қорақалпоғистон Республикаси ғолиби бўлди. Қолаверса, Фатима Келмағамбетова, Элмира Бегжанова, Алламберган Баймуратовлар турли кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашмоқда. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Бинобарин, анъанавий тарзда ташкил қилинаётган “Она юрт оҳанглари”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Академик ва эстрада ижрочилиги”, “Санъат ғунчалари” каби кўрик-танловлар, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Наврўз садолари” миллий чолғу ансамбль ва оркестрлар фестиваллари ҳам ўғил-қизларнинг ижрочилик қобилиятини ривожлантириш, улар ижоди тарғиботига хизмат қилаяпти. Биргина ўтган йили “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалининг дастлабки босқичида Оролбўйидан жами 6062 нафар иқтидор эгаси иштирок этди, шундан 580 нафари Қорақалпоғистон Республикаси босқичида қатнашди. Якунда 6 нафари яккалик йўналишда муваффақият қозонди, 3 та жамоа эса биринчиликни қўлга киритди.

Ёшларимизнинг халқаро миқёсдаги қатор нуфузли кўрик-танлов, ижодий учрашувлар ҳамда фестивалларда юқори ўринларга эришаётгани алоҳида эътирофга сазовор. Биргина 2015 йилда 22 нафар ўқувчи миллий ва жаҳон мусиқа асбобларини чалиш, анъанавий ва академик хонандалик, хореография каби йўналишларда ўз иқтидорини ёрқин намоён эта олишди. Жумладан, ўтган йилнинг 27 май — 3 июнь кунлари Беларусь Республикасида ўтказилган халқаро болалар фестивалида Нукус шаҳридаги 12-мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Асадбек Султонов юқори ўринни, шунингдек, шаҳримиздаги 1-мусиқа ва санъат мактабининг “Аму гуллари” дастаси эса учинчи ўринни эгаллади. Айтиш жоизки, Асадбек Султонов ўтган йили ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Истеъдод” танловида ҳам вокал йўналиши бўйича ғолиб бўлган.

Албатта, буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин мевасидир. Зеро, санъат — мўъжиза. Унинг бетакрор сеҳри ёшларимизни улкан марралар сари ундайверади.

 

Дуйсенбай ОТАРБАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

Халқ таълими вазирининг ўринбосари.

СУРАТЛАРДА: Қўнғирот туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолиятидан лавҳалар.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган